Бефойда ўтган ёшлик мусибатдир

15:50 - 05.05.2022

618

Ёшлик даврида ҳамма ўзини илму ҳунарга бағишлаши керак. Ҳеч бўлмаганда ҳалол ва фойдали меҳнатнинг бошини тутмаган инсоннинг эса, ҳар қанча хушчақчақ ва ёрқин хотиралар қолдирган бўлмасин, ёшлиги ҳайф кетган ҳисобланади. Дарҳақиқат, доно халқимиз бефойда ўтган ёшлик мусибатдир деб бежиз айтмаган.

Қашқадарёлик икки йигит ҳам йиллар ўтиб ҳайф кетган ёшлиги учун, ўтганнинг ўроғи, кетганнинг кетмонини олиб, атрофидагиларга кун бермагани учун надомат чекса керак.

2021 йилнинг декабрида жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судида кўрилган жиноят иши тафсилоти билан танишиб ҳам ачинасиз, ҳам қаҳрингиз келади. Бундайларни деб тинч замонда кечаси юришга юрагинг бетламайди.

Хуллас, воқеа шундай бўлган: 2021 йил 25 май. Ўша куни мамлакатимизда барча мактаб­ларда сўнгги қўнғироқ чалинади. Минглаб ёшлар мактабни тугатиб, катта ҳаётга учирма бўлади. Мактабни неча йил илгари тугатган бўлмасин, барчанинг қалбида қадрдон синф­дошлари, мактаб даврлари билан боғлиқ илиқ хотиралар жонланади. Ислом (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам кун бўйи яхши кайфиятда юрди. Кечқурун дўсти билан Қарши шаҳридаги меҳмонхоналардан бирининг олдида учрашди, суҳбат ўқувчилик йилларига уландими, узоқ қолиб кетишди. Бу орада Исломнинг онаси қўнғироқ қилиб, боласига нега кеч қолаётгани, хавотир олаётганини айтиб, уйга тез етиб келишини буюрди. «Онажон, нега безовталанасиз? Ёш боламидим? Бунинг устига, худога шукур, юртимиз тинч» деди-да, онасини кўп хавотирга қўймаслик учун дўсти билан хайрлашди.

Пича йўл юргач, анчадан буён орқасида унга эргашиб келаётган шарпаларга кўзи тушди-ю юраги шув этди. «Она юраги сезаркан-да» деди ўзига. Ислом қадамини тезлатди, шарпалар ҳам тез-тез юра бошлагач, у босқинчиларга дуч келганига амин бўлди. Кўча чироқларининг ёруғи тугаб қоронғилик бошлангач босқинчилар ҳаракатга ўтишди: Исломни қувиб етиб, қўлини қайиришди, уриб тепиб дўппослашди. Йигит «Урманглар! Ахир мен сизларга нима ёмонлик қилдим?» деса ҳам унга қулоқ солишмади. Аксинча, улардан бирининг қўлида пичоқ ялтиради…

Шу тариқа зўрлик ишлатган муштумзўрлар жабрдийданинг қимматбаҳо телефони ҳамда чўнтагидаги 700 минг сўм пулни тортиб олишди. Кейин тун қўйнига сингиб, бир зумда ғойиб бўлишди.

Анчагача ўзига келолмаган Ислом шу ердан ўтаётган автомашиналарни тўхтатиб ёрдам сўрамоқчи бўлди. Аммо ғалвага аралашишдан чўчибми ёки ярим кечаси ёқавайрон, афти бир аҳволда ётган йигитга ёрдам беришни исташмадими, бирон машина тўхтамади. Миллий гвардия хизматининг автомашинаси келиб қолди ва йигитлар Исломга ёрдамга шошилишди. Йўлтўсарларнинг турли тарафга қараб қочганини Исломдан эшитгач, ходимлар уларнинг изига тушишди. Қаерда биқиниб ётган бўлмасин, топилиб, қонун қўлига топширилди.

Йўлтўсарлар ким экан деб ажабланарсиз? Бу шоввозлардан бири, яъни босқинчиликнинг бошида тургани 2003 йилда туғилган Даврон – айни ҳаётига тамал тоши қўядиган паллаларда қинғир йўлга кирган, спиртли ичимликларга мойил шахс экан. Даврон на бир ҳунарнинг бошини ушлаган, на бир ўқишга қизиққан. Ҳали йигирма ёшга тўлмасидан суднинг қора курсисига уч марта ўтиришга улгурган Баҳром ундан тўрт ёш катта, аммо ўхшаш жиҳати у ҳам ишсиз, бекорчи.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасида Исломнинг танасида турли жароҳатлар, қон қуйилиши, шилинмалар борлиги аниқланган. «Ушбу жароҳатлар ўтмас қаттиқ жисм таъсирида етказилган ва жабрланувчининг соғлиғи қисқа муддат ёмонлашувига сабаб бўлган», – дейилади ҳужжатда.

Мазкур холат юзасидан суд ўз ҳукмини айтди. Давронга нисбатан 4 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Баҳром ҳам қилмишига яраша жазоланди.