«Мени ажратиб қўйишяпти» ёхуд Гендер тенглик қаёқда қолди?

10:05 - 20.05.2022

651

Фуқаро Гулчеҳра Усмонова Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилди. Мурожаати ўрганилиб, ишга жойлаштирилди. Бироқ кўп ўтмай «сизни вақтинча ишга олганмиз, бола парваришидаги ходим ўрнига қайтди» дея ишдан бўшатишди.

Фуқаронинг такрорий мурожаати қаноатлантирилиб, Фарғона вилояти ҳокимлигининг масъул ходими олий маълумотли, политехника институтининг қурилиш факультетини битирган аёлнинг «Фарғона минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат унитар корхонасига ишга жойлашишига ёрдам берди.

Аёл энди тиниб-тинчигандай эди. Бўлмади. Корхона директоридан ибрат олиб «ёзувчи» дея мазахлайдиган бир нечта ходимдан ташқари аксарият ишчилар босиқ, вазмин аёлни ҳурмат қилишарди.

Г.Усмонова корхонага келган ариза, мурожаатларни саралайди, ҳисобини юритади, ижро учун бўлим ва ходимларга чиқаради, муаллифларга жавобини жўнатади. Вилоят йўл қурилиши бошқармасига ишга ўтган О.Назировнинг ўрнига Ш.Пўлатов директор этиб тайинланади. Унга аввалги раҳбардан «ёзувчи»га нисбатан тоқатсизлик ҳисси юқади. Корхонада текшириш ўтказилади. Ш.Пўлатов «сен туфайли ҳайфсан олдим» дея ходимни сўкади.

Корхона юристи, бир вақтнинг ўзида ходимлар бўлими бошлиғи Р.Алимов «сизни ишингизни судга ошириб жавобгар қилишга далилимиз бор» дея ўз хоҳиши билан ишдан бўшаши ҳақида ариза ёздириб олади. Директор орадан бир кун ўтибоқ буйруқ чиқаради. Тағин кўчада қолганидан қаттиқ изтироб чеккан Г.Усмонова бетоб бўлиб ўн кунча даволанади. Автомобиль йўллари қўмитасига мурожаат этади. Қўмитанинг мурожаатлар билан ишловчи ходимининг Г.Усмоновани ишга қайтиб олиш ҳақидаги тавсияси инобатга олинмайди. Г.Усмонова адвокат ёллаб, фуқаролик ишлари бўйича судга ариза беришга мажбур бўлади. Адвокатнинг сўровига асосан корхона маъмурияти ўз хоҳиши билан бўшагани тўғрисида буйруқ, бунгача гўё касаба уюшмасида муҳокама қилингани ҳақидаги йиғилиш баёни нусхасини тақдим этади. Буни қарангки, касаба уюшмасининг йиғилиши якшанба – дам олиш куни ўтказилган экан (сохта баённома ёзиб берилган). Бундан аввал ҳам ўзининг иштирокисиз муҳокама қилинган экан. Г.Усмонова икки марта муҳокама қилинганини фуқаролик суди мажлисида билиб ҳайрон қолди.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси Д.Исматуллаева Г.Усмонованинг «Фарғона минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» ДУК директорининг ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғини бекор қилиб, ишга тиклаш ва мажбурий прогул учун иш ҳақини ундириб беришни сўраб ёзган даъво аризасини холисона кўриб чиқди. Меҳнат кодексининг 99-моддасига биноан ходим меҳнат шартномасини икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб бекор қилишга ҳақли. Огоҳлантириш муддати тугаганидан сўнг иш берувчи ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт. Ишдаги ҳужжатларга кўра Г.Усмонова 2021 йилнинг 1 декабрь куни ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаши ҳақида ариза ёзган, бироқ аризада бўшаш санаси кўрсатилмаган. Корхона директорининг 2021 йил 2 декабрь кунги буйруғига асосан (Меҳнат кодексининг 99-моддаси 1-қисми талабига зид равишда) Г.Усмонова билан тузилган меҳнат шартномаси ўз хоҳишига кўра бекор қилинган. Иш берувчи икки ҳафталик огоҳлантириш муддати ўтишини кутмасдан ариза берилган кундан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида буйруқ чиқарган. Бироқ икки ҳафталик огоҳлантириш муддатини қисқартириш ҳақида иш берувчи ва Г.Усмонова ўртасида келишув мавжуд эмас. Буйруқда огоҳлантириш муддати умуман кўрсатилмаган. Судда аниқланиб тасдиғини топган ҳолатларга кўра буйруқ қонун талаблари қўпол равишда бузилган ҳолда чиқарилган. Суднинг ҳал қилув қарори билан Г.Усмонова корхонанинг бош мутахассиси лавозимига тикланди, мажбурий прогул қилган кунлари учун 22 млн. 327 минг 137 сўм иш ҳақи тўланди. Г.Усмонова ниҳоят ёруғликка чиқди-ю… Бироқ тонг отишга улгурмай кун бота бошлади. 

