Ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди…

16:32 - 10.03.2022

11

Яккабоғлик Фазлиддин Муҳаммадиев кечқурун ишдан уйига келса, синглиси Дилафрўз ҳам икки боласи билан унинг уйида ўтирган экан. Синглисининг йиғидан кўзи қизариб кетганини кўрган ака гап нимадалигини дарров фаҳмлади. Дилафрўз 2009 йилда қишлоқдоши Зафарга турмушга чиққанди. Аввалига тинч-тотув яшаётган куёв сўнг кўп ичадиган одат чиқарди. Боз устига ичса уйда жанжал кўтариб, хотини, фарзандларини урадиган бўлди. Шунинг ортидан синглисига тинчлик йўқ.

– Бугун ҳам ичиб келдими? – ўксиниб йиғлаётган синглисини саволга тутди у.

– Ҳа, яна маст бўлиб келган. Мени ҳам, болаларни ҳам ҳақоратлаб, урди. Қочиб қутулдик.

– Уёқ-буёққа арз қилиб, салгина кўзини қўрқитиб қўйсанг бўлмайдими?

– Боя маҳаллага боргандим. Хотин-қизлар бўйича маслаҳатчи бор экан, «эртага ўзим бориб, эринг билан гаплашаман» деди. Профилактика инспекторининг телефонини сўрагандим, бермади. «Ўзим ҳал қиламан» деди.

Юзи кўкариб, йиғлаб ўтирган синглиси ва унинг пинжига тиқилган икки жиянига қараб, юраги эзилди. Шу билан бирга, куёви Зафарга нисбатан ичида қандайдир нафрат, ғазаб аланга ола бошлади. Муштини қаттиқ тугганча ташқарига чиқди. Хаёлида куёвининг ақлини киритиб қўйиш фикри айлана бошлади. Супа устидаги таёқни қўлига олиб, унинг уйига йўл олди. Зафар чиндан ҳам ичган, мастлиги сезилиб турарди. Шунга қарамай Фазлиддин билан анча тетик гаплашди. Айб Дилафрўздан ҳам ўтганини таъкидлаб, уни ҳақоратлашга тушиб кетди. Жаҳлини жиловлай олмаётган Фазлиддинга эса шунинг ўзи етарли эди. «Ҳали сен синглимни урадиган бўлдингми?» деганча Зафарга ташланди. Биринчи зарбадаёқ ерга қулаган куёвини бор аламини тўкиб-сочиб тепкилай бошлади. Бу орада ортидан етиб келган укаси Муҳриддин уларни ажратиб, Фазлиддинни уйига олиб кетди.

Шу куни спиртли ичимлик таъсирида уйга кириб ухлаган Зафар тонгда бутун танаси қақшаб оғриётганини ҳис этди. Унинг аҳволидан хабар топган яқинлари етиб келиб, шифохонага олиб боришди. Фазлиддин Муҳаммадиевни эса ИИБ ходимлари излаб келишди.

Халқимизда «Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши» деган нақл бор. Фазлиддин ҳам ғазабини жиловлаб, босиқлик билан йўл тутганида, ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди. Энди эса синглиси ва куёви, қолаверса, икки оила ўртасидаги муносабатларга дарз етказгани етмагандек, суд ҳукми билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2,5 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳам маҳкум этилди.