Кетса боғча болаларидан кетибди!

16:39 - 16.05.2022

563

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, болалар қамровини ошириш чоралари кўрилмоқда. Шу аснода кўплаб давлат мактабгача таълим муассасалари қурилаяпти, эскилари таъмирланмоқда.

Олмазор туманида ҳам 235 ўринли 169-мактабгача таълим ташкилотини қуриш учун бюджетдан 6 млрд. 296 млн. 151 минг сўм маблағ ажратилади. Қурилиш объекти тендерга қўйилади. Унда Худойберди Абдиев раҳбарлик қилиб келаётган «Best next star» масъулияти чекланган жамияти ғолиб чиқиб, муассаса қурилишини зиммасига олади. Аммо ишини виждонан бажармаган Х.Абдиев ажратилган маблағнинг бир неча юз миллион сўмини қалбаки ҳужжатлар асосида ўзлаштириб олади.

Муассаса қурилиши бошлангач, Х.Абдиев Мактабгача таълим вазирлиги ҳузуридаги «Инфратузилмани ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси мансабдорлари билан (жиноятнинг ушбу шахсларга алоқадор қисми алоҳида иш юритувига олинган) жиноий тил бириктиради. Улар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги «Ҳисобланган қиймати тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига нисбатан ошиб кетган қурилиш объектларини молиялаштиришга рухсат этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига зид иш қилишади.

Х.Абдиев унитар корхонанинг мансабдорлари билан келишиб олгач, экспертизадан ўтказилган 6 млрд. 296 млн. 151 минг сўмлик лойиҳа-сметага яна 432 млн. 142 минг 358 сўмлик қўшимча лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлаб, уларга тасдиқлатиб олгандан сўнг «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» Тошкент шаҳар филиалидан экспертизадан ўтказиб олади. Шу тариқа Х.Абдиев ДУК мансабдорлари билан жиноий тил бириктириб қурилишнинг харажатини 6 млрд. 676 млн. 344 минг 282 сўмга ошириб олади. Аслида эса боғча қурилишига 6 млрд. 276 млн. 178 минг 422 сўм сарфлайди.

Қурилишни тугатган Х.Абдиевнинг нафси яна ҳакалак отади. У расмий ҳужжатларга сохта маълумот киритади. Бажарилган ишларни 6 млрд. 931 млн. 664 минг 861 сўм миқдорида кўрсатиб, ортиқча 655 млн. 486 минг сўмни қўлга киритади.

Аммо қинғир ишнинг қийиғи чиқмай қолмайди. Қурилиш тугаганидан сўнг бажарилган ишлар хатловдан ўтказилганда Х.Абдиевнинг қилмиш­лари фош этилди ва жиноят иши қўзғатилди. Тергов жараёнида Х.Абдиевдан талон-торож қилинган бюджет маблағи ундириб олинди. Жиноят ишини кўриб чиққан Олмазор тумани суди Х.Абдиевга базавий ҳисоблаш миқдорининг 350 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.