– Ишга қайтган куним иккинчи қаватдаги хонадан биринчи қаватга кўчиришди, – дейди Г.Усмонова. – Хатлар билан ишлашга шароит йўқ, телефон уланмаган, эшик қулфланмайди, сейф ҳам йўқ. Хат йўқолса мен жавоб бераман. 23 февраль куни корхонада электр таъминоти узилди. Янгидан ишга олинган кадрлар бўлими бош мутахассиси Б.Сафаровга бекор ўтирмасдан «е-xat»ни улатиш учун ҳокимиятдан шартнома олиб келишга рухсат сўрадим. У бош инженерга учраб чиқди. Х.Тонготаров «интернет уланган, жойида ўтирсин» дея рухсат бермади. Ҳолбуки, «Ijro gov.uz» дастури учта ходимга уланган, менга уланмаган, ҳокимиятдан шартнома ҳам олиш зарур эди. Электр улангунича бош бухгалтерга айтиб, Давлат хизматлари кўрсатиш марказига электрон калит олгани бордим. Одам кўп экан, 140-навбатга ёзилдим, навбат келишини кутмасдан вилоят ҳокимлигига келиб шартнома олдим. Қайтиб келганимда ҳали ҳам электр уланмаганди. Б.Сафаров рухсатсиз чиқиб кетганим учун тушунтириш хати ёзишни талаб қилди. «Корхона манфаати учун ишлаб келдим» дея ёзиб бермадим. Х.Тонгатаров оғзаки огоҳлантириш беришни буюрди. Бош инженер ва директор фуқаролар ва юридик шахслардан келган мурожаатларни кўриб чиқишни, жавоб хатларига имзо қўйиб беришни пайсалга солишаяпти. Кейин айбни менга юклашади. Ш.Пўлатов хатга тўрт кун ўтиб имзо қўйиб берди. Бошқа ходимлар ёзган хатлардаги хатолар учун мени ҳузурига чақириб, «мен муҳаррир эмасман, кейинги сафар кечирмайман» дея огоҳлантирди. Х.Тонготаров 7 март куни почтага хат ташлаб келгани рухсат бермади. Муддати 9 март куни тугайдиган хатга имзо чекмади. Мени жамоадан ажратиб қўйишаяпти.

Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида идоранинг иккинчи қаватида бўлган тадбирга, ундан кейин Наврўз байрами нишонланган тадбирга мени қатнаштиришмади. 14 март куни эрталаб почтага хат ташлаб келганимда соат 9:30 эди. Почтага бориб келишимга 30 минут вақт ажратилган. Ишхонага киритишмади. 10-15 минут кўчада турганимдан кейин ичкарига қўйиб, нега кеч қолганимни сўрашди. Поч­тага борганимни тасдиқловчи реестр бўлса-да, ўзлари ичкарига қўймай, кўчада турганим учун 16 март куни йиғилиш қилиб, ишга 9:40 да келди деб ҳайфсан беришди…

Директор ва бош инженер фуқаролик судида ютиб, бузилган ҳуқуқи тикланган ходимга қасдлашиб, энди «қонуний» ишдан бўшатиш чорасини кўришаяпти. ИИБ ҳудудий инспекторига хат тайёрлашди. Алп йигитлар ҳудуд инспекторини аёлга қарши қайрашди. Инспектор чақиртирганида учраган Г.Усмонова суд қарорини кўрсатиб, ата­йин ишдан ҳайдашга уринишаётганини айтиб ўтди. Ҳар куни уюштирилаётган асаб­бузарлик туфайли касал бўлиб шифокорга учради. Невропатолог тавсияси билан касалхонага ётди.

Г.Усмонованинг Автомобиль йўллари қўмитасига корхонада бемалол ишлашга имкон беришмаётгани ҳақидаги аризаси кўриб чиқиш учун вилоят автомобиль йўллари бошқармаси раҳбари номига («жамоа ёқтирмаяпти» деб ишдан бўшатган, қайта ишга олишга мажбур бўлган мансабдорга) жўнатилган. У ўз навбатида хатни таъқибчиларнинг ўзига – «Фарғона минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» ДУК раҳбариятига кўриб чиқиб чора кўриш учун юборган. «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг қайси бандида аризани шикоятга сабабчи бўлган раҳбарларнинг ўзлари кўриб чиқиши белгиланган?!

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда гендер тенглик, аёлларни моддий ва маънавий қўллаш борасидаги инсонпарвар сиёсат олиб борилаётган пайтда бундай ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин?