Президент: Маҳалла ҳақиқий куч бўлаяпти

11:17 - 10.05.2022

246

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида барпо этилган “Уч авлод боғи”ни бориб кўрди.

Маҳаллалардаги маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни эзгу ишларга ундашда нуронийларнинг катта ҳаёт тажрибаси муҳим. Шу мақсадда маҳаллаларда, таълим муассасаларида кекса ва ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар иштирокида “Уч авлод учрашувлари” ўтказилмоқда.

Ушбу янги боғ ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Илгари бу жой қаровсиз, йўллари нотекис эди. Энди Алимкент кўчаси таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди. Дарахт ва гуллар экилди, иссиқхона ва ишкомлар барпо этилди. Ўриндиқлар, пиёда ва велосипед йўлаклари аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит яратди.

Шу ерда нуронийлар, маҳалла фаоллари билан мулоқот бўлди. Улар эл-юрт фидойиларининг хотираси улуғланиб, кексаларга алоҳида ҳурмат кўрсатилаётганини таъкидлашди.

Бугунги кунда юртимизда 3 миллиондан ортиқ нуронийлар бор. Улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, соғлиғига эътибор қаратилмоқда. 28 мингга яқин нуронийлар санаторийларда соғломлаштирилди, 450 минг нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Барча ҳудудларда Нуронийлар кенгашлари ва маҳаллаларда кексалар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимлари ташкил қилинди. “Фахрий мураббий” ордени таъсис этилди. 3 минг 500 нафардан зиёд юртдошларимиз “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

– Шундай замон келаяптики, маҳалла ҳақиқий куч бўлаяпти. Масала ҳал бўлаётганини халқимиз сезаяпти. Ҳамма жойга нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар бўйича вакил қўйдик. Энди маҳалла раисининг “учта устуни” бор, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз фармонига мувофиқ, байрам арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 15 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти ва совғалар топширилди. Туман ва шаҳар ҳокимлари фронт ортида меҳнат қилган 10 минг нафар фахрийлар билан шахсан учрашиб, ҳолидан хабар олди.

Юртимиздаги бундай аҳиллик ва тинчликка шукр қилиб, уни авайлаш, нуронийлар ўз намунаси ва сўзи билан бунга ҳисса қўшиши кераклиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари шу ердаги “Юксалиш” бошқарув сервис компанияси фаолияти билан ҳам танишди. У еттита маҳалладаги 106 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Ҳисоб-китобларда биллинг тизими йўлга қўйилган. Компания биносида ва кўп қаватли уйларнинг ертўласида маиший хизматлар ташкил этилган.