Сизни «Apple» акциядорига айлантирамиз!

11:45 - 25.05.2022

505

– Пулни пул топади. Маблағингиз бекорга ҳам сандиқда ётиши мумкин. Ундан кўра сармоянгизни ақл билан ишлатишни ўрганинг. Мана биз сизга ёрдам берамиз. Бир зумда дунёдаги энг машҳур  компанияларнинг акциядорига айланасиз. Улар олаётган фойдада сизнинг ҳам улушингиз бўлади. Истасангиз – «Nike», истасангиз – «Apple»…

Қарши тумани Потрон маҳалласида яшовчи Абдураҳмон Жумаев мана шу каби ваъдалар билан аврайдиган фирибгарларнинг қармоғига қандай илиниб қолганига ўзи ҳам ҳайрон.

2020 йилнинг февраль ойи эди. Ҳамқишлоғи Шаҳриёрдан Қарши шаҳрида «Nasdaq unique finance» деб номланган хорижий компаниянинг филиали очилгани, у орқали чет элнинг нуфузли фирмаларининг акцияларини сотиб олиб, даромад қилиш мумкинлиги ҳақида эшитиб қолди. Шаҳриёрнинг ўзи ҳам шу компания орқали акция сотиб олганини, яхшигина фоиз тўлашаётганини айтиб, мақтанди.

Буни эшитган Абдураҳмоннинг ҳаловати йўқолди. Пул бор, қанийди фойдалироқ бизнесга тиксангу фоизини шақиллатиб санаб олсанг… Шу ниятда Шаҳриёр билан у айтган компания филиали жойлашган Қарши шаҳридаги «Геолог» кафесининг иккинчи қаватига келди. Бу ерда ўзини Жасур деб таништирган йигит Абдураҳмон сингари қизиқиб келганларга «Nasdaq unique finance» хорижий компаниясининг фаолияти ҳақида гапириб берди. Агар хорижий компаниянинг акцияларини сотиб олишса, ҳар ойда 6 фоиздан фойда олишлари мумкинлиги, қанча кўп пул тикилса, фойда ҳам шунча кўп бўлиши, қўйилган маблағ суғурталаниши ва қайтариб олиниши кафолатланиши ҳақида ваъз айтди.

Шу тариқа Абдураҳмон ўзини мазкур компания вакили сифатида таништирган ва айнан шу бизнес орқали катта даромад орттирганини айтган Тўйчи Ризаевга 5000 АҚШ долларига ҳисоблаб, 42 миллион сўм пул келтириб берди. Т.Ризаев пулни олгач, унга «Apple» компаниясининг акциясини сотиб олгани ҳақидаги шартномани тутқазди.

Шу тариқа Абдураҳмон Жумаев ҳам асли тайини бўлмаган «Nasdaq unique finance»нинг тузоғига тушган ўнлаб жабрдийдалар қаторидан жой олди…

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан видео­конференцалоқа режимида ўтказилган мажлисда судланувчилар Шоҳрух Абдураҳмонов, Тўйчи Ризаев, Муҳиддин Ризаев ва Умид Ҳасановнинг жиноят иши кўрилди.

Қайд этилишича, Ш.Абдураҳманов 1982 йилда туғилган. Маълумоти олий. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Илгари қилган жиноятлари учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва бошқа турдаги жазоларни ўтаб чиққан. Тошкент шаҳрида яшаган.

Т.Ризаев 1971 йилда туғилган. Маълумоти ўрта-махсус, пенсияда. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Қарши тумани Бешкент шаҳрида яшаган.

М.Ризаев 1977 йилда туғилган.  Маълумоти олий, Қашқадарё вилояти молиявий назорат бошқармасида бўлим бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Оилали, беш нафар фарзанди бор. Қарши тумани Чоргумбаз маҳалласида яшаган.

У.Ҳасанов 1997 йилда туғилган. Маълумоти ўрта-махсус, ишламайди, бўйдоқ. Қарши тумани Ширкент маҳалласида яшаган.

