«Жасад — 25 ёшли аёлга тегишли…»

17:19 - 02.06.2022

381

Баҳорнинг ўрталари эди. Катта Фарғона каналидан аёл жасади топилди. Экспертлар тахминан 25 ёшлардаги аёл бўйнидан бўғиб ўлдирилиб каналга ташлаб юборилгани хусусида хулоса беришди.

Тезкор тергов ҳаракатлари давомида марҳумнинг исм-фамилияси, яшаган жойи ойдинлашди. Жамиланинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ота-онаси, қариндош-уруғи йўқ, мурувват уйида вояга етган, бировларнинг уйида ижарада яшаган. Ёлғиз она ёш боласига қараб тургани энага ёллаган. Қизчага энагалик қилган Холисхоннинг айтишича, Жамилани беш йилдан бери танийди.

– Жамилахон пул йиққан, квартира сотиб олмоқчи эди, – дейди Холисхон. – Таниган-билганларидан сотиладиган уйларни сўраб юрганди.

Аёл пулини эгаллаб олиш мақсадида ўлдирилган бўлиши мумкинлигига оид тахмин текширила бошланди. Уни таниган-билганлар бирма-бир сўроқ қилинди. Вақт ўтиб борар, бироқ қотил кимлиги қоронғилигича қолмоқда эди. Бир ярим ойча ўтгач, яқин дугоналаридан бири, икки йил бурун шаръий никоҳ билан турмушга чиққан Муяссар Жамила сотиладиган уй излаганини тасдиқлади. Унинг эри битта квартирани гаплашиб бергани аён бўлди. Талъат гумонланувчи тариқасида ушланиб сўроқ қилинди.

– Жамила билан шаръий никоҳдаги хотиним орқали танишганман, – деди у. – Ўртоғим Жавлонбекни ҳам таништириб қўйгандим, улар кўришиб, гаплашиб туришганди. Сотиб олгани квартира суриштириб юрганини билардик. Йигирма биринчи февраль куни эрталаб Жавлон уйимга келди. Дастлаб унинг «Дамас» машинасига газ қуйдириб олдик. Марғилонга қайтиб бораётиб телефон станцияси ёнида Жамилани кўриб тўхтадик. Уни миндириб олдик. Йўлда у квартира сотиб олгани етмаётган тўрт юз доллар пулни топишга ёрдам беришимизни сўради. Жамила Марғилонда машинадан тушаётганида бехос сумкаси очилиб, доллар пуллари сочилди. Жавлон ҳам кўрди. У қандай бўлмасин пулини олиб қўйишни таклиф қилди. Дастлаб мен кўнмадим…

Жавлон «аёлни етмаётган пулни топиб берамиз деб чақирамиз, машинада уни бўйнига арқон солиб қўрқитиб пулини олиб қўямиз, машинани сен минасан, мен арқон ташлаб қўрқитаман» дейди. Фақат қўрқитиб пулини олиб қўямиз дегани учун Талъат аёл билан боғланишга кўнади. Унга қўнғироқ қилиб етмаётган пулни топишда ёрдам беришларига ишонтиради. Кечки соат олтиларда Марғилон шаҳрининг истироҳат боғи ёнида уни «Дамас»га миндириб олишади. Жавлон атайин энг орқа ўриндиққа жойлашиб олади. Унинг олдидаги ўрта ўриндиққа Жамила ўтиради. Талъат келишиб олганларидай, Саткак қишлоғига, ундан Оқбилол қишлоғига юради. Қишлоқдаги танишларидан бири билан гаплашиб олгандай таассурот туғдириб, «пулни эртага топиб берамиз» дейди. Жамила рози бўлади. Кечқурун соат еттиларда ортга қайтишади.

– Типирчилаб ўриндиқни тепганида ўгирилиб қарасам Жавлон бўйнига арқон солиб бўғаётган экан, – давом этади Талъат. – Машинани тўхтатдим. Жамиланинг оғзидан келган қонни кўриб қўрқиб кетдим. Жавлон «ўзингни бос» дея ўзи рулга ўтириб машинани ҳайдаб кетди. Сувга оқизиб юборамиз деб Қўштепа туманига ҳайдади. Мурдани у бош тарафи, мен оёқларидан кўтариб Катта Фарғона каналига ташлаб юбордик. Жавлон «ёнидан тўрт минг бир юз доллар чиқди» деди.

Иккаласи совуққонлик билан Марғилон шаҳридаги такси бекатида таниш ҳайдовчининг енгил машинасига ўтириб Тошкентга йўл олишади. Пойтахт бозорларида, ортга қайтаётиб Қўқон шаҳри бозорида долларни сўмга алмаштириб олишади.

Судда Жавлон дастлабки терговда Талъат айбни бўйнингга олсанг ўзим ишни тинчитаман дегани туфайли нотўғри кўрсатма берганман деди. Унинг айтишича, аслида аёлни ўлдириб пулини эгаллаб олиш фикри Талъатдан чиққан, у фақат ўзининг «Дамас» машинасида иккаласини олиб юрганмиш. Талъат аёлга танишидан фоиз ҳисобига тўрт юз доллар олиб беришини айтиб чақириб олган ва ўзи энг орқа ўриндиққа ўтирган. Йўлда олдида ўтирган аёлнинг бўйнига ип солиб бўғиб ўлдирган ва изни йўқотиш учун жасадни каналга ташлаб юбориш фикри ҳам Талъатдан чиққан.

– Кейин Марғилонга келдик, – деди Жавлон. – Талъат менга тўққиз юз доллар берди. Тошкентга бориб пулни нотаниш одамлардан сўмга алмаштириб олдик.

Суд мажлисида Жавлоннинг марҳумни Талъат бўғиб ўлдиргани ҳақидаги кўрсатуви ишдаги далиллар билан рад этилди. Иккаласи бирдай жазога лойиқ деб топилди. Умрининг энг навқирон пайти – йигирма тўрт, йигирма беш ёшида бировнинг пулини қўлга киритиб кайфу сафога берилишдай бадбин ниятда ожиз аёлнинг жонига қасд қилган босқинчи қотилларнинг ҳар бири ўн етти ярим йилдан озодликдан маҳрум қилинди. Улардан марҳум – жабрланувчининг қонуний вакили, фарзандининг энагаси Холисхонга солидар тартибда 44 млн. 864 минг сўм (4200 АҚШ доллари миқдорида) моддий зарар ундириладиган бўлди.