Низоларни ҳал қилишнинг муқобил ва самарали йўли

09:55 - 19.04.2022

465

Фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар фуқаролик ва иқтисодий судлардан ташқари ҳакамлик судларида ҳам кўрилиши мумкин. Лекин бунинг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги қонунда белгиланган шартлари бор.

Ҳакамлик суди шартнома шартларига мувофиқ ва иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилув қарорини қабул қилади. Ҳакамлик битими мавжуд бўлганда низо ҳакамлик судида кўриб чиқилиб, ҳал қилиниши мумкин. Низога оид ҳакамлик битими ваколатли суд низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар тузилиши мумкин.

Ҳакамлик битими ёзма шаклда тузилади. Ҳакамлик битими шартноманинг таркибий қисми ёки алоҳида битим тарзида расмийлаштирилиши мумкин. Ҳакамлик битими, агар у тарафлар томонидан имзоланган ҳужжатда ифодаланган бўлса ёки бундай битимни қайд этишни таъминловчи электрон ёхуд бошқа алоқа воситаларидан фойдаланилган ҳолда хат ёки хабар алмашиш йўли билан тузилган бўлса, ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Даъвогар ўз талабини ҳакамлик судига ёзма шаклда бериладиган даъво аризасида баён этади. Аризанинг нусхаси жавобгарга юборилади. Жавобгар ариза юзасидан ёзма фикрини ўз эътирозларини баён этган ҳолда даъвогарга ва ҳакамлик судига тақдим этишга ҳақли. Ариза юзасидан ёзма фикр ҳакамлик муҳокамаси қоидаларида назарда тутилган тартибда ҳамда муддатда даъвогарга ва ҳакамлик судига тақдим этилади.

Ҳакамлик муҳокамасининг ҳар бир тарафи ўз даъвоси ва эътирозининг асоси сифатида кўрсатаётган ҳолатларни исботлаб бериши керак. Ҳакамлик суди тақдим этилган далилларни етарли эмас деб топса, тарафларга қўшимча далил тақдим этишни таклиф қилишга ҳақли.

Ҳакамлик суди низони текширганидан сўнг ҳал қилув қарори қабул қилади. Қарор ҳакамлик судининг мажлисида эълон қилинади. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан кучга киради.

Ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида ваколатли судга (фуқаролик ёки иқтисодий) ушбу ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраб ариза бериш йўли билан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиши мумкин.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берилганлиги низо бўйича иш юритиш ваколатли суд томонидан тугаллангунига қадар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туради.

Ваколатли суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ваколатли суд томонидан бекор қилинган тақдирда тарафлар ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгидан мурожаат этишга ҳақли.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори мазкур қарорда белгиланган тартибда ва муддатда ихтиёрий ижро этилади.

Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида ижро этиш муддати белгиланмаган бўлса, у дарҳол ижро этилиши керак. Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори белгиланган муддатда ижро этилмаган бўлса, у мажбурий ижро этилиши керак.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ижро варақаси асосида мажбурий ижро этилади. Ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳал қилув қарори тарафлардан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тараф томонидан фуқаролик ёки иқтисодий судга берилади.

Ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани ваколатли суд судьяси якка тартибда суд мажлисида кўриб чиқади ва натижаси бўйича ижро варақаси бериш ёки варақа беришни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқаради. Ваколатли суднинг ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажрими дарҳол ижро этилади.

Ҳозир ҳакамлик судлари томонидан ишлар кўрилаётганда қонун талабларига зид қарорлар қабул қилинмоқда. Хусусан, қонуннинг 5-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган бўлса-да, ҳакамлик судлари жавобгарлар туман-шаҳар ҳокимияти бўлган даъволарни ҳам кўриб, улардан қарзни ундириш ҳақида асоссиз ҳал қилув қарорлари чиқармоқда.

Бундан ташқари, қонуннинг 9-моддасида ҳакамлик судлари маъмурий, оилавий ва меҳнат муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни ҳал этмаслиги белгиланган, лекин айрим ҳолатларда суд маъмурий низоларни ҳам кўриб, қаноатлантириш ҳақида қарор чиқармоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳакамлик судлари томонидан ишлар кўрилишида қонун талабларига тўлиқ риоя этилмаслиги фуқаролар ва юридик шахсларнинг сарсон бўлишига, бир низо бўйича бир нечта судга қайта-қайта мурожаат қилишларига, шунингдек давлат бюджетига катта миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин.