Бузилган ҳуқуқлар ҳимоясида маъмурий судларнинг роли

15:09 - 07.04.2022

30

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4966- фармони билан мамлакатимиз тарихида илк марта Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилди.

Бу Конституциянинг 44-моддасида белгиланган ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши тўғрисидаги нормани амалга татбиқ этишнинг янги ва самарали ҳуқуқий механизми бўлиб хизмат қилди.

Германия, Франция, Буюк Британия ва Нидерландия каби ривожланган давлатларда шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини маъмурий судлар орқали ҳимоя қилиш тизими йўлга қўйилган ҳамда доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда. Юртимизда ҳам бу соҳадаги ишлар тўхтаб қолгани йўқ.     

Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 29 январдаги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтириш сари ташланган муҳим қадам бўлди.

Ушбу қарорнинг эътиборли томонларидан бири шундаки, унда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлашда самарали суд назоратини ташкил этиш ва йўлга қўйиш механизмлари ўз ифодасини топди. Олий судга қуйидаги тартибларнинг процессуал қонун ҳужжатларида белгиланишини таъминлаш вазифаси топширилди:

маъмурий суд ишларини «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида юритиш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш;

маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдорларига жарима солиш;

оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш.

Булар судларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги ваколатларини кенгайтиради.  

Бундан ташқари қарорда давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бош­ лаб бир ой давомида ижро қилиши ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериши тартиби йўлга қўйилмоқда. Агар ҳал қилув қарори давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаса, уларнинг мансабдорларига жарима жазоси қўлланади. Бу мамлакатимиз қонунчилигида мутлақо янгича тартиб бўлиб, давлат органлари ва ташкилотлари мансабдорларининг маъмурий суд ҳал қилув қарорлари ижроси бўйича масъулиятини оширишга хизмат қилади.