Уйга бегона эркак бостириб кирди…

10:22 - 12.05.2022

444

Гулнигор Бобоева оиласи билан янги уй қилиб, қайнота-қайнонасидан алоҳида яшайди. Бир куни Гулнигор рўзғорга керакли нарсаларни олиш учун бозорга борди. Икки қўлида иккита халта билан бозордан чиқиб таксилар томонга кетаётганди. Бир нотаниш киши келиб, ёрдам беришини айтиб қўлидан халталарини олди.

Улар таксиларга етгунча суҳбатлашиб боришди. Нотаниш одам ўзини Даврон Мажидовман деб таништирди. Гулнигор Бобоевадан ҳам исмини, қаерданлиги, кимларнинг фарзанди эканини суриштирди. Аёл ўзини таништирди, ота-онаси, турмуш ўртоғи ва икки фарзанди борлиги ҳақида гапириб берди.

Даврон Мажидов Гулнигорнинг ота-­онасини танишини айтди. Кейин улар машинага минишди.

– Телефон рақамингизни беринг, – сўради Даврон Мажидов.

– Мен телефон ишлатмайман, эримники бор, – деди аёл.

Орадан беш-олти кунлар ўтди. Гулнигор Бобоева ҳовлида ўз ишлари билан юрганда кўчадан Даврон Мажидовнинг ўтиб кетаётганини кўрди. Даврон у билан саломлашиб, бир қора пакетни Гулнигорга қараб отиб, уни олишини айтди.

Гулнигор йўқ деган бўлса-да, пакетни очиб кўрганда битта «Нокиа» русумли оддий телефон борлигини кўрди. Телефонни ёққан эди, қўнғироқ бўлди. Гулнигор жавоб берувчи тугмани босганда Давроннинг овози келди. Улар бироз гаплашишди, Даврон шу телефондан фойдаланиб гаплашиб туришини айтди. Гулнигор рози бўлди. Шундан сўнг улар пинҳона гаплашиб турадиган бўлди.

Ўзаро суҳбатларда Даврон хотинида кўнгли йўқлигини айтиб, Гулнигорни ёқтириб қолганини таъкидларди. Бироз муддатдан сўнг аёлнинг паспорти нусхасини олиб кетган Даврон бошқа рақам олиб келиб берди.

Уйим-жойим, оилам-болам деб келган Гулнигор ширин гапларга учди. Остонасини жирканч қадамлар билан булғади, турмуш ўртоғи иш юзасидан бирор жойга кетиб, ёлғиз қолган тунлари Давронни чақирадиган бўлди.

Шундан сўнг Даврон Гулнигорга «агар рози бўлсанг турмуш қурамиз, эринг билан ажраш ёки уни ўлдир» деб айтиб юрди. Гулнигор рози бўлмай Даврон билан уришиб қолди.

Ўткинчи ҳирсга берилган икки кимса шайтон малайига айланди. Шундан сўнг Даврон Гулнигорга бирга яшамайдиган бўлса, ишқий муносабатлари ва телефондаги суҳбатлари ҳақида турмуш ўртоғини хабардор қилишини айтиб қўрқитди. 

Гулнигор аросатда қолди. Уят ўлимдан қаттиқ деганларидай бу гаплар ошкор бўлса шарманда бўлиши, оиласи бузилиб, ҳаёти остин-устун бўлиб кетиши мумкинлигини ўйлаб қолди. Қилмишлари ошкор бўлиб қолишидан қўрқиб, Давроннинг ўзини ўлдиришни режа қилди.

Бир куни Гулнигорнинг турмуш ўртоғи бошқа туманга ишлаш учун кетди. Бундан хабардор бўлган Даврон кечаси келадиган бўлди.

Шу куни аёлнинг катта боласи қайнотасиникида, кичиги уйда эди. Ярим тунда Даврон келди, аёл ҳеч нимани сездирмай уни кутиб олди. Шаҳвоний нафсларини қондиришганидан сўнг Даврон турли хил видеоларни Гулнигорга кўрсатиш мақсадида телефонини кўра бошлади. Қулай фурсатни пойлаб турган Гулнигор шу пайт пепси ичимлигига дори қўшиб, Давронга ичириб, карахт бўлишини кутди. Даврон уйқусираб, бўшашиб қолгач, олдиндан даҳлизга келтириб қўйган болта билан Давроннинг бўйнига урди. Ўзини ҳимоя қилишга ожиз бўлиб қолган Даврон яна бир неча марта болтадан зарб еди. Унинг ҳали жон бермаганини кўрган аёл тобора ваҳшийлашди, шартта бошидаги рўмолини олиб Давронни бўғиб ўлдирди.

Кейин ташқарига чиқиб, қон сачраган юз-қўлларини ювди. Шу пайт бошқа хонада ухлаб ётган ўғли уйғониб, йиғлай бошлади. Гулнигор ўғлини кўтариб олди, кейин Даврон олиб берган телефонни синдириб ҳожатхонага ташлаб юборди.

Соат 3:30 ларда қайнотасининг уйига борди. Ўзини жабрдийда қилиб кўрсатиб, «уйга бегона эркак киши бостириб кириб номусимга тегмоқчи бўлди, ўзимни ҳимоя қилиш учун уни болта билан уриб ўлдириб қўйдим» деди қайнотасига. Нохуш хабарни эшитган қайнотаси аввалига ўзини йўқотиб қўйди, кейин маҳалла раисига қўнғироқ қилди. Раис ички ишлар бўлимига хабар берди. Шундан сўнг зудлик билан уларнинг уйига тергов гуруҳи етиб келди.

Қилни қирқ ёрадиган қонун ҳимоячилари аслида вазият қандай бўлганини аниқлашди. Ҳамма сирлар ошкор, элга овоза бўлди.

Суд ҳукми билан Гулнигор Бобоевага 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.