Даромад эмас, кулфат

12:19 - 02.06.2022

233

Одамлар бир-бирига яхшилик улашиб, эзгу ишларга ундаб, баракали ва хайрли касбларни ўргатиб юрганига нима етсин. Ўз ишининг устаси бўлган деҳқонлардан кўп эшитганмиз – улар деҳқончилик илмини ўргатган устозлари, дўстлари, қўшни-ю қариндошларини алқаб чарчамайди.

Улардан экинни қандай экиш, парваришлаш, керак бўлса, касалликлардан қандай асраш сирларини сабр билан ўрганганини, шу сабабли ҳосили мўл, рўзғори ободлигини чин дилдан эътироф этишади.

Аброр ҳам, айтайлик, иссиқхонада помидор ё қулупнай етиштиришни ўрганиши, бунинг ортидан рўзғорига даромад олиб кириши, ҳатто ўзи сингари ишсиз юрган яқинларини ё маҳалладошларини иш билан таъминлаши мумкин эди. Ахир шундай қилиб элдан дуо олиб юрганлар қанча?!

Минг афсуски, Аброр ўрганган деҳқончилик унга обрў, даромад эмас, бир дунё ташвиш келтирди…

Аброрнинг уйидаги меҳмондорчиликдан сўнг гурунг қизиди. Меҳмон Лолазор маҳалласидан келган эски таниши Икром эди.

– Э, Аброр ука, шунча еринг бор экан, – деди Икром Аброрнинг томорқаси-ю боғини айланиб келгач. – Бунга деҳқончилик қилиш керак-да…

– Қандай деҳқончилик? – сўради мезбон.

– Мен сенга «бояги»нинг уруғидан олиб келиб бераман, – деди меҳмон овозини пасайтириб. – Қаерга қандай экиш, қандай парваришлашни ўргатиб тураман. Ҳосилни ўзим оламан. Етиштириб берганинг учун хизмат ҳақингни оласан… Йўқ жойдан даромад-ку сенга…

Аброр рози бўлди. Айни Наврўз арафасида деҳқонлар ер чопиб, экин экишга киришган кезларда у ҳам боғнинг бир қисми ва молхона олдидаги ерга уруғ экди. Аммо бошқалардан фарқли ўлароқ барака уруғини эмас, офат уруғини қадади.

Уруғлар тезда униб чиқди. Аброр уйи­дагиларга уларни шифобахш гиёҳ деб қўя қолди. Икром ўзи ваъда қилганидек, тез-тез хабарлашиб турди.

Бироқ авжи саратон маҳали уйга Аброрни йўқлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари кириб келганида боғ ва молхона ёнида экилган гиёҳларнинг нечоғлик шифобахшлиги аён бўлди.

Ходимлар ҳовлини кўздан кечириб, 18 туп наша ўстирилаётганини аниқлашди. Ўсимликлар расмийлаштириб олинди.

Жиноят ишлари бўйича Косон тумани суди Лолазор маҳалласида ўтказган мажлисда Аброр Умиров ва Икром Суяровнинг жиноят иши кўрилди.

Суд ҳукм қилди. Судланувчилар Аброр Умиров ва Икром Суяровга 3 йилдан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.