Пойтахтдаги тошқинлар

10:56 - 07.04.2022

9

Қиш тугаб, баҳор келди. Ёмғирли кунлар бошланди. Аслида ёмғир деҳқон ва чорвадорларимизга барака олиб келади. Лекин жала қуйса баъзи фуқароларни ҳадик босади. Чунки кучли ёмғирлар туфайли айрим кўчаларни сув босиб, турли ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Ҳатто сув одамларнинг уйигача кириб, иморатларига зарар етказган ҳолатлар ҳам кузатилаяпти. Бунинг сабаби нимада?..

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда юртимиздаги вилоят ва туман марказлари, шаҳар ва қишлоқларнинг қиёфаси тубдан ўзгартирилаяпти. Бюджетдан катта маблағ ажратилиб, ҳудудлар ободонлаштирилмоқда. Ободонлаштириш бошқармаларининг моддий-техник базаси йил сайин мустаҳкамланмоқда. Ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилаяпти. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январдаги «Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида аҳоли пунктларининг тозалигини сақлаш, уларни кўкаламзорлаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилган. Қарорда кўчалар, хиёбонлар, ёдгорлик мажмуалари ва умумий фойдаланиладиган бошқа зоналарни кўкаламзорлаштириш, дов-дарахтларни парвариш қилиш, йўл ва кўприкларни сақлаш, таъмирлаш, қишлоқ йўлларини сақлаш, таъмирлаш, дренаж хўжалигини (вертикал ва горизонтал қудуқлар, очиқ ва ёпиқ коллекторлар, сунъий ҳавзалар, ер ости ва ёмғир сувларини ҳайдайдиган насос станциялари) ва фаввораларни сақлаш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш каби бир қатор вазифалар жойлардаги ободонлаштириш бошқармалари зиммасига юклатилган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, биз юқорида таъкидлаган муаммо учун айнан ҳудудлардаги ободонлаштириш бошқармалари масъул.

2021 йилнинг январь ойида Британиянинг «Аруп» компанияси юртимизда шаҳарни барқарор бошқариш бўйича ўтказган семинарда пойтахтнинг барқарор ривожланишидаги асосий хавф зилзила ва сув тошқинлари эканини таъкидлаган. Дарҳақиқат, ҳар йили бўладиган кучли жалалар нафақат пойтахт кўчаларини, балки вилоят марказларидаги кўчаларни ҳам сув босишига сабаб бўлмоқда.

Бунинг сабабига тўхталадиган бўлсак, кейинги йилларда пойтахт ва вилоятлардаги кенг кўламли қурилишларда ёмғир сувларининг оқимига унчалик аҳамият берилмаяпти. Хусусан, аксарият янги уйлар, йўл ва кўприклар бу каби ҳолатларни инобатга олмаган ҳолда қурилмоқда. Шунингдек, йўл четидаги ёмғир суви тушадиган новларнинг йўналиши ҳисобга олинмаяпти. Чунки новларга тушган ёмғир суви оқиб канал ва ариқларга бориб қуйилиши керак. Аксарият ҳудудлардаги бундай новлар йўл четига шунчаки ётқизиб кетилмоқда. Афсус­ки, уларга тушган сув на катта ариқларга, на каналларга йўналтирилади. Яна ёмғир сувини тортувчи коллектор тармоқлари ва новларнинг барқарор ишлашига одамлар йўлларга ташлаб кетаётган чиқиндилар ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Санайдиган бўлсак, омиллар кўп.

Ушбу муаммонинг аниқ сабаблари ва ечими хусусида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бош бошқармаси дренажлар ва коллекторларни таъмирлаш ва сақлашга ихтисослаштирилган бошқармаси мутасаддиларига мурожаат қилдик.

Тошқиннинг бир нечта сабаби

Берилган маълумотларга кўра ҳозир Тошкент шаҳрида қарийб 100 километрлик дренаж ва коллекторлар мавжуд. Уларнинг 53 километрдан ошиғи ёпиқ, 40 километрга яқини очиқ коллекторлардир. Ёпиқ коллекторларнинг энг кичиги 80 см.ли бетон қувурлардан иборат бўлиб, катталарининг ичида машина бемалол юрар экан. Мазкур коллекторлар ер сатҳидан тахминан 15-20 метр чуқурликдан ўтказилган бўлиб, пойтахт ҳудудидан ёғин ва ер ости сувлари каналларга оқиб чиқиб кетишини таъминлайди.

– Пойтахтимиздаги ёғин сувларини тортадиган коллектор тармоқларининг 1 метр ва ундан катта ҳажмдагиларининг сақланиши ва барқарор ишлашини бизнинг бошқармамиз назорат қилади, – дейди бошқарманинг ишлаб чиқариш ва техника бўлими муҳандиси Мирзараҳмат Ҳамдамов.

