Касбига номуносиблар

09:52 - 11.03.2022

14

Аёлнинг орзулари кўп эди. Ўша куни ҳам икки боласини бағрига босиб, туғилажак учинчи фарзанди ҳақида ўйлади. Шукурки, икки фарзандини дунёга келтиришда кўп қийналгани йўқ. Учинчисига ҳомиладор бўлганидан сўнг ҳам вақти-вақти билан шифокор кўригидан ўтиб турди. Улар ҳаммаси жойида эканини айтишган. Ўзи ҳам шу вақтга қадар бирор марта соғлиғида муаммо сезмади. Худо хоҳласа, бу гал ҳам эсон-омон чақалоғини қўлга олади.

Шуларни хаёлидан ўтказган аёл анча енгил тортиб, ўрнидан турди. Эрталабдан буён бўлиб турган безовталикни ҳам унутиб, Қарши шаҳридаги қурилишда ишлаб юрган турмуш ўртоғига телефон қилди. Аслида ўзида туғруқолди аломатларини сеза бошлаган аёл турмуш ўртоғидан тезроқ уйга келишини сўрамоқчи эди. Бироқ унинг иш кўплиги, жавоб олиш қийинлиги ҳақидаги гапларини эшитиб, индамай қўя қолди. Кейин яна уй ишлари билан банд бўлди.

Шу куни кечга яқин танасида қаттиқ оғриқ сезди. Бу қандай аломат эканини билган аёл қайнонасини чақириб, дардини айтди. Қайнона ҳам гап нимадалигини дарров англаб, кичик ўғлини машина топиб келиш учун юборди, ўзи эса келиннинг нарсаларини тайёрлашга киришди. Кўп ўтмай уни Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Кўкдала шифохонасининг туғруқ бўлимига етказиб келишди.

Бўлимда акушер-гинеколог Салим Жумаев навбатчи экан. У 2012 ва 2018 йилларда мансабга совуққонлик билан қараш, вазифасини лозим даражада бажармаслик ҳамда жароҳат етказиш каби айбловлар билан судланган, бирида амнистия жонига ора кирган бўлса, иккинчи сафар тайинланган ахлоқ тузатиш жазосини ўтаб, яна масъулиятли ишига қайтганди.

Салим Жумаев беморнинг яқинларига ҳаммаси жойида эканини айтиб, бироз кутиб туришларини тайинлади. Кўп ўтмай аёлнинг кўзи ёриди. Туғруқхона залини эндигина дунёга келган чақалоқнинг инга-ингаси тутган, аёлнинг яқинлари эса аллақачон бир-бирини табриклашни бошлаб юборган эди. Шифокор чиқиб, уларга ҳаммаси жойида экани, бемалол уйларига бораверишлари мумкинлигини айтди. Бу вақтда эса аёлда қон кетиш бошланган ва у ўлим билан олишаётган эди.

Беморнинг аҳволи оғирлашиб бораётгани, қон тўхтамаётганини кўрган ҳамшира дарҳол Салим Жумаевни бундан огоҳ этди. У келиб беморнинг қон босимини ўлчаб кўрди, бир-иккита дори ёзиб бериб, ҳамширага шуларни қуйиш кераклигини уқтирди. Ваҳоланки, бундай вазиятда зудлик билан беморни тўлиқ текширувдан ўтказиб, аниқ ташхис қўйиш ва дарҳол жарроҳлик амалиётини ўтказиш талаб этиларди.

Ҳамширалар аёлнинг томирларига дори кетидан дори юбора бошлашди. Аммо унинг аҳволи оғирлашиб бораверди. Ниҳоят вазият жиддий эканлигини англаган Салим Жумаев шифохонанинг шошилинч тиббий ёрдам бўлими бошлиғи, врач-реаниматолог Бекзод Ҳайитовга телефон қилиб, уни чақирди.

Энди икки врач беморнинг қон босимини қайта-қайта ўлчаб кўрар, бир дорини узиб, яна қандай дори қуйиш ҳақида баҳс-мунозара қилишарди. Аёл эса икки соатдан ошиқ вақт давомида ҳаёт учун курашди ва охири нажот тилаб боққан кўзлари бир умрга юмилди. Афсуски, эгнига оқ либос кийиб, атрофида бемақсад югургилаб юрган шифокорлардан нажот бўлмади.

Эртаси куни тонгда хонадондан аза йиғиси эшитилди. Кўп ўтмай масъул органлар томонидан аёлнинг ўлими бўйича ўрганиш ҳам бошланди.

Буни қарангки, Салим Жумаев ва Бекзод Ҳайитов зарур вақтда қанчалик нўноқлик қилган бўлишса, қинғир ишларда шунчалик уддабурон экан. Текширувда улар ўз айбини яшириш мақсадида марҳум Г.Қўлманованинг шифохонада рўйхатга олиниши, касаллик тарихи билан боғлиқ ёзувларга қатор ўзгартишлар киритиб, расмий ҳужжатларни сохталаштиргани аниқланди.

Г.Қўлманованинг ўлими юзасидан ўтказилган суд-тиббий экспертизаси ҳамда комиссиявий суд-тиббий экспертизаси хулосаларидан маълум бўлдики, марҳумда бунга қадар бирор-бир касаллик аломати бўлмаган. Унинг ўлимига туғруқдан кейин қисқа вақт ичида ривожланган ўткир ва массив атоник қон кетиши оқибатида ривожланган постгеморрагик шок оғир даражаси сабаб бўлган. Тиббиётда бундай вазиятда беморда зудлик билан жарроҳлик амалиётини ўтказиш ва қон кетишини тўхтатиш талаб этилади. Салим Жумаев ва Бекзод Ҳайитов эса бундай қилмаган, яъни ўз вазифасини бажармаган. Энди эса қилмишларига яраша жазо олиши муқаррар.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида Салим Жумаев ва Бекзод Ҳайитовга нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилиб, ҳар иккаласи ҳам Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Суд ҳукми билан ҳар иккаласи 1,5 йилдан тиббиёт соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳолда Салим Жумаевга 4 йил, Бекзод Ҳайитовга эса 3,5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Шу куни суднинг қора курсисида жиноят ишининг яна бир иштирокчиси ҳам бор эди. Кимлигига қизиқаяпсизми?.. У марҳум  Г.Қўлманованинг турмуш ўртоғи Пўлат Тўхтаев бўлади.

Ёдингизда бўлса, марҳум ўлимидан бир кун аввал турмуш ўртоғи билан телефонда гаплашган, у эса иши кўплигини айтиб, уйга қайтолмаслигини билдирган эди. Аммо эртаси куни тонгдаёқ укаси телефон қилиб, тезда қайтишини сўради. Шоша-пиша етиб келса…

Хотинининг вафотидан икки-уч кун ўтиб Пўлат шифохонага борди. Салим Жумаев шу ерда экан. У аёлининг ўлимига айнан шу шифокор сабаб бўлгани, буни масъул органлар ўрганаётганидан ҳам хабардор эди. Аммо барибир ғазабини жиловлай олмади. Салим Жумаевни уриб, унга жароҳат етказди. Энди эса бу қилмиши учун жавоб беришга мажбур.

Пўлат Тўхтаев айбдор деб топилиб, унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.