Қайноналарни чўктирайликми?!

10:37 - 14.04.2022

388

Сўз устаси бўлиш осонми? Қийин албатта. Чунки одамни йиғлатишдан кўра кулдириш қийин. Ўзимдан қиёс: бирор бедаво дардга чалинганлар ҳақидаги хайрия акциясига кўзим тушса, ночорларни қарамоғига олган диёнатли киши ҳақида эшитсам ёки халқаро ареналарда давлатимиз байроғи кўтарилиб мадҳиямиз янграганда, ватан ҳақида гўзал шеър ёки қўшиқ тинглаганда беихтиёр кўзимга ёш қалқийди. Кулгининг келиши эса ҳеч осон бўлмайди менда. Шу боис аниқ биламанки, кимнидир кулдириш учун сўз усталари узоқ изланиши керак.

Халқимиз орасидаги муаммолар, жамиятда ҳал бўлиши қийин кечаётган масалалар, сарсонгарчиликлар тилга олиниб, кулги воситасида кишилар мушоҳадага чорланиши зарур. Жумладан, марҳум санъаткор Ҳожибой Тожибоев бир пайтлар жамиятда тобора мавқеи пасайиб бораётган ўқитувчилар ҳақида келиштириб латифа айтганди. Ўшанда мириқиб кулиш баробарида жамиятдаги энг оғриқли муаммони барча ич-ичидан яққол ҳис қилган, муаллимнинг қадри кўз ўнгимизда ерга урилаётганини кўпчилик шу баҳона анг­лаб етганди. Бу муаммони олиб чиқиш учун катта юрак, жасорат керак эди ўша пайтлар.

Аммо бугун замон ўзгарди, сўз эркинлиги таъминланмоқда. Санъаткор ўзининг савиясига қараб латифа тўқиб, халққа ҳавола қилавериши мумкин. Бироқ айрим «уста»лар изланиб ҳам ўтирмайди чоғи. Изланса-да, сўзга бўлган масъулият, мавзу танлаш бобида кўпчиликда фаросат етишмайди. Айниқса, одамларни кулдириш мақсадида қадриятларимизни ерга уриш, бўлар-бўлмас, бачкана мавзуларни валдираш ҳоллари кўп учрамоқда. Қайноналар мавзуси – шулардан бири.

Латифа «…Бир куни келинлар гап ўйнашибди. “Шу сафарги гапимизни денгизда ўтказайлик” дебди улардан бири. “Жуда яхши. Унда қайноналаримизни ҳам олиб борамиз” дейишибди қолганлари. Шундай қилиб денгиз бўйига келишибди, келинлар битта кема, қайноналар битта кемага миниб сайрга чиқишибди. Денгиз ҳавоси ёқимли, бунинг устига ўзбекона мусиқалар янграб, қайноналарнинг кайфияти кўтарилибди. Энг ками 108 килоли қайноналар ҳали у, ҳали бу ёққа чайқалиб ўйинга туша бошлашибди. Денгиз ўртасига борганда кема қайноналарнинг оғирлигига дош беролмай чўкиб кетибди…».

Сўз устаси Валижон Шамсиевнинг ушбу латифасини эшитмаган одам топилмаса керак. Телевизорда жуда кўп айтган. Наврўз байрами арафасида эфирга узатилган, «Қаҳқаҳа» гуруҳи ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган концертда қизиқчи шу латифасини яна айтди. Кузатаман: зал тўла одам. Қайноналарнинг чўкиб кетиши аксарият томошабинга ёқди шекилли, тиззасига уриб кулаётганлар ҳам бор. Катта ёшли онахонлар, яъни қайноналар ҳам кулиш, ҳордиқ чиқариш учун келган бу концертга. Энг қизиғи, залда Валижон Шамсиевнинг онаси ҳам ўтирибди (сал олдинроқ оқ рўмол ўраган онахонни тантана билан таништиришганди). Қизиқ, айтилган сўз отилган ўқ бўлиб, барча қайноналарга тенг санчилмайдими? 

Очиғи, аксарият латифагўй ва яна алламбало гуруҳларнинг ҳадеб қайноналарга осилавериши, уларнинг устидан кулиши анчадан бери менга эриш туюлиб юрганди. Кулги қилишга бошқа мавзу қуриб қолибдими? Нега булар ўзлигимизни англатувчи қадриятларни писанд қилишмайди? Шундоғам оилавий ажралишлар кўпайиб бораётган айни дамларда қайноналарни баттар ёмон кўрсатиб нимага эришиш мумкин?

