Ўқувчи қиз қўшни уйга ўт қўйди

09:46 - 30.05.2022

381

Ёшлигида хато қилмаган, адашмаган одам бўлмаса керак. Узоқ ўйлашга, муроса қилишга, маслаҳатга тоқати йўқ ўсмирлар мақсадга тез етишишни истайди. Аммо ким бўлишидан қатъи назар, қонунни бузганга жазо муқаррар.

Баҳор Саидова турмуш ўртоғи билан бирга бозорда кийим-кечак сотади. Кундузи уйида ҳеч ким бўлмайди. Буни яхши билган Шоҳида Асророва Баҳорнинг уйига ўғирликка тушди. Дастлаб ташқаридаги эшик қулфини бузди. Ҳовлига киргач, ертўлага тушди. У ердаги сандиқни очиб, 40 млн. сўм пулни олди. Кейин хоналарни бирма-бир кўриб, яна бир сандиқдан 16 млн. сўм топ­ди. Айвонда турган трюмонинг тортмасида ҳам 5 млн. сўм бор экан. Булардан ташқари, 2 млн. сўмлик тилла узук ва тилла сирғани ҳам чўнтакка урди.

Кейин из қолдирмаслик учун уйга ўт қўйди.

Баҳор бозорда савдо қилиб турганди. Соат ўнларда қўшниси ҳовлиқиб келиб, уйидан тутун чиқаётганини айтди. Баҳор уйига шошилди.

У келганда қўни-қўшнилар тўпланган, ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчираётган эди.

Баҳор тезда ертўладаги сандиқда пул борлигини, машина олиш учун йиғаётганини айтиб, олиб чиқишларини сўради. Икки киши сандиқчани олиб чиқди. Баҳор унинг қулфи бузилганини, ичидаги пул йўқлигини кўрди.

Кейин уйидаги бошқа пуллар, тақинчоқлар ҳам йўқолганини билди.

Баҳорнинг аризаси асосида тезкор ходимлар ишга киришди. Қилни қирқ ёрадиган изқуварларнинг назаридан ҳеч нарса четда қолмади.

Судда гувоҳ сифатида кўрсатма берган Рашид Қосимов компь­ю­тер хизматлари кўрсатиш, видеотасвирга олиш ва телефон сотиш билан шуғулланади.

Бир куни унинг дўконига Шоҳида Асророва келиб 2 млн. 700 минг сўмга «Samsung A41» русумли телефон сотиб олди. Бир неча кундан кейин у яна келди ва ишлатилган «Samsung A10s» русумли телефонни 1 млн. 250 минг сўмга сотиб олди. Харидорни яхши таниб қолган дўкон эгаси ундан яқинда телефон сотиб олганини, яна сотиб олаётганининг сабабини сўрайди.

Шоҳида аввалги телефонини синдириб қўйганини айтади. Унинг телефонларни савдолашмасдан сотиб олгани тезкор ходимларнинг эътиборини тортди. Вояга етмаган Шоҳиданинг ўғирлик қилгани, бунинг устига бировнинг уйига ўт қўйгани фош этилди.

Судланувчини ота-онаси қатъий назоратга олмагани ва унинг хулқи салбий баҳоланишини инобатга олиб, унга ўзи ўқиётган мактабдан тарбиячи тайинлаш мактаб директори зиммасига юклатилди. Жиноят туфайли етказилган зарар судланувчининг ўзидан, шунингдек, отаси, онаси, акаларидан ундириладиган бўлди.

Суд ҳукми билан Шоҳида Асроровага 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.