– Қолган тармоқларни сақлаш туманлардаги ободонлаштириш бошқармалари зиммасида. Шунингдек, кўп қаватли уйларнинг орасига ётқизилган новларнинг созлигига ўша ҳудуддаги хусусий уй мулкдорлари ширкатлари масъул бўлса, ҳовлили аҳоли пунктларидаги кичик новларнинг ишлашига маҳалла мутасаддилари жавобгар.

Дарҳақиқат, ёғингарчилик оқибатида содир бўлаётган тошқинлар пойтахтдаги долзарб муаммолардан бири. Чунки ёғин сувини тортувчи коллекторлар асосан СССР пайтида режалаштирилиб, ўша даврдаги шароитдан келиб чиқиб қурилган. Мустақиллик йилларида фақатгина бир қанчаси реконструкция қилиниб, очиқ коллекторлар ёпиқ ҳолатга ўтказилган. Яъни, мазкур коллекторларнинг қурилганига деярли ярим аср бўлган. Тўғри, ёғин сувининг ҳажми аҳоли сонининг ўсишига боғлиқ эмас. Лекин пойтахтда бўлаётган кенг кўламли қурилишларнинг таъсири бор. Боиси ёғин сувлари сингиб кетадиган майдонлар камаймоқда.

Кучли ёки узлуксиз ёғингарчиликда йўлларга сув тошишининг сабабларидан бири қопламасиз майдонларнинг йил са­йин қисқариб боришидир. Яъни, яшил ҳудудлар камайиб, асфальт ёки бетон қопламали майдонлар кенгаймоқда. Яна бир сабаб шуки, маҳаллалардаги каналларга йўналтирилган новларнинг мувозанати бузилган ёки умуман йўқ бўлиб кетган. Улар ўз-ўзидан шундай ҳолатга келиб қолмаган. Одамлар шу ҳолга келтирган. Мисол учун ёғингарчилик бўлса Учтепа тумани Ўткир маҳалласидаги Ибрат ва Бешқайрағоч кўчалари кесишмасида сув тошадиган бўлиб қолганди. Мазкур муаммога ечим излаб, маҳалладаги ёши улуғ одамлар билан суҳбатлашдик. Улар ўша ҳудуднинг қаеридан очиқ коллекторлар ўтганини кўрсатишди. Афсуски, барчасини одамлар йўқ қилиб, турли иморатлар қуриб юборишган. Мана оқибати. Ҳозир мазкур маҳаллага янги коллектор қурилди.

Пойтахтимизда бу каби ҳолатлар кўпаймоқда. Хусусан, Яшнобод туманидаги Махтумқули кўчасининг собиқ Тошкент авиация заводи ҳудудидан ўтган қисмида ҳам ёғингарчилик бўлса сув тўпланиб, ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Ёки Шайхонтоҳур туманидаги Кичик ҳалқа йўли ва Истироҳат кўчаси кесишмасида ҳам ёмғир оқибатида йўлни сув босади. Бу ҳудудларга катта миқдордаги сувни тортадиган коллектор қурилмаса, ҳар ёғингарчилик бўлганда хунук ҳолатга гувоҳ бўлаверамиз. Бошқармамиз томонидан ушбу муаммоларни бартараф қилиш учун тегишли жойга таклиф берилган. Бу бўйича бюджетдан етарли маблағ ажратилиши лозим.

Аслида бошқармамиз коллекторлар қурмайди. Уларнинг барқарор ишлашини таъминлаб, назорат қилади. Агар бюджетдан маблағ ажратилса, коллекторларни тендерда ютиб чиққан корхоналар қуради. Ёғингарчилик пайти тошқин бўлишининг яна бир сабаби одамларнинг маданиятсизлиги. Кўчага чиқинди ташлаб кетилиши оқибатида улар кичик новларда тўпланиб, оқава сув билан катта новларга тушади ва улар орқали коллекторларга кириб бориб сув йўли тўсилишига олиб келади. Шу ерда «новларни ҳудудий ободонлаштириш бошқармалари тозалаб турмайдими?» деб сўрашингиз мумкин. Новлар кунда икки марта тозаланади. 15-20 метр чуқурликдаги катта коллекторимизда ҳар 50 метрда ва қайрилиш жойларида кузатув қудуқлари бор. Мазкур қудуқларга оқава сувдаги чўкмалар тушиб тўпланади, аммо баклажка, ёғоч каби чўкмайдиган буюмлар кузатув қудуқларидан оқиб ўтиб кетиб, коллекторнинг қаеригадир бориб тиқилади. Бу жараёнда коллекторнинг ўша жойини тозалаш жуда мушкул. Сувни тўхтатиб туриб, коллекторнинг ичидан бориб, тиқилиб қолган жойни топиш керак бўлади. Кузатув қудуқлари ҳам кунига икки марта тозалаб турилади. Лекин одамлар 24 соат мабайнида чиқинди ташлашади. Агар кўчага ахлат улоқтиришга барҳам берилса, бу муаммонинг битта сабаби бартараф этилган бўларди.

