“Ҳайдовчининг телефонини ўмардим…”

11:05 - 28.03.2022

6

Сир эмаски, қарзга деб пул олиб, уни қайтармай ўртада низо чиқиши, яқинлар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиши каби ҳолатлар сони ортиб бормоқда. Ўтган йили юртимизда 24 минг 500 дан ортиқ фирибгарлик жинояти содир этилиши ҳам фикримизнинг яққол далилидир.

Туппа-тузук юриб келаётган «Ласетти» тўсатдан ўчди-қолди. Машинадан тушган ҳайдовчи у ер-бу ерини титкилаб кўрди, айбини тополмади. Темир нарса бўлса, касалини айтолмаса…

– Ҳа, ака, тойчоқ бузилиб қолдими?

Ҳайдовчи овоз келган томонга ўгирилди, бегона бир йигит.

– Ҳайронман. Ҳамма нарсаси жойида бўлса, тушунмаяпман.

– Бошингизни оғритиб нима қиласиз? Бу машиналарни биладиган одамга кўрсатмаса, сиз билан биз тушунмаймиз. Яқин жойда яхши бир уста танишим бор. Хоҳласангиз, чақираман. Фақат аксига олиб телефоним уйда қолиб кетибди…

Ҳайдовчи яхши одамлар борлигига шукрона айтиб, телефонини унга тутқазди. Йигит четга ўтиб кимгадир қўнғироқ қилди. Гаплашиб бўлгач, «ҳозир келади» деб телефонни эгасига қайтарди. Бироз гаплашиб туришди. Ўн дақиқача вақт ўтгач, йигит устадан кеч қолаётгани сабабини билмоқчилигини айтиб, яна телефонни сўраб олди-да, гаплашганча кўчанинг нариги томонига йўл олди. Ҳайдовчи ўзига эътибор бермаётганини билгач машина тўхтатиб, жуфтакни ростлади. Бир маҳал ҳайдовчи қараса йигит йўқ. Атрофга аланглаб қидириб кўрди. Кейин бегона йигит уни алдаб телефонини олиб кетганини тушунди ва дарҳол 102 рақамига қўнғироқ қилди…

Нотаниш рақамдан қўнғироқ қилган таниши Асрорнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) гапларини эшитган Қобил аввалига ҳеч нарсани тушунмади. Нима гаплигини билганда эса Асрорнинг топқирлигига қойил қолди. Бир соатдан кейин у билан учрашганда шу ҳақда гап очди. «Аммо сизга гап йўқ. “Ласетти” бузилиб қолди, тузатиш керак десангиз, тушунмабман…».

– Сенга ҳам қойил. Икки оғиз гапимда тушуниб, уста ролини бопладинг-а! – унинг гапини бўлди Асрор. – Энди буёғини эшит. Сенга қўнғироқ қилиш баҳонасида ўша ҳайдовчининг телефонини ўмардим. Биласанми, нархи камида бир ярим миллион сўм туради…

Икковлон телефонни титкилашга киришишди. «Payme» иловаси юкланганини билгач, ҳисобрақамида 7 млн. 500 сўмдан кўпроқ пул борлигини ҳам аниқлашди-да, зумда бу пулни Асрорнинг пластик картасига ўтказиб олишди. Шу билан Фарғона шаҳрига кетишди. У ерда картадаги пулни банкоматдан ечиб, ўша ердаги бозорда 4 млн. 150 минг сўмига ҳайдовчининг телефонини ҳам қўшиб қиммат телефон харид қилишди. Сўнг Асрор ўйнаган роли учун Қобилга 500 минг сўм тутқазди…

Бировнинг ҳақи ҳеч қачон буюрмайди. Икковлон кўп ўтмай қўлга тушди. Суд ҳар икки фирибгарга қилмишига яраша жазо тайинлади.