«Имзошунос» банкир

15:14 - 07.04.2022

12

Мақсадига эришиш учун таниш ўқитувчи билан кенгашди. Келишувга биноан унинг бир таниши «маиший техника хариди» учун банкдан кредит оладиган бўлди. Гаров таъминоти сифатида ўша аёлнинг ойлик маоши белгиланди. Бу ишни банкир йигит ўзи уддалайдиган бўлди. Кредит олишга асқотадиган ҳужжатлар йиға бошлади. 

Афсуски, бу ўйиндан «талабгор» ҳали хабардор эмас эди. Биринчи қадам ёмон бўлмади – Козимжоннинг ҳаракати билан банкдан 20 миллион сўм кредит олинди ва у шериклар ўртасида тенг тақсимланди. Кафиллар ва бошқаларнинг имзоларини банкирнинг ўзи ўхшатиб қўйди. Козимжоннинг назарида бу иш хамирдан қил суғургандек осон бита қолди.

– Опа, энди сиз ҳам асқотинг, – деди Козимжон шерикларидан бири, мактаб директори бўлган аёлга.

Опа индамади. Сукут розилик аломати! Козимжон яна ишга киришди. «Ўзсаноатқурилишбанк» Хонобод филиали билан директор опа – Шаҳноза Шоикромова ўртасида кредит шартномаси «имзоланди». Бу гал ҳам банкдан қалбаки ҳужжатлар, қалбаки имзолар билан 20 миллион сўм олинди. Ушбу маблағ ҳам ҳаш-паш дегунча Козимжоннинг асосий шериги бўлмиш хонободлик Муроджон Баҳовуддинов ва директор ўртасида тақсимланди. Учинчи овга Қўрғонтепадаги мактаб директорининг ўринбосари Шаҳзодбек Камолов ҳам жалб этилди. У ишлайдиган мактабдаги бир аёл истеъмол кредити «оладиган бўлди». Энг қизиғи, бундан аёлнинг ўзи бехабар эди. Тезда бир нечта ўқитувчининг ойлик маоши гаров сифатида расмийлаштирилди, сохта ҳужжатлар орқали банкдан яна 20 миллион сўм олинди. Шу тариқа жиноий шериклар текин пулга мазахўрак бўлиб қолишди.

Козимжоннинг яна бир таниши бўлиб, у Хонободдаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг раҳбари Мамарозиқ Жабборов эди. Кутилмаганда унинг ҳам бир ишчиси Козимжон ишлаётган банкдан «кредит оладиган бўлди». Яна сохта ҳужжат ва имзолар…

Қарангки, Мамарозиқ Жабборовнинг яна бир нечта ишчиси 22 миллион сўмдан истеъмол кредити «олишди»! Бу орада Шаҳзодбекнинг ҳам иштаҳаси очилиб борди. Банкдан бировлар номига гоҳ 9, гоҳ 17, гоҳ 22 миллион сўм кредит олиб, ўз эҳтиёжига ишлатиб юришни одат қилди. Бироқ «текин пиш­лоқ қопқонда бўлади» деганлари чин экан.

Хуллас, жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа тумани судининг навбатдаги мажлиси ушбу масаланинг қонуний ечимига бағишланди. Жиноят кодексига кўра айбли деб топилган Козимжон Расулов етказилган зарарни тўлиқ тўлагани учун жазодан озод қилинди. Икки ҳамтовоғи эса қилмишига яраша жазосини олди. Улардан жабрланувчиларга етказилган зарар ундирилиши белгиланди. Ўйлаймизки, Козимжон Расулов ушбу ҳукмдан хулоса чиқаради, қадамини ўйлаб босади. Ушбу хулоса унинг шерикларига ҳам тааллуқлидир.