Ота қизи билан бир иш қилди

12:34 - 29.03.2022

13

Олий маълумотли деган сўзни эшитганда билимли экан-да деган фикр туғилиши табиий. Чунки ўқимаган кишилардан фарқли ўлароқ ўқиган деган шарафни айни шу олий маълумотли деган тушунча тўлдириб туради. Аммо ҳамма олий маълумотли кишилар ҳам хатоларсиз яшайди, ҳалол ишлайди деб ҳам бўлмайди. Чунки аксарият ҳолларда ақлни ҳам, виждонни ҳам нафс бошқариб қолиши мумкин. Қоракўллик мўйначи ҳунарманд Аҳрор Йўлдошевни кўпчилик яхши танийди. 9 фарзанди орасида Наргиза бошқача. У изланувчан, илмга ташна. Илмни ҳалоллик йўлида сарфлашда ҳам ҳикмат бор аслида.

Наргиза «Grant fur» масъулияти чекланган жамиятини бошқаради ҳамда тумандаги 24-мактабда ўқитувчи бўлиб ҳам ишлайди. А.Йўлдошев уддабурон қизи Наргиза билан яхши ниятда ишни йўлга қўйиб олди. Аввалига қишлоқ ёшларини устоз-шогирд анъаналарига хос тарзда иш билан таъминлашди. Бир қараганда ҳаммаси рисоладагидек эди. Давлат берадиган имкониятдан фойдаланса, янада яхши. Ишлаб чиқаришни кенгайтириши, кўпроқ даромад топиши мумкин. А.Йўлдошев имтиёзли кредит олса, уни қандай ишлатиш мумкинлигигача режалаштириб қўйган эди.

«Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси ҳисобидан молиялаштириладиган имтиёзли кредит оладиган бўлишди-ю, режа ўзгариб кетди. «Агробанк»нинг Қоракўл филиалидан 2019 йил 18 ноябрдаги 630-кредит шартномасига асосан «Grant fur» МЧЖ номига қоракўл терисини қайта ишлаш ускунаси сотиб олиш ва маҳсулот ишлаб чиқариш учун йиллик 7 фоиз устама тўлаш шарти билан 1 млрд. сўм кредит олишди. Лекин «Zafar champion steyle» масъулияти чекланган жамияти орқали пулни нақдлаштириб, талон-торож қилишди.

Албатта ҳар қандай ғайриқонуний иш учун жазо муқаррар. Суд А.Йўлдошев ва Н.Бобоқуловани айбли деб топиб, уларга жазо тайинлади.

А.Йўлдошевга ҳар ойлик маошининг 20 фоизини давлат ҳисобига ўтказиш шарти билан 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари, Н.Бобоқуловага эса 2 млн. 230 минг сўм жарима жазоси қўлланди.