Олий тоифа учун ҳотамтойлик

11:08 - 24.03.2022

13

Болалар мактабда муаллимдан билимдан ташқари одоб, ҳалоллик сабоқларини ҳам олади. Давр талабига мос тарзда ўқитувчиларнинг малакасини ошириб бориш ҳам йўлга қўйилган.

Юқори малакали, фидойи муаллимларнинг шогирдлари синовлардан бемалол ўтиб, институт ва университетларда ўқиб, танлаган соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишмоқда. Аксинча, билими саёзу тоифаси олий ўқитувчининг қўлида таълим олган болаларнинг билими саёз бўлиб қолиши аниқ.

Бувайда туманидаги айрим мактабларнинг ўқитувчиларига малака даражасини беришда сохтакорликка йўл қўйилган ҳолатлар аниқланиб, жиноят иши қўзғатилган. Халқ таълими бўлимининг кадрлар бўйича инс­пектори Хосиятхон Зарипова (исм-фамилияси ўзгартирилган) гўё бўлим  рейтингини кўтаришни кўзлаб, ўзига берилган имкониятдан қинғир мақсадда фойдаланиб, комьпютерда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг электрон базасига сохта маълумот киритади. Аслида иккинчи тоифали бўлган 5 нафар педагогни биринчи тоифали, 10 нафарини олий тоифали ўқитувчилар сирасига киритиб қўяди. Ушбу ходимлар номига сохта буюртма расмийлаштириб Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасига юборади. Шу тариқа уларга биринчи ва олий малака тоифаси сертификати берилиши ва асоссиз ҳисобланган иш ҳақи тўланишига эришади. Хуллас, инспекторнинг ҳотамтойлиги туфайли жами 46 млн. 599 минг сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган.

Судда Х.Зарипова айбини тўлиқ тан олди. Фуқаровий даъвогар, туман молия бўлимининг бош ҳисобчиси судланувчи ва бошқалар етказган зарарнинг тўланмай қолган қисмини давлатга ундириб беришни сўради.  Судланувчига бир ярим йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Ундан зарарнинг қолган 20 млн. 239 минг сўми ундириладиган бўлди.

Айбдор жазосини олди. Унинг йўриғига юриб сохта сертификатга эга бўлган ўқитувчиларни ким деб аташ мумкин? Демак, ўқитувчи ҳалоллик бобида ҳам ёшларга ибрат бўлиши шарт.