Ими-жимида дўстлашганлар

09:39 - 23.05.2022

535

Инсон келажагига таҳдид солувчи иллатлар кўп. Тамаки чекиш, ароқхўрлик ёки гиёҳвандлик шулар сирасидан.

Мамлакатимизда ёш йигит-қизлар орасида инсон онгига кучли таъсир қилувчи дориларга қарамлик кўп кузатилаётгани ташвишланарлидир. Бунинг оқибати яхши бўлмайди.

Самарқандлик Илҳом Жўраев тоғни урса талқон қиладиган навқирон ёшда. Аммо у шу пайт­гача на ўқишга меҳр берди, на ҳунар эгаллади, на бирор жойда ёлчитиб ишлади. Икки фарзандига ўрнак бўлиш ўрнига оиласига иснод келтирди. Чирчиқлик Дамир ҳам иш деса қочадиган, тер тўкмай бой бўлишни хаёл қиладиганлардан. Севара эса гапга чечан бўлгани учун кўпчиликнинг «яхши қиз экан» деган эътирофига сазовор бўлган бўлса не ажаб? Ахир Самарқанддан пойтахтга келиб дорихона очиш ва юритиш учун яхшигина билим ва уқув керак. Хўш, суднинг панжараси ортида пушаймонликдан бош­лари эгилган бу учала кимсани нима бирлаштириши мумкин?!

Тўғри, ҳаётда бир-бирини аввал кўрмаган, билмаган одамлар дастлабки учрашувдаёқ бири-бирига маъқул келиб, дўстлашиши, узоқ йиллар борди-келди қилишганига мисоллар кўп. Лекин қора ниятда, тақиқланган ҳаракатларни ими-жимида бажариш учун дўстлашадиганлар ҳам учраб туради.

Хуллас, ҳаммаси болалар туғилиб, рўзғор харажати катталашгач, ҳали у, ҳали бу нарсага муҳтожлик ортавергач бош­ланди. Ўшанда Илҳом Тошкент шаҳрига бориб хонадонларни таъмирлаб юрган танишлари билан боғланиб иш суриштирди. «Келавер, иш топилади» деган жавобдан сўнг пойтахтга келди. Аммо устачилик машаққатини кўргач, кўп ўтмай яна дангасалиги тутди, феъли айниди: «Нима, энди бир умр чанг ютиб юришим керакми? Бўлмайди! Осонроқ, кўп пул топиш мумкин бўлган яхши иш керак». Аммо бундай ишлар учун катта билим, маҳорат, ақл лозим-да. Шу боис тўғри йўл қолиб, эгри кўчаларга мўралай бошлади. Кунларнинг бирида Ҳайит исмли кимса билан танишиб қолди. Биринчи суҳбатдаёқ жуда ўзига ўхшаган, яъни ниятлари мос келадиган йигит эканини пайқади. 

– «Регапен», «Тропикамид» деган дориларни эшитганмисан?

– Қулоғимга чалингандай бўлувди…

– Даромади мўмай бўлишиниям биларсан унда?

– Ростан шунақами?

Ана шу суҳбатдан сўнг Чилонзор туманидаги энг гавжум чорраҳалардан бирини Илҳом ўзига «ишхона» қилиб олди. Иши жуда осон. Ҳайитдан дориларни олади ва чорраҳада изғиб юради. Мижозларнинг ўзи уни излаб келишади. Севара билан танишгач, иши янада кенгайди. Энди заҳри котилни дорихонада пуллаш имкони ҳам туғилди.

Дамир эса Севаранинг ишонч­ли мижозларидан бирига айланди. У Севарадан эллик, баъзан юзталаб дори олар, пулини вақтида бергани учун яхши мижоз сифатида қадрланарди.

Бир сўз билан айтганда «Регапен» ва «Тропикамид» туфайли бу учала шахс бири-бири билан ипсиз боғланиб қолишди. Ойига 800 АҚШ доллари эвазига ижарага олинган дорихонада бир қараганда ҳаммаси одатий кўринар, аммо одамларга малҳам сотиш қиёфасида иллат тарқатилаётганини кўпчилик англаб етмасди.

Бир гал Дамир Севарадан 100 та «Регапен» сўради. «Топилади, келавер» деганидан сўнг йигит дорихонага йўл олди. Бу пайтда Севара Илҳом билан қўнғироқлашган, йигит ҳам чорраҳада орттирган дўстларидан буюртмани олиб, дорихонага қараб йўлга тушган эди. Учови ҳам доридан қоладиган фойдани ўйлаб мамнун эди. Аммо ундай бўлмади.

Дорифурушлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар томонидан жиноят устида қўлга олинди. Суд жараёнида учала шахс ҳам қилмишидан пушаймонлик билдириб афв сўрашди, аммо адолат қарор топди. Уларнинг ҳар бири қилмишига яраша жазо олди.