Қонун устуворлиги таъминланмокда

12:15 - 14.03.2022

11

Мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш прокуратура органларининг асосий вазифасидир. 2021 йилда Навоий вилояти прокуратураси органлари томонидан бу борада салмоқли ишлар қилинди.

Асосий эътибор аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқлари барқарорлигини сақлашга доир қонунлар ижросини назорат қилиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилди.

Жумладан, прокурорлар секторидаги камбағал оилаларга 781,2 млн. сўмлик озиқ-овқат, 14,1 млн. сўмлик дори-дармон, 923 млн. сўм пул, 830 млн. сўмлик чорва берилиши таъминланди, 900 дан ортиқ оилага ихчам иссиқхона қурилишида ёрдам кўрсатилди. Ҳар томонлама кўмак берилгани натижасида 5260 та оила халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарори асосида камбағаллар рўйхатидан чиқарилди.

Прокурорлар ташаббуси билан 45129 киши тиббий кўрикдан ўтказилиб, натижасига кўра 162,8 млн. сўмлик дори-дармон тарқатилди, 473 нафари даволаниши, 190 тасига имтиёзли йўлланма, 116 нафарига протез-ортопедия маҳсулотлари ва 74 тасига ногиронлик араваси берилиши таъминланди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ўтган йил 385 кишининг кечиктирилган 830 млн. сўм пенсия ва нафақа пули ундириб берилди, 112 та ҳолатда 91 млн. сўмлик иш ҳақи ва бошқа тўловлар талон-торож қилингани аниқланиб, айбдорлар жавобгарликка тортилди.

Махсус дафтарларда рўйхатга олинган аёллар ва ёшлар билан тизимли иш олиб борилди. Прокурор секторларида ижтимоий ҳимояга муҳтож 6642 киши «аёллар дафтари»га киритилиб, 1841 нафарининг ишга жойлашишига, 336 тасининг ҳунар ўрганишига, 1191 нафари кредит ва субсидия олишига ёрдам берилди. 1304 нафарига тиббий, 1175 нафарига ҳуқуқий ва психологик хизмат кўрсатилди.

233 нафар боқувчисини йўқотган, 441 та ногирон ва 57 нафар қарамоғида ногирон фарзанди бор ёлғиз аёлга моддий ёрдам ажратилди. 17 тасининг уйи таъмирлаб берилди, 36 нафарига тураржой ижараси ҳақи тўланишига кўмаклашилди.

«Ёшлар дафтари»га киритилганларнинг 5274 нафарига ҳар хил ёрдам кўрсатилиб, дафтардан чиқарилди.

Шу билан бирга, назорат тадбирларида махсус жамғармалар маблағини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, 9 та жиноят иши ва 21 та маъмурий иш қўзғатилди.

Оилавий ажримларнинг олдини олиш, болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кўрилган чоралар натижасида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 45 аъзоси ишга жойлаштирилди, 20 нафарига моддий ёрдам, 11 тасига кредит ажратилди. 24 нафарининг соғлиғи тикланди, 69 тасининг алимент пули ундириб берилди, 6 нафарининг мулкий низоси ҳал этилди. Ажрим ёқасидаги оилаларнинг 105 таси яраштирилди, расмий никоҳсиз яшаётган 19 та оила қонуний никоҳдан ўтказилди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш прокуратура органларига юклатилган устувор вазифалардан биридир. Бу борада 2 мингдан ортиқ тадбиркор ва инвесторга кредит, ер, бино олишида, коммуникация тармоқларига уланишида, лицензия ва рухсатнома масаласида кўмак берилди.

Кўрсатилган ёрдам натижасида 660 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 357 та корхонанинг фаолияти тикланди.

Афсуски, тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш, ноқонуний текшириш ўтказиш, жавобгарликка тортиш ҳолатларига ҳамон чек қўйилмаган. Жумладан, назорат тадбирларида 748 та ҳолатда тадбиркорларнинг ҳуқуқи бузилгани аниқланди. Шундан 20 таси ноқонуний текшириш, 257 таси имтиёзни қўлламаслик, 29 таси мурожаатни кўриб чиқиш тартибини бузиш, 6 таси ноқонуний жавобгарликка тортиш, 261 таси давлат хизмати кўрсатиш тартибини бузиш ва ҳоказо.

