Одил судловда аёл судьялар ҳиссаси ҳам бор

09:59 - 26.04.2022

605

Ўзбекистонда гендер тенглиги ҳамда аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари, фармон ва қарорлар қабул қилинган.

Гендер тенглигини жорий қилиш нуқтаи назаридан таълимдаги ўзгаришларни алоҳида таъкидлаш лозим. 2017 йилдан бошлаб аксарият олий ўқув юртларида турли мутахассисликлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолияти тикланди. Таълимнинг ушбу шакли ёш аёлларга болаларини парвариш қилишига халал бермасдан олий маълумот олиш имконини беради.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенатидаги маърузасида: «Мени кишиларимиз онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу шубҳасиз тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак», – деб таъкидлаган эди.

Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида 2019 йил сентябрь ойида «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. БМТнинг Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик жамғармаси, Болалар жамғармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси, Халқаро миг­рация ташкилоти ушбу икки қонун бўйича изоҳ ва таклифларини беришди.

Олий Мажлис Сенатида хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинган. Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.

Жамият тараққиётида аёлларнинг алоҳида ўрни борлигини инкор қилиб бўлмайди. Хусусан, суд тизимида ҳам аёл судьялар одил судловни амалга оширишга ҳисса қўшиб келмоқда. Айни вақтда республикамиз судларида 176 нафар аёл судья фаолият кўрсатаяпти, бу судьяларнинг 16 фоизини ташкил қилади.

БМТ Бош ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелдаги 75/274-резолюциясига асосан 10 март Халқаро аёл судьялар куни деб белгилангани сабабли 2022 йил 14 март куни Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда Сенат ҳамкорлигида «Суд соҳасидаги гендер тенглик ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлашда аёл судьяларнинг роли» мавзусида конференция ўтказилди. Тадбирда юртимизда фаолият юритаётган аёл судьялар онлайн (офлайн) тартибида иштирок этди.

Конференцияда суд соҳасида гендер тенглик ва режалар, шунингдек, суд соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш каби масалалар муҳокама қилинди, улар юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.

Тадбир якунида одил судлов соҳасида фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ аёл судьялар эътироф этилиб, уларга Сенатнинг фахрий ёрлиқлари топширилди.

Дилором АЛМУРАТОВА,

Сурхондарё вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси