«Пулни бер ёки офисга онангни келтир!»

11:37 - 26.05.2022

262

Баҳор охирлаб қолган. Боғларда иш қизғин. Эртапишар мевалар териб олиниб, ёғоч ва пластмасса қутиларга жойланаяпти. Улгуржи мева офисда тарозида тортиб олиниб, ҳисоб-китоб қилинаяпти. Олисга қатновчи, совуткичи бор фураларга ортилиб, юртимиз ва чет эллардаги улгуржи бозорларга жўнатилмоқда.

Тошали (исм-фамилиялар ўзгартирилган) мевафуруш боғлардан, ҳовлилардан мева харид қилиб келтириб берадиган шерикларига аввалдан бўнак пули бериб қўяди. Мевани келтириб бериш муддатини келишиб олади. Йигирма уч ёшга кирган маҳалладоши Аширбой ҳам ана шундай  шериклардан эди. Тошали акасидан бир ярим млн. сўм бўнак пули олганди. Бироқ айрим сабабларга кўра айтилган вақтда гилосни тердириб топширмади.

Тошали унинг отасига қўнғироқ қилди. «Гилосни олиб келмайсизларми, ўғлингиз менга учрасин ҳозир» дея куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилаётгани устига келиб қолган Аширбойнинг ғазаби қайнаб-тошди. Фарғона шаҳрига боришни кейинга қолдирди.

Кечки пайт соат еттиларда қишлоқ марказидаги Метин акага қарашли улгуржи мева қабул қилинадиган ҳовли-офисга етиб борди. Метин ака ва бир неча ишчи ўз ишлари билан банд эди. Тошали тағин телефонда отасига дўқ қилаётганди. Аширбойни кўрди-ю, «Гилос қани? Пулимни қайтар!» дея пўписа қила бошлади. У «қарзим йўқ, гилос етилса, олиб келаман» деди. 

– Пулни бер. Бўлмаса туғиб берасан! – Тошали сўкинди.

– Гилосни, гилос бўлмаса пулни сенга эмас, Метин акага бераман.

– Туғасан пулни, йўқса онангни опкеласан офисга!

Аширбойнинг қони қайнаб унга ташланди. Иккаласи муштлаша кетди. Ишчилар ажратиб қўйишди. Аширбой «Нексия» машинасига ўтираётганида Тошали ҳамманинг олдида тағин онасидан келиб куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилаверди. Аширбой машина бардачогидаги пичоқни олди-да, рўбарў келган Тошалига санчиб олди.  Машинани миниб қочди. Уйига келиб пичоқни гуллар орасига ирғитди.

Бўйни тагидан қон отилиб чиқаётган Тошалининг ярасини боғлаб, ўзининг машинасида шифохонага етказишди. Жарроҳлар жароҳатни тикиб қўйишди. Лекин муолажа бесамар кетди. Кўп қон йўқотган Тошали орадан тўрт кун ўтиб вафот этди. Афсуски, бир ярим млн. сўм пул можароси шундай тугади. Жанжалнинг бошида бирон киши ёхуд кўпчилик ўртага олиб  муросага келтириб қўйганида фожианинг олди олинарди.

Суд ҳукмини ўқиди. Аширбой ўн йилга озодликдан маҳрум қилинди.