Тадбиркорнинг зарари тегди

11:25 - 28.03.2022

5

Жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ тумани судида бир жиноий қилмиш кўриб чиқилди. Андижон шаҳрида туғилган Навфалбек Бурҳониддинов яхши ният билан бирданига иккита масъулияти чекланган жамият ташкил этди. Дастлаб тадбиркор йигитнинг бу ишидан яқинлари севинди – тадбиркор бўлса пули кўпаяди, пули кўпайса фақат ўзига эмас, жамият ва давлатга ҳам фойдаси тегади. Бироқ бу умидлар сароб эканлиги аста-аста юзага чиқа бошлади. 2020 йилда тадбиркорнинг банкдаги биринчи масъулияти чекланган жамияти ҳисобрақамига жами 17 млд. 7 млн. сўм келиб тушди. Бу пулни у турли корхоналарга ўтказиб, аҳоли учун зарур маҳсулотлар харид қилди. Мана шунинг ҳисобига унинг бозори чаққон, пичоғи ҳам, қозони ҳам мой бўлиб қолди. У давлатга топшириш керак бўлган пулни йиллик ҳисоботида 1 млрд. 155 млн. 229 минг сўмга нотўғри ҳисоблаб, катта миқдордаги солиқни тўлашдан бўйин товлади.

Навфалбек бу билан кифояланмади, иккинчи масъулияти чекланган жамияти ҳисоботида ҳам шундай «хато»га йўл қўйди. Жамият ҳисобига келиб тушган 14 млрд. 176 млн 570 минг сўмни маҳсулот сотиб олиш учун турли корхона ва ташкилотларга ўтказиб берди ва бу пулга ҳам энг харидоргир, юқори ликвидли маҳсулотлар сотиб олди. Тадбиркорнинг ишлари юришгандан юришиб кетди. Топган маҳсулотни харидорларга пешма-пеш етказиб бериш ҳам бир санъат. Навфалбек мана шу ишларнинг ҳадисини олганди гўё. Солиқ органига топширган йиллик ҳисоботида энди 746 млн. 603 минг сўмлик солиқни яширди. Савдодан тушган пуллар на назорат-касса машинасига кирим қилинди, на банкка топширилди.

Бироқ жиноят фош бўлмасдан қолмайди. Воқеадан воқиф Жалақудуқ тумани солиқ инспекцияси тадбиркорга қинғирликларни бартараф этиш юзасидан хабарнома киритди. Шу билан бирга ҳар икки масъулияти чекланган жамият фаолияти текширилганда ҳақиқат юзага чиқди. Солиқ аудити асл ҳолатни ойдинлаштирди. Жиноят ишлари бўйича судда тилсиз гувоҳ – сохта ҳужжатлар, жонли гувоҳлар ўз сўзларини айтишди. Айбли деб топилган Навфалбекка нисбатан ҳукм ўқилиб, у жинояти учун 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Шунингдек, ундан Андижон шаҳар солиқ инспекциясига 1 млрд. 901 млн. 832 минг сўм маблағ ундирилиши белгиланди. Халқда кўр ҳассасини бир марта йўқотади деган нақл бор. Ёш тадбиркор бундан кейинги фаолиятида қонунга риоя қилса албатта ютқазмайди, юзи шувут бўлмайди.