Мулк ҳуқуқи берилмайди, агар…

15:31 - 10.05.2022

552

Мулкий ҳуқуқни амалга ошириш манфаатлар тўқнашуви билан уйғун ҳолда кечиши сабабли унда низоли ҳолатлар юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатда ҳалол ва инсофли иштирокчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан уларнинг ушбу жараённи тартибга солувчи қонун нормаларига қатъий риоя этиши билан боғлиқдир.

Ўзбекистон Конституциясининг 36-моддасида ҳар бир шахс мулк­дор бўлишга ҳақли эканлиги белгиланган, 44-моддасида эса ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдорлар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Шу билан бирга юртимида суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.

Фуқаролик кодексининг 212-моддасида зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ва қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй ва бошқа бинолар ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланиши, шунингдек ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмаслиги белгиланган.

Шунга қарамасдан, айрим юридик шахслар ўзига қурилиш учун ажратилмаган ерда қурилган ноқонуний иморатларини суд орқали қонунийлаштиришга уринаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Аниқланишича, «SLP» масъулияти чекланган жамияти Зангиота туманидаги 2,79 гектар ерда ўзбошимчалик билан иморат қурган. Уларга мулк ҳуқуқини олиш мақсадида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат этган.

Суднинг 2021 йил 23 апрелдаги ҳал қилув қарори билан мазкур ноқонуний қурилмаларга нисбатан жамиятнинг мулк ҳуқуқи тан олиниб, қонун бузилишига йўл қўйилган. Хусусан, ушбу иморатлар қурилиш учун ажратилмаган ерда қурилган.

Бундан ташқари, жамият томонидан иморатлар архитектура ва қурилиш нормалари ва қоидаларига жавоб бериши, иморатнинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг бузилишига сабаб бўлмаслиги ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги судда исботлаб берилмаган.

Суднинг мазкур ҳал қилув қарори прокурор протести асосида бекор қилиниб, жамиятнинг ноқонуний иморатларга мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги даъво аризаси рад этилиши таъминланди.