Курашни аввало ўзимиздан бошлайлик

15:10 - 12.04.2022

36

Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Президент Шавкат Мирзиёев жамиятни «ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш» зарурияти ҳақида гапирди. Буни сўнгги йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган ислоҳотларда ҳам кўриш мумкин. Жумладан, мамлакатимизда «коррупция» сўзи ишлатилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат бор.

Коррупцияга қарши курашиш учун норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириб бориш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ушбу қонунда «коррупция», «коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик», «манфаатлар тўқнашуви» каби асосий тушунчаларга изоҳ бериш билан бирга, мазкур курашнинг асосий принциплари ҳам қайд этилган. Шунингдек, қонун билан коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ваколатли органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, коррупциянинг олдини олиш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш каби чоралар мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ Коррупцияга қарши кураш агентлиги ташкил этилди.

Бу борадаги сўнгги қадамлардан бири сифатида 2021 йил 6 июль куни «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон билан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2022 йилларга мўлжалланган давлат дастурини келтириш мумкин. Унда 44 та чора кўрсатиб ўтилган бўлиб, ижро муддати, ижрочилар, ижро механизми аниқ белгилаб қўйилган.

Мамлакатда коррупцияга қарши кураш асосида давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланаяпти. Жумладан, 2021 йил 16 июнда қабул қилинган «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонга кўра барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари очиқ маълумот сифатида жойлаштириши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини тасдиқлашлари жорий этилди. Бундан ташқари, бюджет харажатларини тартибга солиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш, бюджет қонунчилигининг бузилиши фактлари тўғрисида хабардор қилиш ва бюджет жараёнини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш бўйича «Очиқ бюджет» портали ишга туширилди.

Коррупциянинг олдини олиш ва уни бартараф этишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири давлат бошқаруви тизимида инсон омилини камайтириш ҳисобланади. Шунинг учун давлат ва жамият бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўлга қўйилди. Маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартибини соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш мақсадида барча ҳудудларда давлат хизматлари маркази ташкил этилди. Уларда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сони йил сайин ошиб бормоқда.

Аммо ҳали ҳал қилиниши керак бўлган масалалар ҳам кўп. Аввало фуқароларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш керак, одамларга тамагирлик қилиб, пора олиб бировнинг ҳақини ейишнинг оқибатини тушунтириш лозим.

Шунингдек, давлат органлари ва мансабдорлар устидан кучли жамоатчилик назорати, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, мансабдорларнинг халқ олдида ҳисобдорлигини ошириш керак. Коррупцияни фош этиш борасида профессионал тадқиқот олиб бора оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда журналистларни қўллаб-қувватлаш шарт. Умуман олганда, коррупцияга қарши курашиш фақат давлат органларининг вазифаси эмас, бу курашда жамоатчиликнинг ҳам фаол қатнашиши кутилган самарани беради.

Коррупциянинг олдини олиш жуда кўп омилларга боғлиқ. Масалан, бирор қонунга хилоф ишни амалга оширишда пора олаётган ва бераётган шахсларнинг манфаати уйғунлашгани сабабли кўп ҳолларда иккала томон ҳам «ёпиқ қозон ёпиқлигича қолиши»ни истайди. Шунинг учун ҳар бир инсон пок, виждонли бўлиши талаб этилади. Айниқса давлат ходими зиммасига юклатилган мажбуриятини  сидқидилдан адо этса, бу иллат йўқола бошлайди. Афсуски, ҳамон ўз зиммасидаги вазифани бажариш – халқнинг оғирини енгил  қилиш учун ҳам одамларнинг қўлига қарайдиган тамагиру порахўрлар, бюджет маблағи – халқнинг ҳақини туя қиладиган ҳаромхўрлар учрамоқда.

Коррупция содир бўлишида нафақат амалдорлар, балки баъзи фуқароларимизнинг ҳам ҳиссаси бор. Боиси орамизда шундай одамлар борки, доимо бирон-бир манфаатга ҳаммадан олдин, тўғри йўл қолиб, ноқонуний йўллар билан эришишни истайди. Ҳатто бошқаларни ҳам шунга ундайди. Аслида мана шундай одамлар коррупциячиларнинг тегирмонига сув қуяди.

Жамиятимизнинг коррупция­дан буткул холи бўлишини истаган ҳар бир фуқаро унга қарши курашишни аввало ўзидан бошлаши керак. Шундагина давлатимиз томонидан бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар самарали бўлиб, натижаси яққол сезилади.