Ишдан ғайриқонуний бўшатмаслик керак

10:52 - 31.03.2022

12

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида «Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир» деб белгиланган.

Шунга қарамасдан, айрим мансабдорлар ходимларни ишдан ноқонуний бўшатган, бошқа ишга ўтказган ё ишга қўймаган ҳолатлар учраб туради. Меҳнат шартномасини ғайриқонуний бекор қилган мансабдорлар иш берувчига етказилган зарар учун моддий жавобгар бўлишини эсда тутмоғи лозим.

Хусусан, Меҳнат кодексининг 112-моддаси 4-бандига кўра меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишда ёки ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказишда айбдор бўлган мансабдорлар ходимга иш ҳақи тўланиши муносабати билан иш берувчига етказилган зарар учун ушбу кодекснинг 274-моддасида назарда тутилган тартибда моддий жавобгар бўлади.

274-моддага кўра суд ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишда ёки ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказишда айбдор бўлган мансабдор зиммасига ана шу ходимга иш ҳақи тўланиши муносабати билан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш мажбуриятини юклайди. Бундай мажбурият қонунни очиқ-ойдин бузган ҳолда меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки ходим бошқа ишга ўтказилган ё мансабдор суднинг ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги қарори ижросини кечиктирган бўлса юклатилади. Етказилган зарарни қоплаш учун тўланадиган ҳақ миқдори мансабдорнинг уч ойлик маошидан ортиб кетмаслиги лозим.

Фуқаролик кодексининг 1001-моддасига кўра бошқа шахс (меҳнат мажбуриятини бажараётган ходим, транспортни бошқарувчи шахс ва ҳ.) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

Прокуратура органлари томонидан ушбу қонун талабларига кўра меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилиш натижасида иш берувчига етказилган зарарни регресс тартибида айбдорлардан ундириш чоралари кўрилиб, бу хусусда фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари киритиб борилмоқда.

Жумладан, 2021 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар прокурорларнинг ушбу тоифадаги 15 та даъво аризасини қаноатлантириб, етказилган 55 млн. 382 минг сўмлик зарарни мансабдорлардан регресс тартибида ундириш ҳақида қарор чиқарди.

Масалан, Тўрткўл педагогика коллежининг директори Н.Ҳакимбаева ушбу коллежда ишловчи 3 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномасини меҳнат қонунчилигига зид равишда бекор қилган. Оқибатда улар суд қарорига асосан ишга тикланиб, мажбуран бўш юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар коллеж томонидан тўлаб берилган.

Тўрткўл тумани прокуратураси томонидан Н.Ҳакимбаевага нисбатан иш берувчига етказилган зарарни регресс тартибида ундириш ҳақида даъво аризаси киритилди. Ушбу ариза фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, жавобгардан коллежга 7 млн. 981 минг сўм ундириш белгиланди.