Қурол сотган хоинлар

10:50 - 24.03.2022

7

Ўзбекистон Президентининг 1992 йил 28 февраль кунги «Ҳарбий прокуратура органлари ва ҳарбий трибуналлар тўғрисида»ги 355-фармони билан Ўзбекистон  ҳудудида жойлашган Туркистон ҳарбий округи ҳарбий прокуратураси негизида Ўзбекистон қуролли кучлари ҳарбий прокуратураси ташкил топган.

2021 йилнинг май ойида Россиянинг Қозон шаҳрида юз берган даҳшатли воқеани одамлар ҳали-бери унутмаса керак. Ўша куни шаҳардаги 175-мактабга 19 ёшли шахс ўқотар қурол билан бостириб кириб, ўқувчи ва ўқитувчиларга қарата ўт очди. Оқибатда бегуноҳ болалар ва ўқитувчилар қурбон бўлди, кўплаб ўқувчилар яраланди.

Айтиш мумкинки, мамлакатимизда қурол билан боғлиқ ҳолатлар қонун орқали қатъий тартибга солинади. Яъни касбий ёки маиший мақсадда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда совуқ қурол, ўткир тиғли буюмларни жамоат жойида олиб юрган шахс жавобгарликка тортилади.

Таъкидлаш жоизки, юртимиздаги бундай фаровонлик, тинчлик ва хотиржамликка эришишнинг ўзи бўлган эмас. Мустақилликнинг илк йилларида ҳарбийларнинг иродаси, виждони, садоқати ҳам синовдан ўтган десак, муболаға эмас. Зеро, ҳарбий қисмларда собиқ иттифоқдан қолган мулклар, қурол-яроғлар мўл, уларни ҳисобга олишда ноаниқликлар кўп эди. Бу вазиятдан «унумли» фойдаланмоқчи бўлганлар ҳам учраган.

Ўша йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан, ҳарбий прокурорлар зиммасида ҳарбий қисм ва муассасаларда ҳарбий мулклар, айниқса қурол-яроғларнинг талон-торож этилиши, республикадан олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш каби мураккаб вазифалар турар эди. Қийин шароитда ватани ва халқи олдидаги бурчига содиқ қолган, ўз ҳаловатидан кечиб, юрт тинчлиги учун туну кун қайғурган асл ўғлонлар бу даврда ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатишган. Уларнинг фидойилиги, ақлу заковати, жасорати эвазига қора ниятли кимсаларнинг йўли тўсилган, ҳалқимиз турли балолардан сақлаб қолинган. Бу фидойиликлар ҳақида эса бугун кўпчилик ҳеч нарса билмайди.

Агар ўша мураккаб даврларга назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бир ҳарбий қисмда қурол-яроғ сақланиши учун масъул шахс бириктирилганига гувоҳ бўламиз. Масаланинг нозик томони ҳам шунда эди. Чунки айнан шу ходимлар омборлардаги заиф жиҳатларни, қурол-аслаҳа ва ўқ-дориларнинг ҳисобга олинишидаги ноаниқлик­ларни яхши билишарди. Бу ҳолат нафси бузуқ, юрт ҳимояси учун нолойиқ кимсаларнинг иштаҳасини қитиқларди. Айнан шундай шахслар омборлардаги ашёларнинг саноқдан тўлиқ ўтказилмаганидан фойдаланиб, ҳайиқмасдан талон-торож қилишган. Энг даҳшатлиси, совуқ қуроллар ўша даврда ошиғи олчи бўлиб юрган кўча безорилари қўлига тушиши ҳеч гап эмасди. Бунинг оқибатини тасаввур этиш ҳам даҳшатли.

…1992 йил. Совет иттифоқининг Ўзбе­кис­тонда жойлашган ҳарбий қисмлари тўлиқ Ўзбекистон тасарруфига ўтказилган паллалар эди. Омборларда сақланаётган ўқ-дори ва қурол-яроғлар саноқдан ўтказилиши белгиланди. Ушбу маълумотдан хабар топган собиқ 67736-ҳарбий қисм ўқ-дори хизмати бошлиғининг ўринбосари Александр Розмислов ўз жавобгарлигидаги қурол-яроғ омборида ҳисобга олинмаган ҳамда кирим қилинмаган тўппонча, автомат, милтиқ ҳамда ўқ-дорилар борлигини пайқайди. У текширув бошлангунга қадар омбордан ўмариб қолиш ҳамда бойлик орттириш ҳақида қайғуради. Мамлакат энди оёққа тураётган оғир кунларда содиқлиги ва мардлиги билан далда бўлиш ўрнига хиёнатни афзал билади.

