Чўнтакларга кўз тиккан ходим

09:48 - 15.04.2022

384

Ҳозирги вақтда юртдошларимизнинг тунда ҳам бехавотир манзилига етиб олаётгани мамлакатимизда ҳукм сураётган осойишталик туфайлидир. Бунда ички ишлар органларининг муносиб ҳиссаси бор. Аммо айрим ходимларнинг ўз нафсини бурчидан устун қўйишлари афсусланарлидир. Яхшиям ички ишлар идораларида хизмат қилаётганлар сафида ҳалол ва пок инсонлар кўпчилик. Акс ҳолда халқнинг уларга ишончи бугунгидек бўлмасди.

Ўз мансабини суиистеъмол қилиб, пул эвазига ноқонуний ишларга қўл урган ички ишлар ходимининг жиноий қилмишлари тафсилотига тўхталамиз. Ўзбекистон Республикаси ИИВ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси, хорижий фуқаролар билан ишлаш бошқармаси, хорижий фуқароларни ҳисобга олиш бўлими инспектори лавозимида ишлаган Даврон Жалоловнинг қилмишлари ушбу нуфузли идорага доғ бўлди. У мансабидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб келган экан.

2019 йилнинг декабрь ойида Туркия фуқароси Аталай Ўзбей республикамизда яшаш гувоҳномасини олиш учун Д.Жалоловга мурожаат қилади. Аслида ички ишлар ходими ваколати доирасида А.Ўзбейга яшаш гувоҳномасини бериши лозим эди. Лекин Д.Жалолов хизмат мавқеидан фойдаланиб, А.Ўзбейнинг ишончига кириб, фирибгарлик билан унинг пулини қўлга киритишни мақсад қилади. Унга 2500 доллар эвазига юртимизда яшаш гувоҳномасини тайёрлаб беришини айтади. Унинг талабига кўнишдан бошқа чораси бўлмаган А.Ўзбей унга 2500 доллар пора бергач, иши битади.

А.Ўзбейни Ички ишлар вазирлигининг мансабдорлари орқали ишини битириб берганига ишонтирган Д.Жалолов унга танишларига бу борада ёрдам керак бўлса, маълум ҳақ эвазига ёрдам беришини айтади.

Афсуски, А.Ўзбей унинг ноқонуний ишига чек қўйиш йўлидан бормади. Аксинча, Д.Жалоловнинг жиноятига шерик бўлиб, унга мижоз топиб кела бошлайди. 2020 йилнинг февраль ойи бошларида А.Ўзбей келишувга кўра ҳамюрти Фотиҳ Камуранга Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиб бериш учун Д.Жалоловнинг олдига олиб келади. Ўзаро келишишгач, Ф.Камуран ҳам 2500 доллар беради ва ишини битиради.

Буни қарангки, А.Ўзбейнинг юртимизда ҳужжат олмай юрган танишлари кўп экан. Орадан кўп ўтмай бу шахс Д.Жалоловнинг ёнига яна бир ҳамюрти Каклик Ойдинни олиб келади. Бу сафарги мижознинг қўли калтароқ экан. У ялиниб Д.Жалоловни 1000 долларга кўндиради. К.Ойдин турмуш ўртоғи Алёна орқали 2020 йил февраль ойи охирларида Яккасарой туманидаги «Адана» кафеси ёнида 1000 доллар бериб, гувоҳнома олишга эришади.

Д.Жалолов хорижлик А.Ўзбей билан яқин бўлиб олгач, киссасидан доллар аримай қолди. Хусусан, Туркия фуқаролари Гулер Муҳаррамдан 1000, Ораз Умардан 2500, Озйуртсевен Ших Муслимдан 400, Қилич Халил Иброҳимдан 3500, Митхат Олтинсойдан 1200, Ўзтурк Нежатдан 400 доллар олиб, уларга ҳам юртимизда яшаш гувоҳномаси тўғрилаб беради. Албатта, А.Ўзбей ҳам қуруқ қолмасди, қўлга киритилган пулдан унга ҳам улуш бериб турарди.

Фақат А.Ўзбей орқали пора олишга ўрганган Д.Жалолов Тожикистон фуқароси Ўразали Ниязовга гувоҳномани шундоқ бериб юборгиси келмади. Уни ҳам совға олиб келишга мажбур қилади. Ў.Ниязов Д.Жалоловга 2 млн. 250 минг сўмлик «Artel» телевизорини совға қилиб ишини битиради.

Ноқонуний қилмиш куни келиб фош бўлиши тайин. Ўз бурчини адолат билан тўлақонли адо этиш ўрнига одамлардан пора талаб қилиб, уларнинг қўлига қарайдиган давлат ходимлари куни келиб жазога тортилиши муқаррар. Д.Жалолов ҳам нопок ишлари билан узоққа бормади. Ваколатини суиистеъмол қилиб, пора олган пайти қўлга олинди. Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди унга 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Унинг тегирмонига сув қуйиб турган А.Ўзбей ҳам жазога тортилди. Суд унга 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.