Мўлтираб турган қизча…

09:52 - 15.04.2022

431

Судланувчининг ёшлигини кўрганлар унга ачинган бўлса, қилмишини эшитиб ҳайратдан ёқа ушлашди. Ундан-да даҳшатлиси, у шу ёшида она бўлишга ҳам улгурган, уйида эндигина бир ёшдан ошган қизалоғи бувиси билан уни кутиб ўтирибди.

Бундан ташқари, ҳали мактаб ўқувчиси бўлган, эндигина 16 ёшни қоралаган қаҳрамонимиз судланишга ҳам улгурганига нима дейсиз?! Ўғирлик қилгани учун 2021 йил ёзида суд томонидан 5 йилга озодликдан маҳрум этилган, Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан тайинланган жазо шартли деб ҳисобланиб, 2 йил синов муддати берилган бўлса-да, бугун Адолат (исм-фамилиялар ўзгартирилган) яна қора курсидан ўрин олди. Бунга эса яна нафсининг қутқуси сабаб бўлди. Бу йўлда эртанги куни ҳам, қизчаси ҳам кўзига кўринмади…

Пойтахтдаги «Малика» савдо мажмуасидаги дўконлардан бирига кириб келган Адолат пештахтадаги молларни бироз томоша қилгач, сотувчига юзланди:

– Ака! Кечирасиз, дўконингиздан нарса олмоқчи эдим. Аммо ойимни тополмаяпман. Ўзимнинг телефоним ўчиб қолибди. Мумкин бўлса телефонингизни берсангиз, ойимга қўнғироқ қилиб олай!

Сотувчи мўлтираб турган қизчага йўқ деёлмади. Адолат аввалига ким биландир гаплашди, кейин телефонни титкилай бош­лади. Шу пайт дўконга мижоз кириб, сотувчи у билан муомала қилишга киришди. Ўн дақиқача ўтгач, Адолат телефонни эгасига қайтарди, миннатдорчилик билдириб, чиқиб кетди. Эртаси куни эса «Payme» иловасига кирган сотувчи йигит ҳисобидаги 18 миллион сўмдан 15 миллион сўми ечиб олинганини билиб қолди. Аввалига ҳайрон бўлди. Ахир пули ечилгани ҳақида хабар келмаган бўлса! Шоша-пиша пули ишлатилгани ёки бошқа шахсга ўтгани ҳақида смсни топмоқчи бўлди. Бироқ смс хабарлар ўчириб ташланган экан. Бояқиш сотувчи бояги қизча телефонига уланган «Рayme» иловасидан фойдаланиб, пластик картасидаги пулдан 15 миллион сўмини бувисининг номига расмийлаштирилган пластик картага ўтказиб олганини қайдан ҳам билсин! У вақтни ўтказмай ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилди…

Шу куннинг ўзида Адолат Навоий кўчасидаги китоб дўконида пайдо бўлди. Икки-учта китобни танлаб, касса олдига келди. Ёнини титкилаган бўлди-да, кейин сотувчига мурожаат қилди: «Буни қаранг, нақд пулим қолиб кетибди. Шу китоблар эса жуда зарур эди. Агар йўқ демасангиз, акамга қўнғироқ қилиб, пластик картангизга “Сlick” орқали пул ўтказдириб, кейин пулни ечиб келардим…».

Қизчанинг ёшлигидан ташқари ҳижобда эканлиги сотувчида шубҳа уйғотмади. Пластик картани беришдан олдин дўконга тегишли терминал аппарати орқали ҳисобини текшириб кўрди: тахминан 4 миллион сўм бор экан. Адолатга пластик картасини бериб, пин кодини ҳам айтди. Китобларни касса олдида қолдириб кетган Адолат ярим соат ўтганидан сўнг қайтиб келди. Акаси пулни ташлаб берганини айтиб, пластик картани қайтариб берди. Шунингдек, китобларнинг пулини ҳам тўлаб чиқиб кетди. У кетгани заҳоти сотувчи ҳисобини текшириб кўрди, пули жойидалигини билиб, хотиржам бўлди. Орадан бир ҳафта ўтиб, Адолат яна дўконга кириб келди. Бу сафар негадир ҳижоби йўқ эди. Анчагина канцелярия молларини танлагач, ўтган галдаги сценарий такрорланди. Сотувчи бу сафар ҳам унга йўқ деёлмади. Адолат пулни ечиб келгач, картасини қайтариб, харид қилган молларини олиб кетди. Аммо шу куни кечки пайт озиқ-овқат дўконида маҳсулот харид қилган сотувчи йигит пластик картасидаги 410 минг сўм пули йўқлигини билиб ҳайрон бўлди. Эртаси куни ҳисоби яна камайди. Хуллас икки-уч кун ичида ҳисобидаги 2 миллион 300 минг сўмга яқин пул ғойиб бўлди. Шундан кейингина у савоб қиламан деб пулидан айрилганини билди.

Пластик карталардан ечилган пулларни анча вақтгача ишлатиб юрган Адолат ҳамёни бўшагач яна овга чиқди. Бу сафар «Чорсу» бозоридаги дўконга кириб, сотувчининг салкам уч ярим миллион сўмлик телефонини ўғирлади. Орадан кўп ўтмай икки дугонаси билан «Ўрикзор» савдо мажмуасининг ертўласида жойлашган дўконга кириб келган Адолат сотувчининг мижозлар билан бандлигидан фойдаланиб, 2 миллион 880 минг сўмлик «Samsung S10 5G» русумли телефонини олиб чиқиб кетди.

Гоҳида Адолатнинг нафси шунчалар ҳакалак отиб кетардики, у бу йўлда ҳатто танишларини ҳам аяб ўтирмасди. Такси тўхтатаётиб учратиб қолган танишининг машинасида манзилига етиб олгач, бўш қўл билан тушишни эп кўрмади. Ҳайдовчи эса 5 миллион сўмлик «Samsung А 30 S» русумли телефонидан айрилганини уйига келгачгина билди.

Адолатнинг ташрифидан кейин 4 миллион 300 минг сўмлик «Redmi Note 9 Pro» русумли телефони, телефон ғилофининг орқа томонида жойлашган пластик карта ҳамда 100 АҚШ долларидан айрилиб қолган Д.Жалиловадан ташқари «Ўрикзор» савдо мажмуасидаги дўконларнинг сотувчилари ҳам унинг қилмишидан озор чекканлардан. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам Адолат дўконга кириб чиққанидан кейин нархи 3 миллион 500 минг сўмлик «Samsung S8+» русумли телефонларини қўйган жойларидан топа олишмайди…

Ҳар ким экканини ўради. Суд томонидан Адолат Ҳакимовага жазоларни қисман қўшиш йўл билан, яъни ўталмай қолган жазони қисман қўшиб, узил-кесил ўташи учун 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.