Суннат тўйми ёки сўқим даъвоси?

11:10 - 13.05.2022

398

Меҳринисо ўйчан ва маъюс ҳолда ота уйининг дарвозаси ёнида уч фарзанди билан турарди. Охири секин остонадан кира бошлади. Келини Муаттар тандирда нон ёпаяпти. Укаси ҳойнаҳой ишда бўлса керак. Онаси эса товуқларга дон бериш билан овора. Ўйчан, барчани кузатаётган қизини кўриб Абдусамат отанинг юраги негадир ғашланди.

– Ҳа, қизим, тинчликми? Нега ўйланиб қолдинг? Кир уйга, набираларим совқотмасин, – деди у  хона деразасини очиб.

– Вой, ассалому алайкум, отажон. Сизни кўрмай қолибман.

Меҳринисонинг нигоҳидан ниманидир англаган онаси гап бошлади.

– Уйингдагилар яхшими? Бу сафар бошқача келдинг-а? Нимадир бўлдими?

– Ҳамма яхши, она. Фақат ўшанда набираларингизнинг хатна тўйида сўқим олиб борсаларингиз бўлар экан. Қайнонам «отангнинг биттагина қўчқорга қурби етибди холос. Наргизахоннинг отасидан ортиқ бўлса ортиқ эди-ю, лекин кам эмас эди. Аммо улар сўқим беришди» деб менга кун бермаяпти. Бу жанжаллардан зериккан турмуш ўртоғим талоғимни бериб юборди.

– Вой шўрим, шу ўлгур битта ҳайвон болаларидан ортиқ бўптими? Ана, отаси, сизга айтгандим-ку! Қудамиз шундай гапларни айтишини билгандим. Тўйда ҳам бир уй меҳмоннинг олдида мени роса изза қилганди.

– Қизим,  хафа бўлма. Тўғри, менинг қурбим етарди, лекин элдан кам ҳам қилмадик-ку! Шу сўқимнинг ўрнига уйингдаги жиҳозни янгилаб бердим. Бундан ортиқча қилсак уят бўларди-да, болам. Наҳотки ўзлари хабардор бўлиб туриб шу гапларни айтган бўлса!

…Меҳринисо уйига қайтганига ҳам икки ойдан ошди. Бу орада ота-онаси қудалар билан  уч-тўрт марта гаплашиб келишди. Маҳалла раиси ва фаоллари ҳам қанча уринмасин, фойдаси бўлмади. Қайнонанинг топиб олган гапи: «Таги пастлар билан ортиқ қариндошликни давом эттиришни хоҳламайман». Шу биргина сўқимни деб бутун бошли оила пароканда. Уч қоракўз ота меҳридан жудо бўлди.

Бизга хос одат эмас!

Бу тўйнинг нега суннат тўйи деб аталганининг сабабини ҳамма ҳам билавермаса керак. Халқда бунинг яна чукрон тўй, чипрон тўй, хатна тўй деган номлари ҳам бор.

– Тўғрисини айтсам, халқимиздаги бу удумга қаршиман, – дейди  бувайдалик меҳнат фахрийси Рўзихон Маннонова. – Нега энди қизини узатиб юборгандан сўнг унинг ўғил фарзанди тўйининг деярли ярим харажатини кўтариш бечора ота-онасининг зиммасида бўлиши керак? Ўзимнинг ҳам иккита келиним бор. Набираларимга ўтган йили хатна тўй қилдик. Қуда томонга ҳеч нарсага уринмаслиги ва меҳмон бўлиб келишини қаттиқ тайинладим. Тўй баҳона қизи ва набираларини икки-уч йилга етгулик кийим-кечак, уй жиҳози, яна жонлиқ билан таъминлашга улар мажбур эмас-ку! Зурриёд бизники бўлса, унинг тўйининг ташвиши ҳам ўзимизники бўлиши керак аслида. Кейинги ҳафтада қўшним ҳам набирасига хатна тўй қилаяпти. Кеча нима ёрдам керак дея ёнига киргандим. «Қўшни, ҳеч нима керак эмас, тўйнинг деярли барча харажатини қуда томон кўтараяпти. Шу баҳонада ошхона жиҳози, кир ювиш машинаси ҳам олдирволаяпмиз. Тўйга келадиган сўқимни сотиб, меҳмонхонага стол-стул олишни режалаштираяпмиз» деди. Унинг бу гапларини эшитиб, ёқамни ушладим. Наҳотки одамларда инсоф қолмаган бўлса! Бу қайси одатимизга тўғри келади?

Шарқни қонунлар эмас, қадриятлар бошқаради

– Солим розияллоҳу анҳу айтади: «Мен ва Нуаймни Ибн Умарнинг ўзлари хатна қилган ва бизга бир қўчқор сўйган. Мен Ибн Умарнинг бизнинг номимиздан қўчқор сўйганидан ўзимча қувониб юрганман». Демак, суннат тўй, яъни хатна муносабати билан қўй сўйиб, зиёфат бериш Пайғамбаримизнинг суннати эмас, балки баъзи саҳобаларнинг одати экан. У зот саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзи эса набиралари Ҳасан розияллоҳу анҳунинг номидан битта қўй сўйиб ақиқа қилган! Бу суннат тўй умуман суннат, вожиб ёки фарз иш эмас. Унинг номи суннат, унинг олдидан қилинадиган хатна (кестириш) амали суннат. Зиёфати суннат эмас, ихтиёрий амал! Қилинганда ҳам гўдакнинг отаси бировга оғирлиги тушмаган ҳолда қила олса қилади. Қайнота-қайноғасига солиқ солиш эвазига қиладиган бўлса, бидъату хурофот, зулм ишни қилган бўлиб, гуноҳкор бўлади, – дей­ди Фарғона шаҳар Жойдам жоме масжиди имом хатиби Баҳром Турсунов.

Хуллас, суннат тўй у ёқда турсин, ҳатто ақиқа ҳам ҳеч қачон қарз олиб ёки келиннинг отасининг бўйнига қўчқор ё новвос ёки тойчоқ олиб келишни юклаб, қуда бечоранинг ёстиғини қуритиш эвазига қилинмайди! Борди-ю шундай қилинса зулм бўлади.

Юқорида тилга олинган муаммонинг олдини олиш учун маҳалла раислари, уларнинг маслаҳатчилари тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришлари керак деган фикрни кўп эшитамиз. Бизнингча, аввало тўй эгаларининг қийшиқ дунёқарашини тўғрилашимиз шарт. Шунда эл орасида дабдабабозлик камайиб, тўйлар қарз, етишмовчилик, ғурбат келтирувчи ташвишга эмас, қариндош­лар, қўни-қўшнилар ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамловчи, хурсандчилик келтирувчи маросимга айланади.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА,

Журналист