Ҳокимнинг қонунга зид қарорлари

09:35 - 11.03.2022

6

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Қўқон шаҳри ҳам ободонлаштирилмоқда. Бўш ерлар, эски уйлар ўрнида кўркам бинолар қад ростламоқда.

Шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер  муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг ижроси ҳамда шаҳарсозлик нормаларига риоя этилиши ўрганилди. Асосий  эътибор бўш ер бўлагини аниқлаб, белгиланган тартибда «Yerelektron» автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилиши ва ер бўлагини ажратишга оид ҳоким қарорининг қабул қилинишида қонунга риоя этилишига қаратилди.

2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида шаҳардаги умумий майдони 0,814 гектар бўлган 32 та ер бўлаги «Yerelektron» тизимига киритилган. Уларнинг 3 таси аукционга чиқарилиб, 2 таси сотилган. Тизимга 2020 йили киритилган 23 та, 2021 йилда киритилган 1 та ер бўлаги сотилмасдан, электрон онлайн аукционда тургани маълум бўлди.

Шунингдек, шаҳар ҳокими 2021 йилнинг 1 январидан 1 июлига қадар ер ажратишга оид 118 та қарор чиқарган. Бироқ уларни чиқаришда қонунлар, шаҳарсозлик нормаларининг талабларига тўлиқ риоя этилмаган. Қарорларнинг 22 тасига «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонун асос қилиб олинган, аммо ушбу қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш  тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган низом асосида қабул қилинганига оид ҳужжатлар мавжуд эмас.

Хусусан, Қўқон шаҳар ҳокимининг қарорига асосан А.Хўқандий мавзесидан Г.Мираҳмедовага давлат-хусусий шерикчилик асосида икки қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биносини қуриш учун 200 метр квадрат ер ажратиб берилган. «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасида хусусий шерик – Ўзбекистоннинг ёки чет давлатнинг қонунчилигига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган, давлат шериги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузган ЯТТ, юридик шахс ёки юридик шахсларнинг бирлашмаси эканлиги кўрсатиб ўтилган. Шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат-хусусий шериклик субъекти бўлмаган фуқаро Г.Мираҳмедовага ер ажратилиб юқоридаги қонун талаби бузилган. Бундан ташқари шаҳар ва аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида тураржой мавзеларининг кўпхонадонли бинолари  оралиғида, махсус бино ва иншоотлардан (спорт майдонлари, болалар ўйингоҳлари, кийим-кечак қуритиш майдончаси, автомобиллар вақтинча турадиган жойлар) ташқари ҳар қандай объектни жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган. Ҳоким бу талабга ҳам амал қилмаган. Фуқаро Г.Мираҳмедовага ушбу нормага зид равишда тураржой мавзесидаги кўп қаватли уйлар орасидан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун ер ажратиб берилган.

Шаҳар ҳокимининг яна учта қарори қабул қилинишида ҳам юқоридаги каби камчиликка йўл қўйилган. Қонунга зид қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида Фарғона туманлараро маъмурий судига ариза киритилди. Суд юқоридаги қарорларни ҳақиқий эмас деб топиб, қонунийликни таъминлади.