«Телефонсотар» лўли қиз

10:06 - 31.05.2022

337

Айтишларича, лўли қизлар 12-15 ёшида турмушга чиқар экан. Турмушга чиққандан сўнг эса оила боқиш уларнинг зиммасида бўларкан. Бизга маълумки, аксарият лўлиларнинг тирикчилик манбаси – тиланчилик.

Улар хуржунларини елкасига илиб ҳар куни шаҳар ва қиш­оқларда ҳовлима-ҳовли юриб, садақа йиғади.

Лўли миллатига мансуб, 21 ёшни қоралаган Рухсора Ҳамдамова ҳам ёш турмуш қурди. Афсуски, бу аёл уйма-уй, дўконма-дўкон юриб тиланчилик қилиш жараёнида ўғриликни ҳам касб қилганини унинг ҳаёт йўли кўрсатиб турибди. У бир неча марта судланиб ҳам хулоса чиқармаган. Оқибатда 19 ёшида хавфли рецидивист деган номни орттириб олган.

Р.Ҳамдамова 2019 йилнинг август ойида суд қарори билан жазодан шартли равишда озод қилинган бўлса-да, эски ҳунарини ташламаган экан. 2021 йилнинг июль ойида Рухсора танишлари Гулшода ва Зарина Қорабоевалар билан пойтахтимизнинг Сергели туманидаги дўкон ва дорихоналарга кириб тиланчилик қилишади. Улар дорихоналардан бирига кирганида сотувчи М.Қаҳҳоровани чалғитиб, унинг 1 млн. 700 минг сўмлик телефонини ўғирлаб кетишади ва сотиб, пулини бўлиб олишади.

2021 йил 8 август куни Р.Ҳамдамова бошчилигидаги гуруҳ Миробод тумани Тарас Шевченко кўчасидаги «Pink Island» дўконига кириб, сотувчи О.Шаталинани чалғитиб, унинг касса ёнида турган 5 млн. 600 минг сўмлик телефонини ўғирлаб кетишади. Бу сафар ҳам телефон сотилиб, пули бўлиб олинади.

Мазкур жиноий гуруҳ шу тариқа яна бир нечта туманда изғиб, дўкон ва дорихона сотувчиларининг қарийб 35 млн. сўмлик телефонларини ўғирлашади.

Ўғирлик ортидан кун кўраман деган аёллар қаттиқ янглишган эди. Чунки қонун барчага баробар, жиноятга эса жазо муқаррар.

Аёлларнинг жиноий қилмиш­лари жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида кўриб чиқилди. Судда фуқароларга етказилган зарарлар судланувчилар томонидан қоплангани эътиборга олинди ва Рухсора Ҳамдамова, Гулшода ва Зарина Қорабоеваларга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.