Шу иш биз – ўзбекларга хосми?!

17:34 - 29.03.2022

11

Тасаввур қилинг: қўшнингизнинг соч-соқолидан бирорта қораси қолмаган, кампири аллақачон оламдан ўтиб кетган. Чол бир ўзи яшайди, ҳа дейдиган кишига зор. Маҳалла оқсоқоли ва қўшнилар бамаслаҳат қарорга келади: шўрликни ё ғарибхонага обориш, ё ўғлидан алимент ундириш керак! Шу иш биз – ўзбекларга хосми?! Тасаввур қилиб бўлмайди ахир! Ваҳоланки, бунақанги ҳазин ҳолатларнинг неча-нечаси Шакарбек Жўраевнинг кўз ўнгида бўлиб ўтган. У бундан ҳам баттар, ақл бовар қилмайдиган воқеаларни кўрган. Негаки, Ш.Жўраев суд ижрочиси, юрист сифатида қарийб ўттиз йиллик фаолиятини шу соҳага бағишлади.

– Кредит олмоқчи бўлган ҳар бир фуқарога банкларнинг эшиги очиқ турган бир замонда одамлар қизиқ, – дейди Ш.Жўраев. – Уйини гаровга қўйиб, бировдан қарз олади, пул берганнинг шартлари бор, қарздорнинг тилхати қўлида, гувоҳлар тайёр. Натижада уйидан айрилиб, кўчада қолганлар нечта. Исм-фамилиясини айтиб, ярасини янгилаб бўладими?!

Бошқа биттаси ҳақида айтаркан, суҳбатдошим жуда ҳайрат билан гапирди:

– Ўз боласидан тонди-я!

Ота-онадан, жон жигардан, ўғил-қизлардан тониб бўладими? Демак, шундайлар ҳам бор. Воқеа шундоқ: бир қизнинг тақдири хусусида суднинг қарори бор. Ижрога ҳавола қилингач, ижро этилади албатта. Қизнинг отасини чақирадилар.

– Бу қиз менинг қизиммас! – дейди ота.

– Ота! – ҳўнграйди қиз…

Шакарбек Жўраев қишлоқда туғилиб ўсган, олий маълумотли юрист. ТошДУни тамомлаган. Юпунгина оилада ҳамма нарса бор эди: чорва узилмасдики, қатиқ-қаймоқ муҳайё, резавор тўла ҳовли, адирда қайроқипоя.

– Ўша даврни эсласам, – дейди Шакарбек Жўраев, – бугунги қонунбузарликларнинг аксарияти ношукурликдан чиқаётганга ўхшайди. Бугун оилавий ажрашишлар камайгани ҳақида гаплар бўлиб қолади. Қанақасига кам бўлсин?! Биттагина оила бузилишининг ўзи кўп-ку?! Ўша эр-хотиннинг фарзандлари, ота-оналари, туғишганлари, қариндошлари бор! Никоҳнинг бузилиши эр-хотиннинг ўзигамас, эллик-юз кишига азоб беради. Мол-мулкни, фарзандларни қандай бўласиз? Мана ўзим иштирок этган воқеа: ажрашган аёл ва эри ёлғиз боласини талашаяпти. Ваҳоланки, 12 яшар бола на отаси, на онаси билан кетмоқчи. Чунки икковидан ҳам безган. Уйдаги жанжаллар жонидан тўйдирган, чол-кампир уни шу ёшга етказишган, ўша буви ва бобо бир бурчакда йиғлаб туришибди. Менимча, эр-хотин фарзанд берган худога шукур қилиб, лоақал шу бола учун муросага келишлари зарур эди. Ана унда шунча изтироб, дилхиралик, маҳкамабозлик йўқ эди…

– Савол туғилиб қолди, Шакарбек, эрига алимент тўлайдиган аёл ҳам борми?

– Бор, биттамас…

– Номини, манзилини айтсак…

– Ҳожати йўқ, – бош чайқайди у. – Онасига алимент тўлайдиганлар ҳам учраб туради.

Шакарбек Жўраевни Чортоқ туманида ҳамма танийди, вилоятда ҳам обрўси етарли. Вилоят адлия бошқармасида, Наманган шаҳрида, Янгиқўрғон ва Уйчида, Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармасида ишлаб, ҳамкасбларининг, аҳолининг ҳурматини қозонди. Шакарбекнинг «ярми» тошкентлик, Дилорохон Бўстонлиқ туманидан, атоқли шоир Сидқий Хондайлиқийга ҳамқишлоқ. Уларнинг тўнғичи Баҳодир ота изидан бориб, ҳуқуқшуносликка ўқиди. Ҳозир прокуратура фахрийси бўлса-да, Шакарбек Жўраев вилоят адвокатлар палатаси «Солидарити» адвокатлар ҳайъатида фаолиятини давом эттирмоқда.