Шоҳрух Абдураҳмонов жиноий шериклари Т.Ризаев, М.Ризаев, У.Ҳасанов ва бошқалар билан бирга уюшган гуруҳ ташкил этди. Дастлаб Қарши шаҳридаги «Геолог» кафесининг, кейинчалик «Азизбек» чойхонаси биносининг иккинчи қаватини ижарага олиб, бир нечта компьютер ва реклама лавҳаларини ўрнатиб, «Nasdaq unique finance» компанияси (бу компания Швейцариядаги халқаро ташкилотларнинг қора рўйхатига тушиб улгурган) вакиллари сифатидаги фаолиятини бошлаб юборишди. Уларнинг таклифига кўра фуқаролар камида 1000 доллар миқдорида сармоя киритиб, хорижнинг нуфузли компаниялари акциядорига айланишлари ва ҳар ойда 6 фоизлик улушни олишлари мумкин экан…

Компания офисларига мўмай фойда дарагини эшитган одамлар оқиб кела бошлади. «Nasdaq unique finance» вакиллари эса тузган жиноий режаларига асосан одамларни қизиқтириш ва ишонтириш мақсадида тақдимотлар ташкил этишди. Тўйчи Ризаев оғиз кўпиртириб, ўзининг шу компанияга аъзо бўлиб бо­йиб кетганини айтиб, тақдимотга келган фуқароларнинг қулоғига лағмон илишдан чарчамади… Чарчаш қаёқда, бу ёқда ўртача 5-10 минглаб доллар сувдай оқиб келиб турган бўлса…

Шу тариқа фирибгарлар «Телеграм»даги махсус бот дастури ва офислардаги тарғибот ишлари орқали фуқароларнинг ишончини қозониб, каттагина сармояни йиғиб олишди. Айрим мижозларга дастлаб қиздириш мақсадида дивиденд ташлаб туришди. Бироқ кейин ваъда қилинган фойда-ю фоизлардан дарак бўлавермади…

«Nasdaq unique finance»га ишонч билдириб, куйиб қолган фуқаролар сони кун сайин ошиб борди. Рўйхатнинг адоғи кўринмади… Фирибгарларнинг алдов эвазига қўлга киритган маблағи ўзлари ясаган молиявий пирамидани юксалтириб борди…

Аниқланишича, Ш.Абдураҳмонов ва унинг жиноий шериклари 2018 йил 29 октябрдан 2020 йилнинг сентябрь ойига қадар жами 213 кишининг 14 млрд. сўмга яқин маблағини жиноий йўл билан қўлга киритган.

Судланувчи Ш.Абдураҳмонов судда мутахассисларнинг «Nasdaq unique finance» фаолиятига берган хулосасига қўшилмаслигини, компания фаолиятини қонуний деб ҳисоблашини, иш юзасидан мутлақо айби йўқлигини қайд этди. Қолган судланувчилар ҳам судда айбларига иқрор бўлмасдан жабрланувчи тўнини кийиб олишди.

Суд мажлисига гувоҳ сифатида чақирилган Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги мутахассиси «Nasdaq unique finance» фаолияти бўйича хулоса берди. Унинг қайд этишича, бу компанияда «молиявий пирамида» фирибгарлик лойи­ҳаси унсурлари яққол кўзга ташланади.

Мазкур ўта чигал ва мураккаб иш юзасидан юзлаб жабрланувчи, гувоҳларнинг кўрсатувларини таҳлил қилишнинг ўзи бўлмади. Ниҳоят суд ҳукми эълон қилинди. Унга кўра судланувчи Шоҳрух Абдураҳмонов ва Тўйчи Ризаевга 10 йилдан, Муҳиддин Ризаев ва Умид Ҳасановга 8 йилу 6 ойдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жабрланувчиларга етказилган зарарнинг бир қисми қайтарилгани қайд этилди, қолган қисмлари судланувчилардан ундирилиши белгиланди.