Эшик қоққан яланғоч одам

17:15 - 13.05.2022

510

Тарвуз-қовун олиб-сотадиган Шоҳрух (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўша куни оғайниси Самандар билан велосипедда келаётган эди. Катта йўлдаги чойхона олдида тўхтаб ўтадиган юк машиналари ҳайдовчиларига тарвуз буюртма қилиб бўлгунларича вақт алламаҳал бўлиб кетди.

Икки оғайни қишлоқнинг кўчасидан қайтишаётганида Самандар таниш қизи уйда коронавирусга чалиниб ётиб қолгани, унга дори ва лаваш ташлаб ўтиши кераклигини айтиб қолди. Шоҳрух унинг велосипедини ҳам етаклаб, катта йўлга чиқиб, кутиб ўтирадиган бўлди…

Қўш велосипедни пиёда етаклаб, катта йўлга яқинлашган эди, тўғридан оқ рангли «Дамас» автомашинаси кўринди. Машина унинг қаршисида тўхтади. Ҳайдовчи салом-аликсиз унга қараб дўқ урди:

– Тўхта, қаердан келаяпсан?

– Ҳа, ўзим, айланиб юрибман, – деб жавоб берди Шоҳрух нотаниш ҳайдовчининг қўрслигидан жаҳли чиқса-да, ғазабини ичига ютиб. Ҳайдовчининг кейинги гапи эса ёш боланикидан ҳам ошиб тушди:

– Бу бизнинг кўча!

– Кўча сизларникимас-ку, юришга ҳаққимиз йўқми? – деди Шоҳрух. – Бировнинг уйига кирмасам, деворидан сакраб тушмасам, ўғирлик қилмасам, тинчгина йўлимда кетаяпман…

Машинасидан тушиб Шоҳрухнинг устига бостириб келган ҳайдовчи дабдурустдан унинг юзига мушт туширди. Йигит зарбдан ерга йиқилди, бурнидан қон оқа бошлади. Ҳайдовчи ғудранганича уни тепкилай кетди. Бу ҳам етмагандай велосипедларни йўл ёқасидаги маккапояга отиб юбориб, машинадан болта олганича карахт ҳолдаги Шоҳрухга таҳдид қилиб, уни машинанинг орқа ўриндиғига мажбурлаб миндирди. Эшикни ёпиб, машинани юргизди. Йўл-йўлакай сўкинганча «Дамас»ни ёнилғи қуйиш шохобчасининг орқа томонидаги далага ҳайдаб борди.

Шоҳрух унинг важоҳатини кўриб қўрқиб кетди. Далада тўхтаган ҳайдовчи уни машинадан судраб олиб тушиб, болтанинг тўмтоқ томони билан ура бошлади.

– Қўйиб юборинг, милицияга арз қиламан, – деди тинкаси қуриган йигит.

Аммо кўзлари қонга тўлган безори тўхташни хаёлига ҳам келтирмасдан мушт ёғдирар ва тинимсиз сўкиниб, таҳдид қиларди:

– Ўлдираман, чопаман, майдалаб ташлайман…

Шоҳрухнинг эгнидаги оқ футболка қип-қизил қонга бўялиб йиртилиб кетди. Ҳайдовчи яна уни машинага тортқилаб миндирди. Бу орада безори тортиб олган Самандарнинг телефони жиринглаб қолди.

– Яхшиман, ҳозир бораман, – деди ҳайдовчи телефонни Шоҳрухга тутиб.

Телефон қилаётган Шоҳрухнинг укаси экан. Йигит безорининг ўргатганларини такрорлашга мажбур бўлди. Бироз ўзига келганидан сўнг машина эшигини очиб, қочмоқчи бўлди. Ҳайдовчи унинг футболкасидан ушлаб қолди. Титилиб кетган кийимнинг бир бўлаги унинг қўлида қолди. Шоҳрух пастга тушиб қоча бошлади.

Йигит дала бўйлаб яланғоч, ялангоёқ қишлоққача югуриб борди. Дуч келган хонадон дарвозасини қоқди. Деразадан аёл кишининг овози эшитилганида абгор аҳволимдан қўрқмасин деб ўзини панага олди. Сўнг ундан турмуш ўртоғи қаердалигини сўради. Аёл эри Тошкентга ишга кетганини айтди.

Йигит хижолат тортиб нари кетди. Бошқа уйнинг эшигини қоқди. Уй эгаси чиққач, унга вазиятини тушунтирди. Хонадон соҳиби йигитга кийим, пойабзал берди. Шоҳрух пиёда туман марказидаги шифохонага бориб, дўхтирларга мурожаат қилди…

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани суди томонидан юқоридаги жиноятни содир этган Оқилжон Даминовга тегишли жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, О.Даминов 1993 йилда туғилган. Маълумоти ўрта махсус, ишламаган. Ғузор туманида яшаган. Ҳали ўттиз ёшни қаршилашга, оила қуришга ҳам улгурмаган бу йигит аввал ҳам жиноятга қўл урган. Бир гал амнистия жонига ора кирган бўлса, кейинги сафар Жиноят кодексига асосан унга жазо тайинланмаган.

Суд ҳукмига кўра О.Даминовга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш учун фуқаролик судига мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилди.