Иффатсизлик ортидаги қурбонлар

12:00 - 14.03.2022

15

Бир аёлни танир эдим. Маҳаллада тўй-маъракалардан қолмасди. Аммо унинг жойи ҳамиша пойгакда, худди нинанинг учида ўтиргандек ҳадиксираб ўтириши мени ажаблантирарди.

Ўзидан ёшроқ аёллар келса-да, дарров ўрнидан туриб жойини беришга тутинарди. «Мен сизлар билан бирга ўтиришга номуносибман, айбимни юзимга солмасаларинг бўлди» деган маънони уққандек бўлардим унинг безовта нигоҳидан. Маҳалла аёллари ҳам унга иззат-икром кўрсатганини эслолмайман. Кейин билсам, узоқ йиллар олдин ўша аёл шаҳарга ўқишга кетганида алданиб қолган, ҳомиладор ҳолида ота уйига қайтган экан. Оиласи, қариндош-уруғлари иснодга қўйгани учун уни қаттиқ жазолашган, юз ўгириб кетишган. Бироқ аёл боласидан воз кечмаган, бутун умрини фарзандига бахшида қилган, тенги чиқса-да оила қурмаган.

Иффатсизлик инсонни нақадар хор қилишига, номусини йўқотган инсон нафақат атрофидагилар, аввало ўзининг олдида ўз қадрини йўқотишига шу аёл тимсолида амин бўлганман. Бугун тез-тез учраётган ҳолат – туққан боласини бир уюм ахлат каби улоқтириб кетаётганлар ҳақида эшитганда беихтиёр шу аёл ёдимга тушади. Гоҳ ҳожатхонага, гоҳ чиқиндилар орасига зурриёдини ташлаб кетаётганлар қандай қилиб ўзини кечира олиб яшашда давом этишига сира тушунмайман.

Сир эмас, чақалоқлар баъзан ўлик ҳолда топилаяпти. Нукусда 20 даража совуқда юпқа матога ўраб, ҳатто киндиги боғланмасдан ташлаб кетилган чақалоқнинг ҳаётини сақлаш шифокорларга осон бўлмади. Бу жараённи бутун мамлакат кузатди. Жумладан, «тезроқ ўлсин» дея болани бўронга ташлаб кетганлар ҳам… Ими-жимида туққанларнинг нима учун бундай қилаётгани ҳам аниқ: маломатдан, шармандаликдан қутулиб қолиш учун. Аммо виждон азобидан қутулиш-чи? Ўз болангни ўлим ёқасига ташлаш юки билан яшаш шарманда бўлишдан кўра осонми?!

Зино – энг оғир гуноҳ. Гуноҳга қўл уриб, аёллик иффатини оёқости қилишгани етмагандек, шу гуноҳнинг бадалини янада мудҳиш жиноят билан ёпишга уриниш тубанликдан бошқа нарса эмас. Шарқда аёлнинг шаъни бутун бошли оиланинг юзи саналади. Юзга доғ тушмаслиги учун унга парвариш, тарбия керак. Айрим оилаларда тарбия ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Яна бир жиҳат эса – аслида инсониятнинг маънавияти, маърифати, таълим ва тарбияси учун хизмат қилиш имкониятларига эга бўлган телевидение, телефон ва интернетдан асосан маънавиятсизлик, ахлоқсизлик, маданиятсизлик ҳамда инсонийликка тўғри келмайдиган нарсаларни тарқатишда унумли фойдаланилмоқда. Чеклов, назорат билан ахборот хуружларининг олдини олиб бўлмаганидек, ушбу воситалардан фойдаланиш маданияти ҳам етарли даражада деёлмаймиз. Ҳаё кетган жойга ҳалокат етишини бола оиласиданоқ англаб етиши зарур.

Юқорида ёдга олганим – беникоҳ бола орттирган аёлнинг ҳикоясини эшитгач, унга ачинмадим ҳам, нафратланмадим ҳам. Эҳтимол, одамларнинг маломатидан кўра тирик болани афзал билиш, умр бўйи бир марта босган қалтис қадамининг бадалини тўлаш беникоҳ бола орттириб, кимса билмас жойларга ташлаб кетишдан афзалроқдир. Аммо менинг учун момоларимизнинг доно ўгитлари – иффатсизлик юки нақадар оғир экани, бу юк аёлнинг гарданида умрбод қолувчи букур экани шу аёл мисолида яққол исботини топган эди. Умр бўйи чеккан пушаймонлик азоби ҳам унинг гарданидан юкни олиб ташлолмади. Айтмоқчи бўлганим эса миллат келажагини бағрида улғайтирувчи қизларимизга ор-номус кучини теранроқ англатайликки, эрта бир кун иффатсизлик юки остида қолиб елкалари букилмасин.