Қаердасан орият?!

10:54 - 11.04.2022

23

Шарқ халқларида оила ўзига хос тарбия ва маънавият мактабидир. Унда умуминсоний қадриятлар ўз ифодасини топган ва асрлар давомида сайқалланиб келмоқда. Демак, илк ҳаётий ҳақиқат – тарбия оиладан бошланар экан, бунга ота-оналар масъул бўлиб, Шарқ ахлоқ-одобига ҳамоҳанг тарзда ота-онани, қариндош-уруғни, ватанни севадиган, зарур ҳолларда жонини фидо қилишга ҳам тайёр фарзандлар тарбияламоғимиз лозим. Мутахассисларнинг фикрича, бола тарбиясига кўпроқ оналар масъул (70 фоиз) ҳисобланар экан. Чунки рўзғорга топиб-тутиб келиш мақсадида оталарнинг кўп вақти кўчада ўтади.

Абдуллоҳ ривоят қилади: «Ё Расулуллоҳ, энг оғир гуноҳ қайси?» деб сўрадим. Жаноб Расулуллоҳ “Ўзингни яратган Аллоҳга ширк келтирмоқ” дедилар. “Кейин қайси?” дедим. Жаноб Расулуллоҳ “Овқатимга шерик бўлмасайди деб ўз болангни ўлдирмоғинг” дедилар».

Кишига ҳеч бир манфаатни кўзламай яхшилик тилай оладиган кишилар – ота-оналардир. Биз ўзбеклар болажон, боласи учун ҳар қандай қийинчиликларга тайёр халқмиз. Халқимизнинг энг оғир дамларда бир бурда нонини ўз боласини-ку қўя турайлик, ўзга миллат болалари билан ҳам баҳам кўргани Иккинчи жаҳон уруши даврида синовдан ўтди-ку ахир!

Ҳаёт чизиғи шу қадар чалкаш-чулкашки, баъзиларнинг тақдирини ўқиб ҳам, тушуниб ҳам бўлмайди. Ундайларга худодан сабр-қаноат беришини сўрашдан, тўзим тилашдан бошқа чора йўқдек гўё. Ўйлаб қоласан киши. Сабр нима ўзи? У тақсимланаётганда кўпроқ қисми аёлларга тегмаганмикан?.. Ахир борига ҳам, йўғига ҳам бирдек кўникадиган, қаноат қиладиган ҳам шу аёл-ку! Неча-неча замонлардан бери туни билан бешикни қучиб, дунёни аллалаб келаётган ҳам аёл.

Умр йўлдошининг топиб келаётган бир бурда нонини болалари билан баҳам кўриб, шукур қилаётган ҳам шу аёл. Ёхуд ўн беш кунлик ойдек тўлишган даврида эрини фронтга кузатиб, унинг қайтишига умид боғлаб, бутун умр кутган, ор-номусини, ғурурини, виждонини сотмаган заифани садоқат тимсоли деб бўлмайдими? Ёстиғининг ярми ҳамон бўш бўлса-да, вафони бағрига маҳкам босиб, садоқатга таъзим қилаётган, хиёнаткор дунёнинг юзига тупуриб келаётган шу аёлни тавоф қилиш Маккатуллоҳни зиёрат қилиш билан баробар эмасми?! Боласини деб неча-неча тунлар оромини йўқотгани, садоқат рамзи, ор-номус, вафо тимсоли бўлгани учун ҳам у жаннатидир. Шунинг учун ҳам жаннат оналар пойида бўлар эҳтимол.

Ҳа, жаннати хилқатнинг ҳар қанча таърифу тавсифини келтирсак ҳам оз. Чунки у қадрланиш, ҳурмату эъзозда бўлиш учун яратилган. Унинг бундан бошқача бўлишга, аёллигини унутишга ҳаққи йўқ. Аммо таассуфки, биз ҳозиргина мақтовларга кўмиб ташлаган аёл жинсига мансуб айримлар шайтон қиёфасида намоён бўлиб, танасини сотишаяпти, қўшмачиликдек жирканч касб билан шуғулланиб, ёш қиз-жувонларни йўлдан уриб, чет мамлакатларга сотиб юборишаяпти. Оқибатда ҳамманинг таъна-дашномига қолишаяпти. Бунга журналист Юлдуз Ҳожиеванинг «Ҳуқуқ» газетасининг 2022 йил 24 февраль сонида чоп этилган «Иффатсизлик ортидаги қурбонлар» сарлавҳали мақоласида келтирилган фактларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Мақолада таъкидланганидек, минг афсуслар бўлсинки, енгилтабиатлиги сабаб кимдандир беникоҳ бола орттириб, у туғилгач, дуч келган жойга ташлаб кетаётганлар ҳам ҳаётда учраяпти…

