Киройи куёвинг шундай бўл(ма)син

10:14 - 17.05.2022

630

Эндигина 20 ёшни қаршилаган Жасурбек Эсонов ва Ҳаётжон Худойберганов эса катта ҳаёт остонасидаёқ эгри йўлга юз буриб, бугун яқинлари олдида боши хам, қонун олдида мулзам. Асли Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидан бўлган Жасурбек Тошкент шаҳрига бориб, мардикорлик қилиб юрарди. Шу ерда касбилик Мадина исмли қиз билан танишиб, ҳаёт йўлларини никоҳ риштаси билан боғлашга аҳд қилишди.

Орадан бирмунча вақт ўтиб Мадина уйига қайтди. Шундан сўнг ҳам Жасурбек бир неча марта Касбига келиб, Мадина билан учрашиб юрди. Улар тўй қилмоқчи, аммо тайинли касби йўқ, онда-сонда мардикорчилик қилиб топган пули эса ўзининг еб-ичишидан ортмайдиган Жасурбекнинг тўй қилишга қурби етмаслиги аён эди. Шу боис Мадинанинг қариндошлари буни тўғри тушуниб, тўй харажатини ўзлари кўтарадиган бўлишди.

Мадина бу хабарни Жасурбекка айтганида у Жиззахда, яъни ўз уйида эди. Мадина Касбига келиб, тўй юмушларига қарашиши лозимлигини айтгач, йўл тараддудини кўра бошлади. Тошкент шаҳрида танишган яна бир дўсти, наманганлик Ҳаётжон Худойбергановни ҳам чақириб, тўйга қадар ёнида бўлишини сўради. Ҳаётжон ҳам бунга рози бўлиб, Жиззахга етиб келди.

Икки шерик Касбига отланар экан, чўнтакларида айтарли пули йўқ эди. Бу ҳақда телефонда Мадинага айтганди, у бирорта киракаш машинани савдо қилиб Касбига келиши, йўлкирани ўзи тўлашини билдирди.

Жасурбек ва Ҳаётжон бир нечта таксини сўраб-суриштирди, аммо уларнинг ҳеч бири икковини Касбига олиб боришга рози бўлмади. Шунда киракашлардан бири Самарқанд шаҳридаги Қашқадарё вилоятига қатновчи таксилар турадиган жойга қадар олиб кетиши, шу ердан Касбига олиб борадиган машина топиши, унинг хизмат ҳақини ҳам ўша киракашдан қарз олиб бериши мумкинлигини айтди. Бу режа уларга ҳам маъқул эди. Шундай бўлди ҳам.

Самарқандлик Муҳиддин Ашуров исмли киракаш икки йигитни 600 минг сўм эвазига Касби тумани марказига олиб бориб қўйишга рози бўлди.

– Фақат бир муаммо бор, ака, – гап бошлади Жасурбек. – Ҳозир бизда умуман пул йўқ. Жиззахдан ҳам мана шу машинада қарзга  келдик. Юз минг сўм пул берсангиз, бу кишига жавоб бериб, Касбига боргач, у ердаги шеригимиздан 600 минг кира пули ҳамда 100 минг сўм қарзингизни ҳам қўшиб олиб берардик.

Ҳайдовчи уларнинг таклифига рози бўлиб, 100 минг сўм берди. Нариги таксичи билан ҳисоб-китоб қилингач, икки йигитни ўзининг «Жентра»сига ўтқазиб, Касби туманига қараб жўнади.

Улар тун яримлаб қолганда манзилга етиб келишди. Бу пайтда Мадина ҳақиқатан ҳам пулни тайёрлаб турган эди. Аммо манзилга яқинлашгач, Жасурбек ҳайдовчига пул бермасликка қарор қилиб, бундан шеригини ҳам огоҳ этди. Иккаласи бу борада кичик режа ҳам тузиб олишди.

– Бўлди, етиб келдик, ака, шу ерда тўхтанг.

Муҳиддин ака машинани йигитлар айтган жойда тўхтатди.

– Ака, менинг телефонимнинг заряди ўтириб қолди. Телефонингизни бериб туринг, Мадинага айтай, пулни олиб чиқсин, – деди Жасурбек ҳайдовчига юзланиб.

Муҳиддин ака телефонини унга узатди. Жасурбек телефонни олиб, аввал машина олдида туриб ўзини Мадина билан гаплашаётгандек кўрсатди, кейин бироз узоқлашиб, қоронғилик қўйнига шўнғиди ва кўздан ғойиб бўлди.

Муҳиддин ака гап нимадалигини тушунмай, уёқ-буёққа аланглаётган бир пайтда Ҳаётжон ҳам машинадан тушиб, ортга қараб қочиб қолди.

Шу куни рўзғорига тўрт-беш сўм топиб бориш илинжида йўлга чиққан ҳайдовчининг бегона жойда пулсиз, телефонсиз қолиб, қай аҳволда уйга қайтганини тасаввур қилиш қийин эмас. Жасур ва Ҳаётжоннинг эса ошиғи олчи эди. Улар бир неча кун давомида Мадинанинг уйида яшаб, тўй юмушларига ёрдамлашиб юришди. Бу орада Ҳаётжон ҳайдовчидан ўмарилган телефонни Косон туманидаги бозорга олиб бориб, 400 минг сўмга сотиб келди. Пулини эса иккаласи ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди.

Энг қизиғи, тўй яқинлашган бир пайтда Жасурнинг оёғи оғриб, юра олмай қолди. Мадинанинг яқинлари уни Касби тумани тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизишди.

Касбилик Шерзод исмли йигит ҳам шу ерда даволанаётганди. Жасур ўзида телефон бўлмагани учун тез-тез Шерзоднинг телефонини олиб, Мадина билан гаплашиб турди.

Ниҳоят шифокорлар Жасурга уйга қайтиши мумкинлигини айтишди. Уни олиб кетиш учун дўсти Ҳаётжон келди. Улар икки-уч дақиқа палатада ўтириб, суҳбатлашишди. Икки шерик ана шу қисқа суҳбат давомидаёқ Шерзоднинг телефонини олиб қочиш режасини тузиб олишганди.

Хуллас, улар нарсаларини йиғиштириб, палатадан чиқар чоғи Шерзоддан телефонини бериб туришини сўрашди. Бир неча дақиқа шу ерда гаплашиб, Шерзоднинг эътиборини чалғитгач, секингина хонадан чиқиб, жуфтакни ростлаб қолишди.

Ҳаётжон бу телефонни ҳам сотиш учун Косон тумани марказидаги бозорга олиб борди. Уни 300 минг сўмга сотиб олишини билдирган бир киши аввалига ҳужжатларини сўради, ҳужжатлари йўқлигини билгач эса, пулни берар чоғи ҳар эҳтимолга қарши Ҳаётжонни суратга тушириб қолди.

Шерзоднинг ИИБга қилган мурожаати асосида орадан бир неча кун ўтиб унинг телефони Косон туманидан топилди. Телефоннинг янги эгаси ИИБ ходимларига уни яқинда бир кишидан сотиб олганини айтиб, Ҳаётжоннинг суратини кўрсатди. Кўп ўтмай суратдаги йигит ва шериги қўлга олинди. Бу вақтда киракашлик билан шуғулланувчи Муҳиддин Ашуровнинг аризасига кўра ҳам уларга нисбатан қидирув олиб борилаётган эди.

Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судида Жасур Эсонов ва Ҳаётжон Худойбергановга нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилиб, улар Жиноят кодексининг бир нечта моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Суд уларнинг ҳар бирига иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.