Аслида аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш, оилавий тарбияда адолат ҳамда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслиги ва мустаҳкамлигини таъминлаш – бугунги жамиятнинг устувор вазифаси. Инсоннинг саодатини таъминловчи қўрғон – унинг оиласи. Оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши эса келажак эгалари – фарзандларнинг эртанги тақдирини таъминлайди. Қайноналар ўша қўрғоннинг устунлари. Хонадонга тушган келинларнинг аксарияти ҳаётга тайёр бўлмайди. Қайнона ўргатиши, дакки бериши табиий ҳол, буни тўғри тушуниш жоиз (шоли орасидаги курмак каби айрим қайноналарнинг зуғуми – алоҳида мавзу.) Аммо телефонига михланиб қолган, муомаласиз, уйидагиларнинг ҳурматини жо­йига қўймаган келинлар негадир кўпам латифаларга қаҳрамон сифатида танланмайди.

Турмуш қураётган аксарият ёшлар алоҳида яшашни хоҳлайди. Нима учун? Ахир қайнона ўша келиннинг турмуш ўртоғини тарбиялаган, ўқитган, кийинтирган, тўйини қилган. Ўғил катта одам бўлганидан сўнг ёки уйланиб олгач она кераксиз бўлиб қолдими? Уларни кемага солиб чўктириш керакми? Ўзларининг таъбири билан айтганда миллионлаб томошабинлар қалбини забт этган «Ёр-ёр» кўрсатуви бошловчилари ҳам баъзида келин бўлмишни кўндириш баҳонасида «Қайнона-қайнота йўқ экан, бир ўзингиз маза қилиб яшайверасиз» дейишади. Ажабо! Қайнонали келин қарқара келин, қайнонасиз келин масхара келин деган гаплар қаёқда қолди?! Нима, қайнонада қасдингиз борми? Бундай иллатлар урчиб бораётганига катта саҳналар, телевидение орқали тарқатилаётган юқоридаги каби фикрлар ҳам сабаб бўлаётганини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?!

Қайнона-куёв муносабати ҳа­­қида эҳтиёт бўлиб гапириш керак. Чунки халқимизда бу муносабат ниҳоятда нозик. «Куёвни пайғамбар сийлаган» деб куёвини ардоқлаган ҳам, шамолни раво кўрмай ўстирган фарзандини куёвининг хизматига қўйган ҳам, ўғилларидан кам кўрмай дуоларида куёвларини тилга оладиганлар ҳам шу қайноналар. Аммо «сўз усталари» нуқул уларни «заҳарли илон», «бўғма илон», «тимсоҳ» каби ўхшатишлар билан тасвирлаш орқали зўраки кулги уйғотишга уринишади. Гўё бошқа мавзуни латифа қилса, кулмайдигандек…

…Зангиота зиёратгоҳига борган киши албатта у зотнинг завжаси Анбар она қабрини ҳам зиёрат қилади. Бир сафар у ерга борганимда Анбар она қабри ёнидаги яна бир қабр қайнонасиники эканини билдим. Манбаларда келтирилишича, бу қабр Анбар онанинг биринчи турмуш ўртоғи – Ҳаким отанинг онасига тегишли. Анбар онамиз Занги бувага никоҳланганида қайнонасини ўзи билан бирга олиб келган ва у кишининг хизматини бир умр сидқидилдан адо этган экан. Ҳатто вафот этаётганида ҳам қайнонаси билан бир жойга қўйишларини васият қилган экан. Қаранг, қанчалар гўзал муносабат. Онага ҳурмат, турмуш ўртоғига чексиз садоқат рамзи. Аслида маънавий илдизларимиз мана шундай юксак туйғулардан озиқланадиган, бачканаликлардан устун турадиган халқ авлодимиз. Буни унутмаслигимиз керак.

Яқинда оламдан ўтган Ўзбекис­тон халқ артисти Тўти Юсупова ҳаётида ҳам айни муносабат билан боғлиқ ибратли мисол бор. Икки ўғли ва келинини тупроққа қўйган Тўти опа тул қолган келинини ўзи бош бўлиб куёвга узатади. «Ахир ҳали жуда ёшсиз, ҳаёт давом этмоқда, яшашингиз керак!» дейди ўғлининг бевасига. Юраги пароканда бўлса-да, ўғлининг жуфти ҳалоли учун қайғуриши, бегона йигитга ўз қўли билан топшириши учун инсон нақадар бағрикенг ва олийжаноб бўлиши керак экан-а…