Ривоят ва ҳаёт: Ўз қизини сўқир, кар, соқов ва оёқ-қўли шол дея узатган боғбон ҳикоясини эшитган бўлсангиз керак. Хотирангиздан кўтарилган бўлса, эслашингизга озгина кўмаклашамиз. Ўзганинг боғидан сўрамай мева узган йигит қилган ишидан афсусланиб, бунинг ҳақини боғбонга шогирд бўлиб, хизматини қилиб узишга чоғланади. Боғбон бу орада йигитни обдан синовдан ўтказади ва унинг ҳалоллиги-ю садоқатига ичидан тан беради. Муддати тугаб, кетишга изн сўраган йигит «Ўша гуноҳимдан ўтдингизми?» деганида боғбон «Менинг бир қизим бор. Ўзи кар, соқов, оёқ-қўли шол. Агар шу қизимга уйлансанг, сенинг ўша гуноҳингни кечираман» дейди. Йигит бу шартга рози бўлиб, боғбоннинг қизига уйланади. Тўйдан сўнг йигит кўрсаки, у ҳусни жамолда ва доноликда тенги йўқ, тўрт мучаси соғ бир қиз. Йигит ажаб­ланиб, қизнинг отасидан ўз қизи хусусида нега бундай деганини сўрайди. Шунда боғбон «Сўқир деганим – ҳали бировнинг юзига тик боқмаган, кар деганим – ёмон сўзларга қулоқ тутмаган, соқов деганим – бирор марта ғийбат гапларни гапирмаган, беҳаё сўзларни айт­маган, тилини ёмон сўзларга чоғламаган, оёқ-қўли шол деганим – асло ёмон жойларга бормаган, ноўрин иш қилмаганини билдиради» дея изоҳ беради. Қайнотасининг бундай ақлли тадбирига куёв яна бир бора қойил қолади.

Бу ҳикоятни бежиз эсга олмадик. Қиз бола хусусида сўз кетар экан, аввало унинг ҳусни-ю одоби хусусида фикр юритгимиз келади. Қиз бола ота-онанинг, ака-уканинг, қолаверса, оиланинг шаъни, ори ҳисобланади. Иболи қизларимизни кўриб, кўнглимиз равшан тортади, қувонамиз, улар билан фахрланамиз. Бироқ…

Анзират Турсунова (исм-фамилия ўзгартирилган) бир йигитнинг севикли ёри, бир оиланинг бахтли келинчаги бўлиши мумкин эди. У 1990 йилда туғилган, ҳали турмушга ҳам чиқмаган бу қиз «алданиб» қолиб, беникоҳ ҳомиладор бўлиб, қиз фарзандли бўлишга ҳам улгурган. Хатосидан хулоса чиқармасдан яна ўзи учун қулай, аммо нопок яшаш тарзини танлади. Анзират уйида «севишганлар»нинг «дам олиши» учун шароит яратиб бера бошлади. У омади чопиб, пул ишлашнинг енгил усулини топганидан беҳад мамнун бўлиб, бундан кейин ўз танасини сотиш ва қўшмачиликдан келадиган даромад ҳақида ўйларди. Бироқ унинг қувончи узоққа чўзилмади. Ички ишлар ходимларининг кутилмаган ташрифи унинг хаёлларини тўзғитиб юборди. Оқибатда орттиргани бузуқ ва қўшмачи деган ном бўлиб, қўни-қўшни олдида ер чизиб қолди.

