«Шу ишни қилмасам тинчимайсиз, опа!»

11:10 - 07.04.2022

14

2020 йилнинг январь ойи. Қарши туманининг Нуқрабод маҳалласидаги хонадон эгаларидан бири элу юртга ош бериб, не-не орзу-ҳаваслар ила ўғил уйлантирган, икки оила ўртасида қариндошлик риштаси боғланган эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан ёш келин-куёв, қайнона ва келин, қолаверса, қудалар ўртасида тушунмовчиликлар рўй бера бошлади. Бунинг асосий сабабларидан бири келин ва қайнонанинг арзимас сабаб билан жанжаллашиб қолиши, келишиб кета олмаётгани эди. Айнан шу сабабга кўра ёш келинчак тез-тез ота уйига кетиб қола бошлади.

Орага ҳар икки томоннинг яқинлари тушган, маҳалла фаоллари аралашган вақтлар ҳам кўп бўлди. Уларнинг маслаҳати билан келин ва куёв бир қариндошининг уйида, кейин эса ижарада ҳам яшаб кўришди. Тинч яшашди-ю, лекин куёв онанинг ёлғиз боқувчиси эди. Кекса онасини қолдириб, ўзи алоҳида яшашга ғурури йўл қўймади. Хотинини кўндириб, яна онасининг ёнига қайтиб келишди. Шунча гапдан сўнг келин ва қайнонанинг муроса қилиб яшашига умид қилгандир балки, бироқ бундай бўлмади. Яна ўртада «деди-деди»лар, ур-тўполонлар бошланди. Ғазабини жиловлай олмаган йигит онасининг тарафини олиб, хотинига қўл кўтарди. Келин икки ойлик чақалоғи билан йиғлаб, қўшни маҳалладаги отасининг уйига йўл олди…

Йигирма ёшли Асилбек Қурбонов уйга келса, яна опаси қайтиб келган, йиғидан шишиб кетган кўзлари, кўкарган юзи гап нимадалигидан дарак бериб турарди. Барча оила аъзолари сингари Асилбек ҳам бу жанжалларнинг асосий сабабчиси опасининг қайнонаси Камола Кенжаева деб билар, шу аёл бўлмаса, поччаси ва опаси тинч яшашига ишонарди. Хаёлидаги ана шу фикр уни жиноятга ундади.

Отасининг «Нексия» машинасини миниб уйдан чиққан Асилбек тўппа-тўғри поччасининг уйига йўл олди. Борса поччаси йўқ, унинг онаси эса бир қиз билан гурунглашиб ўтирган экан. Асилбек ҳеч нарса билмагандек уларнинг даврасига бориб қўшилди.

Асилбек борганидан сўнг Камола Кенжаева дастурхонга битта ароқ келтириб қўйди. Асилбек бир пиёла ичди, қолганини аёлнинг ўзи ичиб олиб, анча кайфи ошиб қолди. Қасос олиш олови билан ёнаётган қаршисидаги йигитга эса худди шу керак, аёлнинг опаси ҳақидаги турли ҳақоратларига чидаб ўтирганининг сабаби ҳам шунда эди. Камола Кенжаеванинг маст бўлиб қолганига ишончи комил бўлганидан сўнг қўшни маҳалладаги сомсахонага бориб, улфатчиликни шу ерда давом эттиришни таклиф қилди. Аёл рози бўлиб, Асилбекнинг машинасига ўтирди.

Бу пайтда кун кеч бўлиб, анча қоронғи тушиб қолган эди. Асилбек машинани Бешкент – Лаганди йўлидан бошқариб бориб, тезоқар каналнинг Каҳлак маҳалласидан ўтган қисмига яқин жойда тўхтатди. Аёл эса ҳамон ғудранганча Асилбекнинг опасини ҳақоратлаш билан банд эди. Асилбек машинадан тушиб, ундан аввалдан солиб қўйган пичоғини олди. Сўнг машинанинг аёл ўтирган томондаги эшигини очиб, мастлигидан ҳеч нарсани пайқамаётган Камола Кенжаеванинг юрагига пичоқ урди.

Аёлнинг қўрқув аралаш ожизгина фарёдини кенг дала ва юз метр нарида оқаётган канал шовқини ютиб юборди. Бу ерда қандай разиллик рўй берганини ҳеч ким пайқамади ҳам. Мудҳиш режасини амалга оширган Асилбек энди машинани канал ёқалаб Каҳлак маҳалласидан Кожар маҳалласи томонга ҳайдади. Қулай жой топиб мурдани машинадан судраб туширди ва сувга улоқтирди.

Асилбек бу жиноятни қаттиқ ғазаб исканжасида қилган ва изини ёпа олмаслигини ҳам биларди. Шу боис тўғри далада экинларини суғориб юрган бир қариндошининг олдига бориб, маслаҳат сўради. Асилбекнинг гапларига аввалига ишонмаган, кейин эса унинг қандай ишга қўл урганини эшитиб, ранги ўчиб кетган қариндоши тезда ИИБга бориб, воқеа ҳақида хабар бериш кераклигини айтди. Асилбекда ҳам қариндошининг ортидан эргашишдан бошқа фикр йўқ эди. Улар биргаликда Кожар маҳалласида хизмат қилаётган профилактика инспекторининг ёнига бориб, бор гапни баён қилишди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судида Асилбек Қурбоновнинг жинояти кўриб чиқилиб, унга 11,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Шунингдек, суд ҳукмига асосан айбланувчидан жабрланувчи оилага жами 40 миллион сўм моддий ва маънавий зарар ундирилиши белгиланди.