Ҳамкасбимнинг «Ўзимга кийим олиш учун бозорга тушсам, аввало қайнонамга либос танлайман, сўнгра ўзимга» деган гапи ҳам мени жуда тўлқинлантирган, унга ҳурматимни янада оширганди. Дарҳақиқат, халқимиз орасида қайноналик ҳурмат, эътибор, иззат рамзи. Бир ўғлонни тарбиялаб, элга қўшган, ҳали турмушга тайёр бўлмаган келинларни бағрига олиб, билмаганини ўргатадиган, яхшисини ошириб, ёмонини яширадиганлар – шу қайноналар. Аслида мана шундай аҳил муносабатлар, гўзал оилавий алоқалар ҳақида жуда кўп ёзиш, тарғиб қилиш керак. Бўлар-бўлмас гапларни катта саҳнада валдирайдиганлар, бетутуриқ гапга қаҳқаҳа отадиганлар зора қадриятлардан узоқлашаётганларини сезишса…

– Мактабда ўқиётганимда опамни узатдик, – дейди Зулфия Эгамбердиева. – Опам университетда ўқир, фақат ўқиш билан бўлиб уй ишларига нўноқроқ эди. Бир куни мактабдан чиқиб, тўғри опамникига бордим. Қарасам, қуда хола иккови нон ясаётган экан. Мен билан ҳол-аҳвол сўрашгач, қуда ҳола опамга «Тандирга ўт қўяверинг, болам» деганча ҳассасига таяниб ичкари уйга кириб кетди. Умрида нон ёпиш тугул, тандиримиз қаердалигини билмаган опамнинг нега бу ишни қилаётганига тушунмасдим. «Билмайман дейишга уялдим-да, синглим, – деди менга хомушгина қараб. – Қара, бели роса оғрияпти. Мен туриб, етмиш яшар қайнонам тандирга кирсинми? Бир амаллармиз» деди опам. Шундай қилиб, нон ёпа бошладик. Дастлабки иккита нон тандирда турмай чўғ устига таппа тушиб куя бошлади. Опам тандир совуб қолишини айтиб ҳовлиқар, мен рапидага солиб берган нонларни ёпмасдан гоҳ челакдаги сувни қўлига олар, гоҳ оташкуракни излаб қолар, гоҳ яна рапидага қўл чўзарди. Шу пайт куйган нон ҳиди димоғига урилди шекилли, қуда хола секин тандир бошига келди. Энди тамом! Ҳозир опамни юмма талайди, «онанг ўргатмаганми?» дея юзига солади деб иккимиз ҳам қўрқувда. Аммо қуда хола ҳассасини қўйиб, опамга кулимсираб қаради. «Болам, биринчи сафаргиси бундан ортиқ бўлмайди» деди. Бири тўртбурчак, бош­қаси олтибурчак бўлиб кетган, куйик нонларнинг юзини артиб, «Қаранг, қандай чиройли нонлар чиқардингиз» дея мақтади. Охирги иккита нонни ўзи ёпди. Шу пайт дарвоза томондан кимдир овоз берди. Қуда хола дарров чиройли чиққан, ўзи ёпган иккита нонни юзага олиб, опамнинг «асарлари» – қинғир-қийшиқ, кулга беланган нонларни дастурхон остига яширди-да, «Келаверинг, айланай, биз бу ёқдамиз, келиним нон ёпаяпти» дея овоз берди. Бағрикенг ва ақлли бу аёлнинг нега маҳаллада ҳурмати баландлиги, оилавий масалаларда нима учун кўпчилик ундан маслаҳат олишини ўшанда тушунганман.

Бундай мисоллар юртимиздаги ўн минг маҳалланинг ҳар биридан истаганча топилади. Чунки ана шундай доно, меҳрибон аёллар борки, оилалар мус­таҳкам, фарзандлар нафақат ота-она меҳридан, балки бобо ва бувиларининг эркалашларидан қониб, мириқиб улғаймоқда, уларнинг насиҳати, дуолари туфайли ҳаётимиз чароғон, мушкулларимиз осон.

Латифанинг давоми: «…Шундай қилиб қайноналар минган кема денгизга чўкиб кетибди. Келинларнинг кемасида эса ҳақиқий байрам бошланибди. Ҳамма хурсанд, кимдир рақсга тушган, кимдир ашула айтган, кимдир қувониб сакраган. Аммо уларнинг орасида бир келин роса йиғлармиш: “Вой-дод, энди нима қиламан-а?!”. Шу пайт бошқа келинлар “Хурсанд бўлсанг-чи! Ахир қутулдинг-ку!” дейишса, бояги уввос солган келин уларга қараб “Қанақасига хурсанд бўлай? Ахир айнан бугун қайнонамни гапга олиб келмагандим” деганча сочини юлармиш…».

Кулгилими? Кулишга шошилманг. Ахир кема тўла оналар денгизга ғарқ бўлди, бунинг нимасига куласиз? Қолаверса, сизнинг ҳам онангиз кимнингдир қайнонаси, шуни унутмасак кифоя!