«Сиз сўрайсизу мен йўқ дейманми?»

10:17 - 16.05.2022

543

2019 йилнинг кузида «Water life» масъулияти чекланган жамиятини очиб, рўйхатдан ўтказган Алишер (исм-фамилиялар ўзгартирилган) енг шимариб ишга киришди. Жамиятнинг вазифаси биноларга сув қувурларини ўрнатиб беришдан иборат эди. Ҳаш-паш дегунча орадан бир йил ўтди.

Айни ўша кезларда Хайрулла исмли йигит билан танишиб, унга нима иш билан шуғулланишини айтганида, янги танишининг кўзлари порлаб кетди.

– Ака, – деди у шодлигини яширмай. – Сизни менга худонинг ўзи етказди. Домимиздаги сув ҳисоблагичларини рўйхатдан ўтказиш керак эди. «Сувсоз»дагиларни танисангиз керак, соҳангиз деярли битта-ку! Шу масалада ёрдам беролмайсизми?

– Гап бўлиши мумкин эмас, – томоқ қирди Алишер. – Сиз сўрайсизу мен йўқ дейманми? Нечта хонадон ўзи?

– Олтмиш олтита! Ҳужжатлари билан пули ҳам тайёр.

Кўп ўтмай Хайрулла унга 5 млн. 500 минг сўм пул тутқазди. Алишер ишни тез кунларда ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, пулни олди-ю керакли жойга эмас, ўз эҳтиёжига сарфлаб юборди. Орадан кунлар ўтди. Аммо на ҳисоблагичлар рўйхатдан ўтказилди, на пул эгасига қайтарилди. Алишербой ҳали уни, ҳали буни баҳона қилиб юраверди.

Кутиш билан иш битмаслигига кўзи етган Хайрулла ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Унинг аризаси асосида ўтказилган суриштирувда Алишер Маҳкамовнинг яна бир қилмиши ошкор бўлди. Маълум бўлишича, у 2017 йил февраль ойида яна бир танишини чув туширган экан. Ўшанда «Дамас» машинасини сотиб олиш ниятида юрган Носир исмли йигит пластик картасидаги 52 млн. сўм пулни нақдлаштиришда ёрдам сўраб унга мурожаат қилади. Алишер йўқ демайди. Фақат картадаги пулнинг 15 фоизини хизмат ҳақи учун олиб қолишига рози бўлсагина ёрдам бериши мумкинлигини айтади. Носирдан пластик картани олгач, ундаги маб­лағни бемалол ўзи учун сарфлай бошлайди. Носирга кўринмасликка ҳаракат қилади. Учрашиб қолишганда эса мингта баҳонани рўкач қилади…  

Аслида бу каби ҳолатлар Алишер учун янгилик эмас. У 17 ёшида фирибгарлик жиноятини содир этган, суд томонидан иш ҳақининг 15 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган, жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган бўлса-да, бундан хулоса чиқармади.

Суд давлат айбловчисининг хулосаси, ҳимоячининг фикри, судланувчи ҳамда жабрланувчиларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар суд мажлиси давомида жабрланувчиларга тўлиқ қоплаб берилганини инобатга олди ва Алишер Маҳкамовга иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.