Оналар — башариятнинг тарбиячилари

11:07 - 31.03.2022

10

Ота-она орзу-ҳаваслар билан йиллар давомида йиғиниб, тўй қилиб ўғлини уйлантиради. Ёш келинчакни қизидек қабул қилиб ёмонини яшириб, яхшисини ошириш, қайнсингил, қайнукалар билан янгаси муносабатларини мўътадил сақлаш, қудалар билан борди-келди отанинг қаттиққўллиги, онанинг мулоҳазакорлигига боғлиқ. Эрка қизнинг ёнини олиш ё келинга хизматкордай муомала қилиш оиладаги хотиржамликка путур етказади.

Баъзи оилаларда оналар бошқарувни қўлига олиб, эркак киши, яъни турмуш ўртоғига нисбатан ҳурматсизлик, беписанд­лик қилишади. Бунинг албатта объектив, субъектив сабаблари бўлади. Эркак киши вақтида ичкиликка берилган, фарзандлар таълим-тарбияси билан шуғулланиш, оиланинг эҳтиёжи учун пул топиш аёл зиммасида қолиб кетган ҳолатлар ҳам бор. Масалан, Когон тумани Сараён маҳалласида яшовчи Азим ака (исмлар ўзгартирилган)  ҳамда Музайян опа икки ўғил, бир қизни тарбиялаб вояга етказишган. Оиланинг тўнғич фарзанди Нарзулла билан суҳбатлашганимизда, «…отамдек бўлишни умуман хоҳламайман. Фарзандларимни меҳр билан улғайтираман, урмайман деб ўзимга сўз берганман. Менга дурадгорликни ўргатган ўқитувчимиздан миннатдорман, гарчи қўлларимга уриб-уриб арра, искана билан ишлашни ўргатган бўлса ҳам» дейди.

Мана шу йигит икки-уч йил илгари Россияда ишлаб келиб бугунги кунда уй қурди, уйланди, укасини уйлантирди. Шиша цехида ишлаяпти. Хом ғиштдан иморат кўтариб тикув цехи очмоқчи. Овози баланд, қўни-қўшнилари унчалик хушламайдиган Музайян опа ҳақида Нарзулладан сўраганимизда, «Тўғри, онам бироз жанжалкаш. Аммо бунда айбдор онам эмас. У кишини ҳаёт шунақа қилиб қўйган» деб ачинади. Демак, аксарият ҳолларда ота ота ўрнида, она она ўрнида эмаслиги ҳам оиладаги муҳитга салбий таъсир кўрсатади.

Аҳмад Югнакий ёзганидай:

Атодин хато келса кўрма хато,

Савоб бил хато токи қилса ато.

Атонинг хатосини билгил савоб,

Сени юз балодир қутқаргай худо.

Фитратда шундай ибратли фикр бор: «Ҳар бир бола гўдаклигидан онасининг тарбиясига маҳкум, бинобарин, биз дастлабки тарбияни онамиздан оламиз, бу оналар башариятнинг тарбиячиларидир дегани».

Оила жамиятнинг энг кичик бўғини бўлса-да, жамиятнинг асосини ташкил этади. Оилалар тинч ва фаровон бўлсагина жамият, давлат  тараққий топади.

Янги ҳаётни бошлаган ёшларнинг оиласи мустаҳкам бўлиши, оилавий анъана ва қад­риятлар сақлаб қолиниши учун нималар қилиш керак?

Аслида ҳар бир оила кичик бир давлат. Унинг ўз қонун-қоидалари, одатлари, тартиб-таомили бор. Келин бўлмиш ота уйи­даги муҳитдан тамоман бошқа муҳитга, бошқача бошқарув бўлган хонадонга келади. Ақлли, фаросатли келин бу оилага кўникиши, сабр билан муаммоларни  енгиши мумкин.

– Ёш оиланинг бахтли бўлишида атрофдагиларнинг, қариндошларнинг ҳам роли катта, – дейди Бухоро вилояти Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази директори Нодира Абдуллаева. – Қизи «уларда ундоқ, уларда бундоқ» деган хабарларни телефон орқали етказганда ҳам она бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиши, уйнинг гапини кўчага чиқариш яхши эмаслигини тушунтириши зарур. Шунингдек, куёвнинг онаси ҳам келиннинг ёмонини яшириб, яхшисини ошириб, билмаганини ўргатишини ўз вазифаси деб билса нур устига нур бўлади. Қилаётган ишидан камчилик излайверсангиз, меҳр кўрсатмасангиз у келин оилага меҳр қўя оладими? Бундай оиладан жанжал аримайди. Бора-бора оила пароканда, бегуноҳ болалар тирик етим бўлади.

Вилоят прокуратураси, ички ишлар, соғлиқни сақлаш бошқармаси, маҳалла раҳбарлари билан ҳамкорликда ишлаймиз. Марказимизга келаётган аёлларнинг аксарияти эри, қайнотаси ёки қайнона-қайнопасининг зўравонлигига учраганлар.

Ҳозир уч аёл ва икки бола яшаб келмоқда. Қувонтирадиган жиҳатлардан бири, оз бўлса-да одамлардаги бефарқлик иллати барҳам топмоқда. 1146 «ишонч телефони»га учинчи шахслар, шу жумладан қўшнилар, коммунал хизмат ходимлари, тиббий муассаса ва дорихоналарнинг ходимлари, мактаб психологлари оилавий зўравонлик тўғрисида хабар беришаяпти. Бизга 230 та мурожаат келиб тушди ва жабрдийдаларга ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатилди.

Оилавий бахтда ҳикмат кўп. Бахтиёр оила энг биринчи ва кучли тарбия ўчоғи. Демак, ёшларимизнинг толеи баланд, жамиятимизнинг пойдевори мустаҳкам бўлиши керак десак, аввало оилалардаги маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилавий қад­риятларни сақлаб қолишга долзарб вазифа сифатида қарашимиз талаб этилади.