Шунингдек, бошқармамиз турли объектларга ер ости сувлари зарар етказмаслиги учун ҳам фаолият олиб боради. Хусусан, ер ости сувлари метро линия­ларига чиқиб кетмаслиги ва кўп қаватли уйларга зарар етказмаслиги учун пойтахтда 317 та тик (артезиан) қудуқ узлуксиз ишлаб туради. Улар тортиб олган сувлар ҳам коллекторлар орқали каналларга йўналтирилади. Шу сувдан яшил ҳудудларни суғориш учун ҳам фойдаланилади.

Ишимизни тўлиқ бажаришимизга баъзан махсус техникаларимиз йўқлиги ҳам таъсир қилади. Техника керак бўлса, бош бош­қармага қарашли махсус техникалардан фойдаланамиз.

Канализацияга оқизилаётган ёмғир суви

Пойтахтдаги айрим маҳаллаларда одамлар тошқиннинг олдини олиш мақсадида ёмғир сувини канализация тизимига йўналтиришаяпти. Оқибатда кучли ёғингарчилик бу тизимнинг барқарор ишлашига салбий таъсир кўрсатиб, қайта ишланадиган сувлар атроф муҳитга тарқалишига сабаб бўлмоқда. Тизимда авариялар ҳам бўлиб турибди.

– Йил сайин ёғин сувини оқава сув қувурларига улаб қўйиш ҳолатлари кўпаймоқда, – дейди «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ бош муҳандиси Қодир Алимов.

– Бу эса ёғингарчилик пайтида оқава сувларни қабул қилувчи иншоотлар фаолияти издан чиқишига олиб келаяпти. Чунки иншоотларнинг ишлаш тартиби маълум кетма-кетликка асосланган. Ушбу кетма-кетлик белгиланган вақтда якунланади. Иншоотга меъёрдан ортиқ оқава сув кириб келса,  биологик тозалаш жараёнлари издан чиқади. Шу сабабли Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 3 февралдаги «Коммунал хўжалик тизимида табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2014 йил 15 июлдаги «Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорларида бу борадаги меъёрлар аниқ белгилаб қўйилган.

Минг афсуски, ҳозир Тошкент шаҳридаги аксарият маҳаллаларда яшовчи аҳоли ёмғир сувини оқава сув қувурларига улаб қўйган. Бир қарашда уларни ҳам тушуниш мумкин. Сув кетадиган жой бўлмагандан кейин ёмғир сувини канализацияга оқизишдан бошқа иложи йўқ. Аммо бу фавқулодда ҳолатларга сабаб бўлмоқда. Қувурга сиғмаган канализация сувлари кўчалардаги қудуқлардан тошиб чиқаяпти. Маиший чиқиндилар аралашиб кетган сув кўчаларга тошади, ёмғир тиниб қуёш чиққанида эса ўша сувлар буғланади. Одамлар ундан нафас олади. Қолганини ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун аҳоли уйлари ва корхоналарда канализацияга улаб қўйилган ёмғир суви дарҳол тармоқдан узилади ва маъмурий баённома расмийлаштирилади, бу эса жарима солинишига сабаб бўлади.

Хулоса қиладиган бўлсак, ёғингарчилик пайтида содир бўлаётган тошқинларнинг сабаблари маълум. Уларни бартараф қилиш учун эса кўп иш қилиниши керак. Давлатимиз раҳбари халқимизнинг яхши яшаши учун шароит яратиш ва бу йўлда бор имкониятларни ишга солиш, муаммоларни иложи борича тез бартараф этишни жойлардаги мутасадди раҳбарлардан талаб қилмоқда. Аммо сув тошқинларини бартараф этишда нафақат давлат ташкилотлари, балки фуқаролар ҳам иштирок этиши керак. Масалан, йўл четидаги новга чиқинди ташлаган одамга бир марта танбеҳ берсак, келаси сафар у бу ишини такрорламайди. Қолаверса, давлат бизга ҳамма нарсани қилиб бериши керак деб ўйлашни тўхтатиб, маҳаллалардаги, кўп қаватли уйлар орасидаги ариқчаларни ўзимиз тозалаб турсак, ёғин сувини катта ариқларга йўналтириб қўйсак, нур устига нур бўлади. Сал эътиборлироқ бўлсак кифоя.