Маълумотлар алмашинуви жадаллашади

10:59 - 24.03.2022

39

Бугун ҳеч бир соҳани замонавий технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Хусусан, суд-ҳуқуқ тизимини ҳам. Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасига замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилмоқда. Хусусан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини рақамлаштириш орқали уларнинг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланаяпти. Жараёнларни жамоатчиликка етказиш мақсадида ОАВ билан ҳамкорлик кенгаймоқда.

Бироқ вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмагани боис дастлабки тергов органлари томонидан жиноят ҳақидаги хабарларни кўриб чиқиш ва жиноят ишларини юритишда ҳамон маълумот алмашинуви самарали йўлга қўйилмаган. Жиноятни тез ва тўлиқ фош этишда эса маълумотни ўз вақтида олиш муҳим аҳамият касб этади. Бу, ўз навбатида, дастлабки тергов органлари фаолиятида процессуал муддатлар бузилишига олиб келмоқда, иш бўйича исботланиши талаб этиладиган ҳолатлар қисқа муддатда ва ҳар томонлама текшириб чиқилишига тўсиқ бўлаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги «Ишни судга қадар юритишда ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги муаммолар бартараф этилишига замин бўлади.

Мазкур қарор билан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятини рақамлаштириш ҳамда ишни судга қадар юритиш масалалари бўйича «Электрон суриштирув ва дастлабки тергов» ягона ахборот тизимини жорий этиш таклифи маъқулланди.

Ушбу ахборот тизими:

– ишни судга қадар юритиш босқичида жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш ва жиноят иши бўйи­ча суриштирув ва дастлабки терговни ўтказиш учун зарур бўлган маълумотларнинг тез олинишини таъминлаш учун давлат органлари ҳамда ташкилотлар ўртасида тезкор ахборот алмашиш;

– суриштирувчи ва терговчиларнинг қарор, топшириқ, кўрсатма ва бошқа хабарларини давлат органлари ҳамда ташкилотларига электрон ҳужжат кўринишида юбориш, уларнинг жавобларини қабул қилиш;

– жиноят оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш чорасини кўриш ва унинг самарадорлигини ошириш мақсадида гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкини хатлаш, шунингдек, қидирув эълон қилинган айбланувчиларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган чеклов чораларини ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш кабиларни назарда тутади.

Қарорда белгиланишича, ягона тергов ахборот тизими орқали ишни судга қадар юритиш масаласида Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Миллий гвардиянинг суриштирув ва тергов органлари томонидан электрон ҳужжат алмашилади. Тизимнинг бошқа ахборот тизимлари билан интег­рацияси, узлуксиз ишлаши, ахборот хавфсизлиги таъминланиши учун Бош прокуратура масъ­ул этиб тайинланди ҳамда Ягона тергов ахборот тизими Бош прокуратуранинг Маълумотларни қайта ишлаш маркази серверларида сақланади.

Шунингдек, мазкур қарор билан «Электрон суриштирув ва дастлабки тергов» ягона ахборот тизими доирасида суриштирув ва тергов органлари билан ҳамкорлик қилувчи давлат органлари ва ташкилотлар рўйхати тасдиқланиб, Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлигига тизим доирасида мазкур рўйхатни вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда кенгайтириш ҳуқуқи берилди.

Эндиликда мазкур қарор талабидан келиб чиқиб, суриштирув ва тергов органлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш, жиноятларни тергов қилиш масалалари бўйича идоралараро электрон ҳамкорлик:

– маълумотларнинг тезкорлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш ҳамда ахборот хавфсизлиги талаб­ларига жавоб берувчи махсус алоқа каналидан фойдаланиш;

– ҳамкор ташкилотларнинг ахборот тизимларига тўғридан-тўғри уланиш ёки уларнинг маълумот базаларини Ягона тергов ахборот тизимида такрорлаш ва мунтазам янгилаб бориш ёхуд ҳамкор ташкилотларнинг ахборот тизимларини Ягона тергов ахборот тизими билан интеграция қилиш;

– Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар ўртасида тузиладиган электрон ҳамкорлик тўғрисидаги келишув ва лойиҳа-техник ҳужжатлар (технология йўриқномаси) талабларига амал қилиш каби талабларга қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилади. Бунда банк сири бўлган маълумотлар суриштирув ёки тергов органларига суриштирувчи ёхуд терговчининг асослантирилган қарорига биноан прокурор санкцияси билан электрон ҳужжат тарзида тақдим этилади.

Бош прокуратура Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технология­лари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда электрон ҳамкорлик тўғрисидаги келишув тузилишини ва зарур лойиҳа-техник ҳужжатлар ишлаб чиқилишини, электрон ҳамкорлик доирасида ишлаб чиқиладиган лойиҳа-техник ҳужжатларнинг ваколатли органдан экспертизадан ўтказилишини, ҳамкор ташкилотларнинг ахборот тизимлари ва маълумот базалари билан интеграция қилинишини ҳисобга олган ҳолда Ягона ахборот тизими ишга туширилишини таъминлайди.

Бундан ташқари, қарорда тизимни давлат органлари ва ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш механизмлари, молиялаштириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталаб ўтилган.

Шунингдек, ушбу қарорда Бош прокуратура Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда Мажбурий ижро бюросининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш маркази билан ҳамкорликда 2022 йил 1 майдан Ягона тергов ахборот тизимининг синов версиясини, 2022 йил 1 августдан эса тўлиқ версиясини ишга тушириши белгиланди.

Ягона тергов ахборот тизимини жорий этиш жараёнида ҳамкор ташкилотлар ахборот тизимлари билан интеграция қилиш масалаларини ҳал этишда қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ риоя қилинишини таъминлайди ва уч ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштиради.

Қарорда тизимни жорий этиш билан боғлиқ яна бир қатор масалалар қамраб олинганки, улар жиноятларни тез ва тўлиқ фош этиш учун маълумотларни ўз вақтида олиш, бу борадаги ишларни жадаллаштириш имконини беради.