Жирканч ниятини амалга ошириш учун Александр Розмислов 1992 йилнинг апрель ойида қурол-яроғ омборига кириш имкониятига эгалигидан фойдаланиб, дастлаб 8 та тўппонча ва ўқларни яширинча ҳарбий қисмдан олиб чиқади. Энди уларни сотиш учун ишончли шерик керак эди. Шундай кимса ҳам унинг ёнгинасида экан. Хизматдоши Сергей Шелест бажонидил жиноий шерик бўлиб, сотиш мажбуриятини зиммасига олди. Шелест бу ашёларни Мелих Мелиховга мўмай пулга сотади ва пулни Розмислов билан бўлиб олади.

Иш осонгина битди. Ҳеч ким шубҳаланмади, шунча аслаҳа йўқолганини биров пайқамади. Александр бундан илҳомланди, яна пайт пойлаб, фурсат туғилиши билан омборни талай бошлади. 1992 йилнинг май, июнь, август, ноябрь, декабрь ойларида катта лейтенант Розмислов 8 та Макаров тўппончаси, 16 магазин, 131 та ўқ, сўнг 3 та Марголин тўппончасини ўқи билан, 3 та ТОЗ-17 милтиғи, тротил шашкаси, 8 та Калашников автомати, ханжар, бир қанча тунги кўриш мосламаси ва бошқа нарсаларни талон-торож қилиб, сотиб юборган. Хиёнат эвазига топилган бойликдан маст бўлиб, ялло қилиб юраверган.

Аммо халқимизда бир ҳикмат бор: «Бузоқнинг югургани сомонхонагача». Мен ўша даврда Самарқанд гарнизони ҳарбий прокурори лавозимида ишлар эдим. Қурол-­яроғ сотилаётгани ҳақида маълумот келган заҳоти Бухоро вилоятида жойлашган ҳарбий қисмга йўл олдим. Манзил олис, тез йўлга чиқмасак бўлмасди. Самарқанд гарнизони ҳарбий прокуратурасининг эски «УАЗ» автомашинаси олис масофага ярамай, йўлда бузилиб қолди. Таъмирлашга имкон қидирдик, аммо тополмадик. Сўнг машинани бир жойга қўйиб, йўловчи машинада Бухорога борганим, «Йўл азоби – гўр азоби» деган нақл ҳақиқат эканига амин бўлсам-да, ҳақиқатни аниқлаш йўлида зарра чарчоқ сезмаганим кечагидек ёдимда.

Ҳарбий қисмга етиб боришим билан у ерда қурол-яроғ омборини муҳрлаб, қурол-­яроғ ва ўқларни саноқдан ўтказишга буйруқ бердим. Омбор бошлиғи Александр Розмисловни эртадан кечгача сўроққа тутдим, табиийки, дастлаб у қилмишларини бўйнига олмади, рад этди. Унга бу қилмиши оқибатини бир тафаккур қилиб кўришни сўрадим, агар ҳозир ҳаракат қилмасак, барчаси даҳшатли фожиага айланишини, инсонда фақат нафс эмас, виждон ва шараф ҳам борлигини, бу муқаддас туйғуларни йўқотган киши эса икки дунёда ҳам фароғат топмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилдим.

Тўғри танланган тергов тактикаси, маҳорат натижасида омбор бошлиғи жиноят содир этганини тан олди. Тан олибгина қолмай Александр Розмислов жиноятни қай усулда содир этгани, қуролларни кимларга сотганини ҳам батафсил айтиб берди. Қурол ва ўқларни сотиб олганлар орасида жиноят оламида номи чиққан шахслар ҳам бор эди.

Ҳарбий прокурор сифатида жиноятнинг тўла-тўкис фош этилиши, жиноятчиларни қўлга олиш, қурол-яроғларни қайтариш учун ҳаловатимни буткул йўқотган эдим. Вазият оғир ва қалтис эди. Тез ишга киришилмаса, оқибати аянчли бўларди. Энг ёмони, бундан халқимиз, болаларимиз, бегуноҳ инсонлар жабр чекиши мумкин эди.

Шу боис Александрни сўроқ қилгандан сўнг ҳарбий прокурор муҳрини чўнтагимга солиб, зудлик билан қурол-яроғ сотиб олганларни топиш, қўлга олиш, қуроллар ғараз мақсадда ишлатилишининг олдини олиш учун Бухорога жўнаб кетганман.

