«Аёлинг бир тожик билан…»

10:46 - 19.05.2022

583

Қонунчиликда барча муаммоларга ечим бор. Аммо айримлар масалани ўзича ҳал қилишга уринади. Оқибатда ўзи қонунбузарга айланиб қолади. Ўттиз тўрт яшар У.Р. ҳам рашк туфайли қотилликка қўл урди.

У турмуш ўртоғи Ш.К. билан ўн йил турмуш кечирди. Икки фарзандли бўлишди. Биргаликда Россияга қатнаб ишлашарди.

2020 йилнинг февраль ойида бирга йўлга чиқишди. Чегарада У.Р.нинг Россияга кириши тақиқлангани аниқланди. У ортга қайтишга мажбур бўлди. Турмуш ўртоғи бу ёғига сафарини ёлғиз давом эттирди. Маълум муддат номаълум сабабларга кўра аёли билан телефон орқали боғлана олмаган У. хавотирга тушди. Такси ҳайдовчисига, уларни кутиб олиши керак бўлган холасига бир неча марта телефон қилди. Ниҳоят бир ҳафтада аёли холасининг ёнига етиб борди.

Орадан маълум муддат ўтгач, холаси қўнғироқ қилиб, Ш. ёмон йўлга кириб кетгани, бир тожик йигит илакишиб юрганини айтди. У.нинг қалбига ғулғула тушди. Аёлига телефон қилиб, ортга қайтишини талаб қилди. Бироқ шу орада бошланган пандемия туфайли Ш. уйга қайтолмади. Бу ёқда эса холадан хабарлар келишда давом этаверди. У. аёлига қўнғироқ қилиб, уйга қайтишини, уни кечиришини айтишни канда қилмади. Охири Ш. қайтмаслигини, болаларини ҳам Россияга олиб кетишини билдирди.

У. аёли билан ажрашиш ҳақида судга мурожаат қилди. Ш. йил охирида Россиядан қайтиб келди. У. аёлини кутиб олиш учун отаси билан вокзалга борди. Бироқ Ш. бирга яшамаслигини айтиб, ота уйига кетди. Шу орада суд эр-хотинни қонуний ажратди.

У.нинг фарзандларини ўзида олиб қолиш учун қилган ҳаракатлари фойда бермади. Болалар онада қоладиган бўлди. У. дам олиш кунлари фарзандлари билан учрашиб туриш ҳуқуқини қўлга киритди.

У.нинг қалбида собиқ турмуш ўртоғига нисбатан нафрат аланга ола бошлади. Хиёнат қилганига қарамай кечиришга, бирга яшашга рози бўлиб келган йигит учун энди уни ўлдириш бош мақсадга айланган эди. Ўзининг судда билдиришича, бир гал фарзанд­ларини уйига олиб келганида болалари онаси уларга ёмон муносабатда бўлишини, уришини айтишган. Бу У.нинг қалбидаги оловни гуруллатиб юборган. Шу кеча фарзандлари билан қолиш ўрнига пичоқ кўтариб, Ш.нинг ота уйи томон йўл олади. Ҳовлисининг деворидан ошиб ўтиб уйга киради. Ярим тунда ҳовлида ухлаб ётган Ш. ва унинг ёнида ётган онаси Г.нинг бир неча жо­йига пичоқ уради. Шу орада қўшнилар ҳам шовқинни эшитиб, ёрдамга ошиқадилар. Ш. шу ерда вафот этади. Агар қўшнилардан бири етиб келмаганида У. қайнонасининг ҳам қотилига айланиши мумкин эди.

Ваҳоланки, У. билан Ш. қонуний ажрашган. Ҳар бири хоҳишига кўра яшаш ҳуқуқига эга эди. У. туфайли иккита норасида етим бўлиб қолди. Биз бошқалар ушбу оила фожиасидан ибрат олишини, аввало ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида яшашини, келишмовчиликларни қонуний асосда ҳал қилишини, ақл билан иш кўришини сўраб қоламиз.