«Тирик қолса, гуллаб қўяди!»

17:29 - 22.04.2022

504

Анчадан буён енгил машинали бўлиш ниятида юрган Д.Жаназаров бундан икки йил аввал ўзига муносиб машина топди, аммо нархига келганда бироз иккиланиб қолди.

«Спарк» автомашинаси хоҳлаганидан анча қиммат эди. Шу боис таниши А.Сейткамалов билан келишиб, ундан қарз олди. Шундай қилиб, ўртадаги келишувга биноан автомашина А.Сейткамаловнинг номига, қарз қайтарилганидан сўнг Д.Жаназаровнинг номига расмийлаштириладиган бўлди.

Орадан маълум вақт ўтиб, пул фоизи билан тўлиқ тўланди. Аммо А.Сейткамалов мижозидан қўшимча 4 млн. сўм талаб қилди. У бу билан ҳам чекланмай, уловни унинг номига расмийлаштиришдан бош тортди, ҳатто олиб ҳам қўйди.

Қизиғи шундаки, ушбу воқеадан сўнг А.Сейткамалов Д.Жаназаровга ўзининг «Матиз»ини сотиб олишини, агар пули етмаса, қарзга яна пул бериб туришини айтади. Лекин бу савдо ҳам келишмовчилик билан якун топди.

Бўлиб ўтган воқеалар Д.Жаназаровнинг жаҳлини чиқарганди. Шу боис ҳам у қандай бўлмасин, А.Сейткамаловдан ўч олишни ўйлайди ва таниши Ж.Бекмуратов билан тил бириктириб, режа тузишга киришади.

Режага кўра Ж.Бекмуратов А.Сейткамаловга қўнғироқ қилади ва телефон рақамини танишларидан олганини айтади. Сўнг асосий масалага ўтиб, яъни уй сотиб олмоқчилигини, шунга 30 млн. сўм пул зарурлигини, агар иложи бўлса, устама фоиз эвазига қарз бериб туришини илтимос қилади.

Суҳбатдошининг қабиҳ режасидан бехабар А.Сейткамалов эса бу масалада ёрдам беришга тайёрлигини, аммо олдин сотиб олинаётган уйни кўриши кераклигини айтади. Айнан шу жавобни кутиб турган Ж.Бекмуратов дарҳол такси жўнатиб, уни Нукус туманидаги Узункўл массивига келтиради.

Афсуски, мана шу жойда биз айтмоқчи бўлган мудҳиш воқеа содир бўлди. Жиноий шериклар ўзларининг алдовига ишонаётган А.Сейткамаловга дастлаб қурилиши тугалланмаган бир уйни ташқаридан кўрсатади. Сўнг уни ичкарига бошлаб киради. Мана шу жойда Ж.Бекмуратов хоналарнинг жойлашуви билан танишаётган А.Сейткамаловнинг орқа томонидан туриб, олдиндан тайёрлаб қўйган темир бўлаги билан бир неча марта уради. Бу орада ташқарида яшириниб турган Д.Жаназаров ҳам ёрдамга келиб, икковлон А.Сейткамаловнинг дуч келган жойига уриб-тепиб ҳушидан кетказишади.

Табиийки, жиноятчилар қилмишининг оқибатини сезишарди. Шу боис ҳам улар «Агар А.Сейткамалов тирик қолса, жиноятимиз очилиб қолади ва биз жазога тортиламиз» деган хаёлда уни ўлдиришни мақсад қилишади. А.Сейткамаловнинг бошига целлофан пакет кийдириб, скотч билан ўраб ташлашади. Жиноятчилар унинг ўлганига ишонч ҳосил қилганидан кейин мурдани Ж.Бекмуратовга тегишли автомашина юкхонасига солиб, туман ҳудудидан анча узоқ жойга олиб бориб кўмиб ташлашди.

Ўч олишни мақсад қилган жиноятчиларнинг бу қилмиши улар ўйлаганидек изсиз қолмади. Вақти-соати келиб ўта оғир жиноятга қўл урган шахслар ушланди. Уларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши суд томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, ҳар бирига қилмишига яраша жазо тайинланди.