Келинг, воқеага аниқлик киритиб олайлик. Анзират Турсунова аслида рўйхатда турган жойида эмас, бошқа ҳудудда ижарада яшаб келди. Бироқ унинг бетайин юришлари ота-онаси ва бошқа яқинларини асло ташвишга солмади. Бир куни ижарадаги уйига келган нотаниш йигит «Дам олмоқчи эдим, қизларингиздан борми?» дея сўради. Дабдурустдан берилган бундай савол Анзиратни эсанкиратмади ҳам. У йигитни уйига киритиб, унга Гуласални рўпара қилди. Ҳали турмушга ҳам чиқмаган, боз устига эндигина 21 ёшга тўлган бу «қиз» фаҳш оламининг барча кўчасидан хабардор эканми, «умид билан келган бечора йигит»нинг раъйини қайтара олмади. Ўзаро савдони 150 минг сўмга пишитган Анзират уларга уйи­дан жой берди. Меҳмонларни танҳо қолдириб, қизини етаклаб нариги хонага ўтаётганида эшик қўнғироғи чалинди. Кейинги мижоз илинжида эшикни очганида остонада турган кишилар ўзларини ички ишлар ходимлари деб таништиришди. Ана шундагина Анзират қандай ишга қўл урганини тушуниб етди…

Кишилик жамиятига доғ бўлиб тушадиган бир хунук манзара борки, у одам савдоси билан шуғулланиш, шу орқали текин даромад топишдир. Қўшмачилик ҳам қайсидир жиҳатлари билан одам савдосининг бир кўриниши.

Анзират суддаги кўрсатмасида «Мен қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Йўқчилик қурсин. Моддий эҳтиёжларимни қондириш учун шу ишга қўл ургандим» деди.

Уят ўлимдан қаттиқ дейишади. Аввало ориятли аёл бундай фаҳш ишлардан ҳазар қилади. Йўқчилигу тирикчиликни баҳона қилмайди. Ахир тошдан қаттиқ қаҳатчилик, очарчилик еб тўймас юҳодек оғзини катта очиб, кўринганни ютаман деб турган даврларда ҳам аёлларимиз номусини сотмаган-ку?! Қилмиш – қидирмиш дейдилар. Анзират бундан хулоса чиқарар. Ҳеч бўлмаганда энди қизининг келажагини ўйлаб, бузуқчилигу қўшмачиликдан тийилиб, она деган мўътабар номга доғ туширмас.

…Бир ўқитувчи танишимнинг ҳикоя қилишича, у раҳбарлик қилаётган синфда бир қиз бор экан. Ўзига тўқ оиладан, бир қарашда кам-кўсти йўқдай. У бошланғич синфда аъло баҳоларга ўқиган. Лекин ёши улғайган сайин фанларни ёмон ўзлаштирувчи ўқувчилар сафига тушиб қолган. Ўқитувчи унинг ота-онасини мактабга чақиртирган. Бироқ улар келишмаган. Шунда ўқитувчининг ўзи қиз билан дўстона гаплашиб, «сенга нима етишмайди?» деб сўраган.

– Билмадим, – жавоб берган қиз. – Бир қарашда ҳамма нарсам бордай. Лекин нимадир етишмайди. Мени яхши кўришларини истайман.

Ўйлаб кўрайлик, айрим қизларимиз бир қатра меҳрнинг изидан қувиб, йўлидан адашиб кетмаяптимикан?! Айрим ўғилларимиз мақсадсизлик гирдобига шўнғиётганининг асосий сабаби нимада? Ким уларни биздан узоқлаштираяпти?

Баралла айта оламанки, ўзимиз, бир мурғак вужудни дунёга келтираётиб, унинг тақдири учун жавобгар эканини ҳис эта билмаган биз – ота-оналар! Ҳа, бола бизни энг тоза туйғу билан севади. Биздан эса ўз севгилари қадар меҳр ва эътибор кутади. Биз эса вақтим йўқ деб қунтсизлик, ҳафсаласизлик қиламиз. Ҳаётимизнинг мазмуни бўлмиш болаларимизни ўзимиздан итарганимизни, кўнг­лини совутганимизни билмай қоламиз. Оқибатда улар ҳам биздан ўрнак олиб, оила бағридан узоқлашиб, ҳаётда адашиши ҳеч гап эмас.

Фарзанд – оила мустаҳкамлигини таъминловчи асосий неъмат. У – ота-онанинг, ватаннинг, миллатнинг келажаги. Демак, жамият бутлигини таъминлаш ҳар биримизнинг ўз қўлимизда. Бунинг учун биздан болаларимизни меҳр ва эътибордан мосуво этмаслик талаб қилинади, холос. Шундагина ҳаётимизда учраб турадиган юқоридагидай нохуш ҳолатларнинг олдини олган бўламиз.