Ошхона эгаси бехабар қолди

11:00 - 11.04.2022

10

«Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Фарғона филиали маъмуриятининг вилоят прокуратурасига мурожаатини ўрганиш натижасига кўра Марғилон шаҳрида яшовчи «Silver trade» МЧЖнинг раҳбари Исматхўжа Тожировга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Олтмиш ёшни қоралаган тадбиркор илгари икки марта судланган, фирибгарлиги ва ҳужжатларни сохталаштиргани исботланиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаган экан.

Шундан сўнг у хорижга кетади. Бироз маблағ орттиради. Хориждан қайтганидан кейин масъулияти чекланган жамият ташкил этади. Ҳалол ишлаб жамиятга наф келтириш ўрнига тағин қинғир йўллар билан бойлик орттириш ҳақида бош қотиради. Таниган-билганларга сотиладиган жой бўлса, бегона қилмасликни тайинлайди. Эски қадрдони Тўрабек Фарғона шаҳридаги ошхоналардан бири сотилишини айтади. Харидор бўлиб эгаси билан савдолашади. Уни 90 минг АҚШ долларига сотишга, пулини банкдан кредит олгач тўлашига кўндиради.

Ошхона эгаси Холбек харидор Исматхўжанинг ваъдаларига, банкдан 1 млрд. 700 млн. сўм олаётганига ишониб ошхонасини кредит гарови сифатида расмийлаштиришга рози бўлади. Ўзининг номидан ижара шартномаси тузилганидан эса бехабар қолади. «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Фарғона филиали раҳбарлари гаровга қўйиладиган мулкни бориб кўради. Исматхўжа шериги Тўрабек билан умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш корхонаси биноси ижарага олингани ҳақидаги шартномага Холбекнинг имзосини ўхшатиб қўйиб, банкка тақдим этди. Банк ва мижоз ўртасида йиллик 24 фоиз устама тўлаш шарти билан 60 ой муддатга (дастлабки 12 ойлик даври имтиёзли) 500 млн. сўм кредит ажратилиши хусусида шартнома имзоланади. Бунгача тузилган нон ишлаб чиқариш дастгоҳини етказиб бериш тўғрисидаги шартномага асосан банк «Silver trade» МЧЖга ажратилган 500 млн. сўм кредит пулини Намангандаги етказиб берувчи «Unimaxwell trade» МЧЖнинг (унинг раҳбарларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўрилиб, озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган) ҳисобрақамига ўтказади. Исматхўжа шериги Тўрабекнинг «Матиз» машинасида ошхона эгаси Холбек қўшиб берган Валижонни олиб Наманганга етиб боради. Келишувга мувофиқ «Unimaxwell trade» раҳбарлари 94 фоиз ҳисобидан 500 млн. сўм маблағни нақдлаштириб беради. Фарғонага қайтиб келиб уйида ошхона хариди учун келишилган пулнинг 298 млн. сўмини (ўша пайтдаги алмашув курси бўйича 28 минг АҚШ доллари) Холбекка беришади. Қолган 62 минг долларни кейинроқ тўлашга келишиб олишади. Бироқ кунлар, ойлар ўтиб қолган пулини беришмайди. Исматхўжа ва Тўрабек кредитнинг қолгани ҳал бўлаяпти деб аравани қуруқ олиб қочишади. Қўнғироқларига жавоб бермай қўйишади. Холбек банкка бориб Исматхўжага 1 млрд. 700 млн. эмас, 500 млн. сўм кредит берилгани ва ускуна хариди учун ўтказилганини билиб олади. Алдангани, қолган пулини олиши даргумонлигини тушуниб етган Холбек Исматхўжанинг одамлари «Лион қаҳвахонаси» деб номини ўзгартириб ишлатаётган ошхонасини беркитиб қўяди.

Орадан ўн ой ўтиб банк ходимлари «Silver trade» МЧЖга қолипли нон ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун ажратилган кредитдан қандай фойдаланилаётганини ўрганишади. Кредит шартномасида кўрсатилган манзилда «Silver trade» МЧЖ умуман фаолият юритмагани, нон ишлаб чиқариш линияси бутунлай бошқа МЧЖга қарашли экани аён бўлади. Банк томонидан кредитни муддатидан олдин ундириш, ундирувни гаровга олинган мулкка қаратиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Марғилон шаҳар судига даъво аризаси киритилади. Айни вақтда гаровга тикилган мулк – ошхона эгасининг аризасига асосан Фарғона шаҳар ИИОФМБ томонидан жиноят иши қўзғатилгани туфайли фуқаролик судида кредитни қайтаришга оид ишни кўриш тўхтатилади. Тергов давомида Исматхўжа МЧЖга нон ишлаб чиқариш учун берилган кредитни нақдлаштириб олиб, бошқа мақсадда сарфлаб юборгани аниқланди.

Судда Исматхўжа Тожировнинг расмий ҳужжатни сохталаштириш, ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата қилишдан иборат айби ҳужжатли далиллар, фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан исботини топди. Судланувчи 5 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Суд ҳукмига мувофиқ айбланувчининг яқинлари зарарни қоплаш учун топширган 211 млн. сўм банк ҳисобрақамига ўтказиладиган, қолган 289 млн. сўми маҳкумдан ундириб бериладиган бўлди.