Бухорода ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бош­қа органлар, хусусан, вилоят Ички ишлар, Миллий хавфсизлик хизмати бош­қармаларининг малакали  ходимларидан иборат тергов гуруҳи тузиб, ишга киришдик.

Табиийки, пихини ёрган жиноятчилар ҳадеганда айбини бўйнига олиб, қилмиш­ларига иқрор бўлавермайди. Уларнинг қора ниятлари амалга ошишига йўл қўймаслик, қурол ва ўқларни битта қўймай топиш учун пухта тергов қилиш, жон куйдириш, бурчни жасорат ва садоқат билан бажариш керак эди. Худди шундай тартибда иш юритилди. 8 ойдан зиёд давом этган терговда кўп мавҳумликлар ойдинлашди, бу савдога аралашган, сотган, харид қилган, сақлаган шахсларнинг барчаси аниқланди.

Энг ёмони, сотиб юборилган катта миқдордаги қурол-яроғ бир нечта вилоятга тарқаб кетган эди. Уйқусиз тунлар, беором кунлардан сўнг ниҳоят муаззам тонг ёришди: ҳарбий қисмдан талон-торож қилинган қурол-яроғ ва ўқларнинг қаерда экани аниқланди. Аслаҳаларнинг бир қисмини Навоий вилоятининг Томди туманидан топганмиз.

Ўша даврда жиноят оламида номи чиққан шахсга ҳам қатор қурол-яроғлар сотилгани аниқланди. Бундай шахслар билан муроса қилиш у ёқда турсин, уйига бориш ҳам осон эмасди. Шу боис бу шахсдан қуролларни сўраб олишга кўпчилик ботина олмаганди. Аммо ўйлашга, ҳадиксирашга вақт йўқлигини яхши англардим. Вилоятдаги МХХ ва ИИБнинг малакали ҳамда  ватанпарвар ходимлари билан бирга ўша шахснинг уйига бордик. Уни сўроқ қилдик. Сўроқ пайтида авторитет ўзини жуда вазмин тутди. Ҳатто ЖПК талаб­ларини айтиб, ўзининг ҳуқуқ соҳасидан хабардорлигини ҳам кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Бундан ташқари, мен ўтказган тергов ҳаракатларидан норозилигини билдириб, юқорига тинмай шикоят ёзар, бу билан терговни чалғитиш, асосийси, мени жараёндан четлатишга уринарди. Аммо шунга қарамай уни қўлга олдик, қурол-яроғларни ҳам қайтаришга муваффақ бўлдик.

Бу билан совуқ қуролларнинг мамлакатимиз тинчлиги ва фаровонлигига қарши ишлатилишининг олди олинди. Жиноят иши бўйича 8 киши қамоққа олинди. Суд ҳукмига кўра Александр Розмислов ва жиноий шериклари узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Адолат қарор топгач, шу ишга бош қўшган барча ходимлар енгил тин олдик. Чеккан заҳматларимизни ҳам унутдик.

Виқорли тоғни унинг яқинидан эмас, олисроқдан томоша қилиш мароқли. Ўшанда у бор салобати билан намоён бўлади. Дарҳақиқат, мазкур жиноят ҳақида бугун – орадан 30 йил ўтиб ўйлайдиган бўлсак, ўша даврдаги имкониятлар, ўтиш даври қи­йинчиликлари шароитида шундай жасорат, фидойилик ва ватанга муҳаббат билан иш тутилгани муваффақиятлар гарови бўлганига гувоҳ бўламиз.

Таъкидлаш жоизки, шу ўтан давр мен учун осон бўлмади. У пайтлар Самарқанд гарнизони ҳарбий прокуратураси Самарқанд, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Хоразм – жами бешта вилоятни қам­раб олиб, шу ҳудуддаги ҳарбий қисм ва муассасаларда қонунийликни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олиш борасида фаолият олиб борган.

Шу боис ҳарбий прокурор муҳри ва бошқа процессуал ҳужжатлар солинган папкани олиб, мамлакатимизнинг турли вилоятларини кезишга тўғри келган. Шундай қийин вазиятда юз берган мудҳиш жиноят ҳарбий прокуратуранинг маҳорати натижасида очилганини ҳис қилиб, фахрланмасликнинг иложи йўқ.

Ҳарбий прокуратура органлари ходимлари бугунги кунда ҳам халқимиз олдидаги масъулиятини ҳис этган ҳолда ватанимизга садоқат билан хизмат қилишмоқда.

Шуҳрат УЗАКОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий