Мақсад — aгpap иcлoҳoт caмapaдopлиги

10:46 - 11.04.2022

6

Қашқадарё вилоятида ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланилиши, соҳага бозор механизмларининг жорий этилиши ҳамда аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид бошқа қонун ҳужжатларининг ижроси қатъий назорат қилинмоқда.

Масалан, Ғузор туманида учта «Дўстлик» насос станциясини қуриш учун «Қашқадарё сув қурилиш инвест» ДУК ва «Ҳисоракгидроқурилиш» МЧЖ ўртасида тузилган пудрат ва қўшимча келишув шартномасига асосан 2018-2020 йилларда 59 млрд. 322 млн. 200 минг сўмлик ҳисобот ҳужжатлари расмийлаштирилиб, жами 1 млрд. 923 млн. 600 минг сўмлик бажарилмаган ишлар қўшиб ёзилиб, бюджет маблағи талон-торож қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан «Қашқадарё сув қурилиш инвест» мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида лойиҳани молиялаштиришда йўл қўйилган қонунбузилишлар юзасидан туман ҳокимларининг 11 та ўринбосарининг, банк филиалларининг 14 нафар бошқарувчисининг интизомий ва маъмурий жавобгарлиги масаласи ҳал этилди.

2021 йилда туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги ерларини ажратишга доир 3297 та қароридан 327 таси қонунга зид­лиги аниқланиб, протест келтириш орқали бекор қилинди ёки қонунга мувофиқлаштирилди.

Ер қонунчилиги ижроси юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасига кўра 37 та тақдимнома киритилди, 327 та протест келтирилди. 37 нафар мансабдор маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди, 38 та жиноят иши қўзғатилди.

Фуқаролар 390 ҳолатда 156 гектар ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани аниқланиб, 142 та ҳолатда 115,7 гектар ер захирага қайтарилди. 323 ҳолатда 15,46 гектар ерда ноқонуний қурилиш қилингани аниқланиб, 11 гектар ер захирага қайтарилиши таъминланди.

173 нафар фуқаронинг 19,91 гектар ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб  олгани ва ноқонуний равишда иморат қургани бўйича Нишон тумани ҳокимлиги томонидан судга киритилган даъво аризалари қаноатлантирилган ва ижро этиш учун Мажбурий ижро бюросининг Нишон тумани бўлимига  юборилган. Мазкур ҳолат бўйича туман ҳокимлиги мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси ҳам назоратга олинди.

Мазкур қарорга асосан вилоятда 23465 гектар пахтазор, 3326 гектар мевазор, 810 гектар узумзор томчилатиб, шунингдек, 11255 гектар ғалла, 1250 гектар сабзавот ва полиз, 1600 гектар озуқабоп экин экиладиган ерларни ёмғирлатиб суғориш ҳамда 8700 гектар ерни текислаш режалаштирилди.

Хусусан, вилоятда 42795 гектар ер учун 1776 та талабгор билан 1 трлн. 47 млрд. 800 млн. сўмлик пудрат шартномаси расмийлаштирилди.

Банклар 893 нафар талабгорга 21359 гектар ерда деҳқончилик қилиши учун 314,1 млрд. сўм имтиёзли кредит берди, 551 нафар талабгорнинг 16,3 минг гектар ерида сув тежовчи технологиялар ишга туширилди, шундан 12,5 минг гектари пахта майдони ҳисобланади. Ҳужжатлари расмийлаштирилган 16 минг гектар ер учун 88,9 млрд. сўм субсидия ажратилган.

Ўрганишда субсидия ва кредит талон-торож қилинган ҳолатлар аниқланиб, 21 та жиноят иши қўзғатилди. Масалан, Миришкор туманидаги 9 та фермер хўжалиги ва «Mirishkor textil group» корхонасининг 379,5 гектар ерида сув тежовчи технология жорий этилгани ҳақида сохта ҳужжат тузилиб, 2,7 млрд. сўмлик субсидия талон-торож этилгани аниқланди ва айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, терговда улардан 2,6 млрд. сўмлик зарар ундирилди.

Бу йўналишда ваколатли идораларга 21 та тақдимнома киритилган, 65 нафар мансабдорнинг маъмурий ва интизомий жавобгарлиги масаласи ҳал этилган.

Ҳудудларда агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши, маҳсулот етиштириш билан боғлиқ шартномаларнинг бажарилиши таҳлил қилиб борилмоқда.

Вилоятда 2021 йили 140 минг гектар ерда 323,4 минг тонна ғалла етиштириш режалаштирилган бўлиб, 319 минг тонна ҳосил олинган.

Дон етиштириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 565,2 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилиб, шундан 498,7 млрд. сўми қайтарилган.

Агротехник тадбирлар бўйича ўтказилган текширишларда қонун бузилишини бартараф этиш тўғрисида 24 та тақдимнома, 2 та протест, 82 та огоҳлантириш берилди, 17 нафар мансабдорнинг интизомий, 20 тасининг маъмурий жавобгарлиги масаласи ҳал этилди, 1 та жиноят иши қўзғатилди.

2021 йилда вилоятда фаолият юритган 17 та кластер 135,9 минг гектар ерда пахта етиштириб, режани 90,51 фоизга бажарди. 6194 та фермер хўжалигидан 1580 таси пахта етиштириш режасини бажармади.

Кластерлар томонидан фермер хўжаликларига якуний ҳисоб-китобларга кўра 488 млрд. сўм пул тўлаб берилган.

Бу борадаги назорат тадбирлари давомида прокурорнинг 222 та таъсир чораси қўлланди. Косон, Ғузор, Миришкор, Қарши, Чироқчи тумани ҳокимларининг ўринбосарлари маъмурий, Косон, Чироқчи, Нишон тумани ҳокимларининг ўринбосарлари интизомий жавобгарликка тортилди. Касби ва Муборак тумани ҳокимининг ўринбосарлари эса лавозимидан озод этилди.

Вилоят прокуратураси томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналари ўртасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш, ўзаро ҳисоб-китобларда қонун ҳужжатларига амал қилиниши устидан ҳам назорат ўрнатилган.

Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими «Агросервис» МТП ва унинг қуйи бўлимлари томонидан ишчиларга тўланмасдан келинган ойлик иш ҳақини ундириш бўйича фуқаролик судларига 2,8 млрд. сўмлик 604 та даъво аризаси киритди ва суд буйруқлари чиқарилиб, ижрога қаратилди.

Шунингдек, бўлим ўтказган текшириш натижаси бўйича вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасига киритилган тақдимномага кўра пахта етиштириш харажатларини молиялаштириш учун жамғармадан ажратилган маблағ ҳисобидан 7842 та фермер хўжалиги ҳамда 11280 нафар ходимнинг 28,3 млрд. сўмлик иш ҳақи тўлаб берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги «Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талабига зид равишда қишлоқ хўжалиги корхоналарига олдиндан пулини олмасдан ёнилғи етказиб берилгани оқибатида мутасаддилар 31 млрд. 281 млн. 205 минг сўм қарздорлик келиб чиқишига сабабчи бўлиб, давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказишган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси бўйича ўтказилган 253 та текширишда қонунга зид ҳужжатларга нисбатан 674 та протест келтирилди, 385 нафар шахснинг интизомий ва 613 кишининг маъмурий жавобгарлиги масаласи ҳал этилди. Қонун бузилишини бартараф қилиш юзасидан ваколатли идораларга 244 та тақдимнома киритилди, 88 та жиноят иши қўзғатилди.

Тадбиркорларнинг манфаатини кўзлаб иқтисодий судларга 1,4 млрд. сўмлик 200 та, фуқароларнинг манфаатини кўзлаб фуқаролик судларига 4 млрд. сўмлик 907 та ариза киритилди.

Шунингдек, 47,8 млрд. сўмлик зарар аниқланиб, шундан 18,3 млрд. сўми ундирилди, 18830 та юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Ер ва сув ресурслари халқимизнинг бебаҳо бойлигидир. Инсоннинг ризқи ер билан боғлиқ. Сув эса азалдан ҳаёт манбаи ҳисобланади. Миришкор деҳқонлар, чорвадорлар ва боғбонлар меҳнати сабабли дастурхонимиз файзли, турмушимиз фаровон. Шу боис қишлоқ хўжалиги соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш ўта муҳим аҳамиятга молик вазифадир. Бу эзгу мақсад йўлида барча имкониятларни ишга соламиз.