Келишиб олган кадастрчилар

10:29 - 01.04.2022

10

Ҳануз фуқароларимиз кадастр билан боғлиқ муаммоларга дуч келаяпти. Шунинг учун мазкур соҳада қилиниши керак бўлган ишлар ҳам кўп. Хусусан, қонун ҳужжатлари билан мазкур тизимга юклатилган вазифалар ижроси етарли даражада таъминланмаяпти.

Соҳадаги ходимларнинг кўпчилиги ишни яхши тушунмайди. Тизимда баъзи ходимлар борки, иш юзасидан олдига келган фуқарога тўғри йўл кўрсатиб, муаммосини ҳал этиш ўрнига уни алдаб пулини олишга ҳаракат қилади.

Фуқаро Оминахон Саидова 2021 йил февраль ойининг ўрталарида Оҳангарон шаҳридаги Бирлик маҳалласи идорасига уйининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш юзасидан маслаҳат сўраб боради. Маҳалла раисининг котибаси унинг телефон рақамини олиб қолиб, кадастр бўлимидаги мутахассисларга беришини, улар керакли маслаҳат бера олишини айтади. Икки-уч кундан сўнг унга нотаниш киши қўнғироқ қилиб, ўзини Илҳом деб таништиради ва «мен сизга ҳужжатларни расмийлаштиришга ёрдам бераман» дейди.

Орадан бир неча кун ўтгач Илҳом яна қўнғироқ қилиб, О.Саидованинг уйига келади. Ҳовлига кирганидан сўнг ундан «нега илгари ҳужжат қилдирмагансизлар?» деб сўрайди. О.Саидова икки-уч марта Давлат хизматлари маркази орқали ариза топширганини ва аризаси қаноатлантирилмаганини айтади. Шундан кейин Илҳом яна ким биландир телефон орқали гаплашиб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш харажати 700 АҚШ доллари бўлишини, шундан 300 долларини меъморга беришини, қолгани эса югур­югурга кетишини айтади. О.Саидова эса Илҳомга шароити яхши эмаслигини, бунча пул топиб бера олмаслигини билдиради. Илҳом пул бермаса иш битмаслигини қистириб ўтади. О.Саидова ноилож унинг талабига рози бўлади.

Тўрт-беш кун ўтганидан сўнг Илҳом қўнғироқ қилиб, «пул тайёр бўлдими?» деб сўраганида у ҳали пул тополмаганини айтди. Аммо пули йўқ одамни Илҳом тинч қўймади. Унга қўнғироқ қилавериб, пулни қистайверди. Шундан сўнг аёл 2021 йил 12 март куни ҳуқуқ-тартибот идорасига ариза билан мурожаат қилди.

Департаментнинг Оҳангарон шаҳар бўлими ходимлари ўтказган тадбирда Илҳом О.Саидовадан 300 доллар пулни олган вақтида ушланди ва ушбу ҳолат холислар иштирокида расмийлаштирилди.

Суриштирув жараёни бу шахс «Ермулккадастр» ДК Оҳангарон шаҳар филиали мутахассиси Илҳом Эргашев эканлиги аниқланди. У бу ишни бир ўзи эмас, шериги, филиалнинг яна бир мутахассиси Миршоҳид Алиев билан бирга амалга ошириш учун келишиб олгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Унга кўра Илҳом Эргашев ва Миршоҳид Алиевга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.