Эътибордан четда қолган масала

10:09 - 27.05.2022

451

Йиллар давомида эътибордан четда қолгани оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари инсонлар саломатлигига ва ҳаётига рахна солувчи асосий омиллардан бирига айланди.

Хусусан, 2021 йилда республикамиз бўйича 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Оқибатда 9 мингдан ортиқ инсон жароҳатланган, 2500 га яқин фуқаро ҳалок бўлган. Бу рақамларни шунчаки тилга олиш қийин. Мазкур автоҳалокатларга сабаб бўлган омиллар эса талайгина.

2022 йил 11 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни шу хусусда сўз юритилган эди.  Масъуллар томонидан муаммога жўяли ечим топилмагач, давлатимиз раҳбари камчиликларни бартараф қилиш бў­йича вазифаларга тўхталиб, бу масалани охирги беш йилда бирор раҳбар, бирорта ташкилот жиддий ва таҳлилий муҳокама қилмагани, соҳа бўйича қонунлар ва ишлар мутлақо қониқарсиз эканлигини танқид қилди.

2022 йил 4 апрель куни мазкур муаммони бартараф қилиш бўйича Ўзбекистон Президентининг «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб йўналиш­лари белгилаб олинди.

Жумладан, автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш ва сифатини яхшилаш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг «пиёда – жамоат транспорти – велотранспорт – автотранспорт» устуворлиги асосида хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шароит яратиш, ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимига инновацион педагогик технология­ларни жорий қилган ҳолда ўқув жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш белгилаб қўйилди.

Шунингдек, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, ҳар қандай қоидабузарлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш борасида ҳам янги тизим шакллантирилади.

Эндиликда йўл ҳаракати қоидалари болаликдан ўргатилади, яъни ушбу амалиёт мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида жорий этилади.

Йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда уларни такроран бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2022 йил 1 декабрдан бошлаб ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилади. Ҳар бир қоидабузарлик учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади. Баллар белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчи маълум муддатга транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Муайян давр мобайнида йўл ҳаракати қоидасини бузмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Бош прокуратура ташаббуси билан 2021 йил 3-4 март кунлари прокуратура академияси ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорликда «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммолари ва бу соҳада ҳуқуқбузарлик­ларнинг профилактикаси» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилган эди.

Унда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда Япония тажрибаси билан яқиндан танишиш, бу соҳада Ўзбекистондаги муаммоларнинг ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмагида ушбу фаолиятимизни яхшилашга қаратилган йирик лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган эди.

Япониялик мутахассислар 1960–1980-йилларда кунчиқар юртда ҳам йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб, ўлим билан боғлиқ фожиаларнинг асосий омилларидан бирига айланиб қолганини айтиб ўтишганди. Бунга барҳам бериш учун Япония ҳукумати кўплаб чораларни кўради, аммо йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бораверади.

Конференция қатнашчиси, Япониянинг «Алмек» корпорациясининг бошқарма бошқарувчиси Мичимаса Такагининг айтишича, 1960–1970-йилларда Японияда автоавариялар сони кўпайиб кетганидан кейин ҳукумат бунга чора излаб, аввал йўл қоидаларини бузганлик учун жарималарни кескин оширган, аммо бундан ҳам натижа бўлмаган. Ундан кейин ҳайдовчиларни тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилиб, автомобиль бош­қариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани олиш бирмунча мураккаблаштирилган. Афсуски, бу ҳам кўзланган натижани бермаган. Шундан сўнг давлат катта маб­лағ ажратиб, йўл ҳаракати иштирокчиларига болаликдан, яъни мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларидан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш жорий этилади. Қисқача айтганда, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданияти болаликдан шакллантирила бошлайди. Бу ишларга маблағни асосан Япониядаги автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялар ажратади. Бу ҳаракатлар 10 йилда, 1980-йиллардан кейин самара берди. Японияда автоавариялар сони кескин қисқарди. Японлар ҳозир ҳам бу ишлар давом эттирилаётганини таъкидлашган эди.

Афсуски, бизнинг таълим ташкилотларимизда бу масалага эътибор кам, мактабларда эса йўл ҳаракати қоидаларини ўқувчилар онгига сингдириш масаласи ҳаминқадар эди. Президент қарорида мазкур масалага жиддий ёндашиш лозимлиги таъкидланган. Бизнингча, Япония тажрибасидан келиб чиққан ҳолда мазкур масалага биринчилар қаторида эътибор қаратиш керак. Бу ишларга қарорда алоҳида урғу берилган. Яъни «Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади» шиори остида боғча болалари ва мактаб ўқувчиларида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини шакллантириш лозимлиги қайд этилган. Биз шу вазифани тўлақонли уддаласак, ҳайдовчилар тайёрлаш бўйича ишлар ҳам ўз-ўзидан аста изига тушади.

Пойтахтда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Тошкент имтиҳон маркази ташкил этилгани албатта ижобий ҳолат. Ҳатто мазкур марказ коррупциядан бутунлай холи деб эътироф этилди. Бунга шубҳа йўқ. Аммо бу мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг кескин камайишига асос бўлолмайди. Чунки ўқувчи фанларни аъло баҳога ўзлаштириши мумкин, лекин бу унинг хулқи ҳам аъло бўлади дегани эмас. Ушбу марказда имтиҳондан ўтиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси олганларнинг барчаси йўл ҳаракати қоидаларига тўлиқ риоя қилади дейиш қийин. Қолаверса, йўл ҳаракати иштирокчилари фақатгина ҳайдовчилардан иборат эмас.

Хулоса қиладиган бўлсак, биз шундоқ ҳам эътиборни жаримага ва бошқа омилларга қаратиб, йиллаб вақт йўқотдик. Қарорда таъкидланганидек, эътиборни йўл ҳаракати иштирокчиларининг қоидаларга амал қилиш маданиятини шакллантиришга қаратсак, бу борада тезроқ ижобий натижага эришамиз.