Ўзбекистон Президенти ва ЕТТБ раҳбари кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар

17:23 - 24.03.2022

3

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Одиль Рено-Бассо хонимни қабул қилди.

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини илгари суришда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг фаол иштирокини давом эттиришга доир амалий жиҳатлар муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва ЕТТБ ҳамкорлигида мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди.

Банкнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари портфели 3 миллиард еврога етди, унда хусусий секторга инвестициялар улуши 50 фоизгача ошди.

Ушбу етакчи молиявий институтнинг сармоялари ҳажми бўйича Ўзбекистон кетма-кет иккинчи йил минтақада пешқадам бўлиб турибди.

ЕТТБнинг Андижон ва Урганч шаҳарларидаги филиаллари фаолият юритмоқда.

Президент Одиль Рено-Бассо давлатимиз раҳбарини Тошкент халқаро инвестиция форумининг муваффақиятли ўтказилгани билан самимий қутлаб, банк Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси мақсадларига эришиш йўлида тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.

Учрашувда шериклик муносабатларини кенгайтириш бўйича “йўл харитаси”ни тайёрлашга келишиб олинди.

Давлат корхоналари ва бакнларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, “яшил” тараққиёт, энергетика ва транспорт соҳаларидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини, энг аввало, инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суришга жорий қилиш, шунингдек, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигига оид дастурларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, келгуси йилда Ўзбекистонда ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди.