Марҳумнинг хонасидан топилган дори

09:34 - 01.04.2022

13

Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан 2021 йилда ўтказилган тадбирлар натижасида дори-дармонни қиммат нархда сотиш, психотроп дориларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ 8 та ҳолат аниқланди, 3 та жиноят иши қўзғатилиб, 5 та маъмурий иш юритилди.

Жумладан, департаментнинг Қарши шаҳар бўлими ходимлари 2021 йил 8 август куни фуқаро Ш.Р. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, «Covid-19» касаллигини даволашда ишлатиладиган, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 21 та «Remdesivir» дорисини фуқарога 17 млн. 850 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, департаментнинг вилоят бошқармасига фуқаро У. ариза билан мурожаат қилиб, унда марҳум отасининг дафн маросими вақтида унинг хонасида 24 та «Трамадол» ва 17 та «Золомакс» дориси борлиги аниқланганини маълум қилган. У.нинг қайд этишича, онаси чоли вафот этгунига қадар соғлиғи ёмонлашган вақтларда унга ушбу дорилардан бериб турганини айтган. Қарши шаҳридаги «Н.» хусусий шифохонаси шифокори Х. бир неча йил давомида марҳумга дориларни етказиб турган. Кейинчалик улар ушбу дорилар кучли таъсир этувчи психотроп ҳисобланишини билиб қолишган. Мурожаат муаллифи шифокорнинг бу ҳаракати қонунийлигига аниқлик киритиш ва унга нисбатан чора кўришни сўраб, дориларни тақдим этган.

Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган текширишда шифокор ҳақиқатан ҳам марҳумни ушбу дорилар билан таъминлаб келгани аниқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривож­лантириш агентлиги «Дорилар, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУКнинг хулосасига кўра «Золомакс» ва «Трамадол» дорилари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги 878-қарорига кўра Ўзбекистонда муомалада бўлиши чекланган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар рўйхатига киради.

Мазкур ҳолат юзасидан шифокорга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.