Масалан, Кадастр агентлигининг Кармана тумани бўлими мутахассислари «Варқ қиёт боғи» фермер хўжалиги фаолия­тини текширишда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи вакилни хабардор қилмагани аниқланиб, суд қарорига асосан уларга маъмурий жарима қўлланди. 

Яна бир муаммо – бюджет маблағидан нотўғри ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Мазкур йўналишда 38 та ҳолатда 9 млрд. сўм пул талон-торож қилингани аниқланиб, чора кўрилди.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича ўтказилган мониторингда 657 млн. сўмлик сифатсиз иш бажарилгани ҳамда 905,4 млн. сўмлик бажарилмаган иш ҳисоботга қўшиб ёзилиб, маблағ талон-торож қилингани аниқланиб, 34 киши маъмурий жавобгарликка тортилди, 4 та жиноят иши қўзғатилди.

Болаларнинг тарбияси борасида 503 марта тарғибот ўтказилди, уларнинг ҳуқуқларини бузгани учун 570 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди.

Мактаб ўқувчиларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида 857 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилди, 78 та мактабда тадбиркорлар билан ижара шартномаси тузилиб, ошхона ташкил қилинди. Бу орқали 691 нафар ўқитувчи ва 2766 та ўқувчининг ўз вақтида овқатланиши учун шароит яратиб берилди.

Прокуратура ташаббуси ва вилоят ҳокимлиги кўмаги билан ихтисослаштирилган таълим муассасаларига бюджетдан 201 млн. сўм ажратилиб, болалар кийим, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминланди, бу орқали 16 нафар боланинг бузилган ҳуқуқи тикланди.

Аграр ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид қонунлар ижроси ҳам назорат қилиб борилди. Ходимларнинг саъй­-ҳаракатлари билан 5 та субъект­га рўйхатдан ўтиш ва ҳисоб­рақам очишда, 39 гектар ер, 7,8 млрд. сўм кредит, 1,7 млрд. сўм иш ҳақи, 1300 тонна минерал ўғит, 151 тонна ёнилғи, 34 тонна уруғлик чигит ва буғдой, 596 млн. сўмлик эҳтиёт қисм ва 18 та техника олишида ёрдам кўрсатилди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда асосий эътибор уларнинг туб сабабини аниқлаб бартараф этишга қаратилди.

Қайд этилган барча жиноятлар олди олинадиган ва аниқланадиган жиноятларга ажратилиб, уларнинг олдини олиш, аниқланадиган жиноятларни фош этиш устидан қатъий назорат олиб борилди.

Афсуски, масъул идораларининг криминоген вазиятни жиловлаш борасидаги фаолиятида оқсоқликлар кузатилди. Натижада олдини олиш мумкин бўлган жиноятлардан оғир жароҳат етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, ўғирлик, фирибгарлик, безорилик, товламачилик жиноятлари кўпайди. Бу борадаги камчиликлар таҳлил қилиниб, вилоят ва туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилишларида муҳокама қилинди ҳамда керакли чоралар белгиланди.

Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда муаммоларни бартараф этишга аҳамият қаратилмоқда. Ўтган йили жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 14 мингдан ортиқ мурожаатнинг 10 мингтаси бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилди, 16 минг нафар фуқаро қабул қилинди.

Ўзбекистон Президентининг виртуал ва халқ қабулхоналаридан келиб тушган мурожаатларнинг деярли барчаси прокуратуранинг ўзида ҳал этилиб, 1020 таси қаноатлантирилди.

Мурожаатларга асосан фуқароларга 697 млн. сўм иш ҳақи, 14,2 млн. сўм пенсия, 473 млн. сўм алимент ва 1,3 млрд. сўмлик бошқа тўловларни олишида ёрдам кўрсатилди, қонунни бузган 32 киши интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди.

Прокуратура фаолиятига ошкоралик бериш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, янги қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳиятини тушунтириш мақсадида 7762 та тадбир ташкил этилди, шу жумладан оммавий ахборот воситалари орқали 1785 та чиқиш қилинди.

Шунингдек, телеграм тармоғида «Навоий вилояти прокуратураси» номли канал ташкил қилинган бўлиб, унда прокуратура органларининг ишлари кенг ёритиб борилмоқда.